Ҳудудларда — янги лойиҳалар, корхоналар, иш ўринлари каби улкан марралар. Хорижда — стратегик ҳамкорлик ва инвестициялар бўйича музокаралар. Тинчлик ва барқарорлик ҳукмрон жамиятда эса ушбу ҳар бир янгилик ҳамда ўзгаришларнинг одамлар ҳаётида акс эттириш мақсади билан яшаётган фидойи инсонлар фаолияти...
Ташқи сиёсатда фаол дипломатик кун тартиби
Ўзбекистон дунёга, дунё Ўзбекистонга очилишда давом этмоқда. Бу гап замирида нафақат мамлакатимизнинг ташқи дунё билан алоқалари кенгайиши, балки халқлар ўртасидаги ўзаро англашув, ишонч ва ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилиши, юртимизда тинчлик мустаҳкамланиб, турмуш фаровонлиги ошиб бораётгани каби рад этиб бўлмас ҳақиқатлар мужассам. Бугун Ўзбекистон ва унинг мардонавор халқи тарихий қадриятларини асраб-авайлаган ҳолда замонавий тараққиёт сари дадил қадам ташламоқда ва дунёга янги қиёфасини намоён этмоқда. Давлатимиз раҳбарининг йил ўн икки ой тиғиз кун тартиби билан ўтаётган фаолияти сентябрь ойида ҳам кенг кўлами ва қамрови билан юқоридаги фикримизни баралла айта олишга изн беради.
Ойнинг илк кунида Президентимиз Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг юбилей йиғилишида иштирок этди. Бишкек шаҳри мезбонлигида ўтган тадбир кун тартибига мувофиқ, ташкилотнинг 25 йиллик фаолияти давомида эришилган ютуқлар, барқарорликни мустаҳкамлаш, ҳамкорликни кенгайтириш ва биргаликдаги тараққиётни давом эттириш борасидаги истиқболли вазифалар муҳокама қилинди. Энг долзарб халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан очиқ фикр алмашилди.
Президентимиз ташкилот чорак аср давомида ўзининг зарурлиги ва самарадорлигини намоён этгани, “Шанхай руҳи” тамойилларига амал қилган ҳолда тенг ҳуқуқли мулоқотни таъминлагани, минтақавий барқарорлик ва мамлакатларимизнинг барқарор ривожланишига кўмаклашганини қайд этди. Ўз нутқида ташкилот олдида турган энг долзарб вазифаларга тўхталди.
Иқтибос: “Ишончим комилки, ШҲТ мамлакатларининг улкан инсоний, табиий, ишлаб чиқариш ва интеллектуал ресурслари, энг аввало, халқларимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши лозим. Шу боис, “ШҲТ — 2040: умумий тараққиёт макони” концептуал қарашини ишлаб чиқишга киришишни таклиф этаман.
Унинг асосий мақсади инвестициялар, технологиялар ва билимлар эркин алмашиниладиган, йирик инфратузилма ва саноат лойиҳалари амалга ошириладиган, минтақалар, бизнес ва одамлар ўртасидаги тўғридан тўғри алоқалар кенгайиб борадиган ўзаро боғлиқ ва барқарор маконни шакллантиришдан иборат бўлиши лозим”.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари “ШҲТ плюс” форматидаги учрашувда нутқ сўзлади. Дунёда рўй бераётган ўзгаришлар шароитида БМТ ва минтақавий тузилмалар ролига тўхталиб, қатор таклифларни илгари сурди, Ўзбекистон Евроосиё маконида очиқ ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори эканини урғулади.
Иқтибос: “Биз учун ўзаро боғлиқлик стратегик мустақиллик ва барқарорлик масаласидир. Биз шундай кўп қутблилик тарафдоримизки, у янги ажратувчи чизиқларни яратмайди, балки имкониятлар маконини кенгайтиради, минтақавий лойиҳа ва ташаббуслар ўзаро рақобатлашмайди, балки бир-бирини самарали тўлдиради”.
Президентимиз саммит доирасида Хитой Халқ Республикаси Раиси, Россия Президенти ва Покистон Бош вазири билан музокаралар, шунингдек, БМТ Бош котиби ва АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили билан учрашувлар ўтказди.
Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги фаоллик 7-8 сентябрь кунлари Европа минтақасига кўчди. Мамлакатимиз етакчиси Сербия Республикаси Президенти таклифига биноан расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.
Ташриф дастурига мувофиқ, Белград шаҳрида олий даражадаги музокаралар ҳамда икки мамлакат расмийлари ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказилди.
Мулоқотлар кун тартибида Ўзбекистон — Сербия кўп қиррали шериклигини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда транспорт, машинасозлик, енгил ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, ахборот технологиялари каби устувор йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Тартибли меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Белград музокаралари якунлари бўйича икки мамлакат раҳбарлари Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзолади, улар ҳузурида икки томонлама ҳужжатлар алмашилди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Президентини Сербиянинг олий давлат мукофоти — Катта занжирли Сербия Республикаси ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун Президентимизга ушбу орденни Сербия раҳбари Александр Вучич топширди.
Давлатимиз раҳбари юксак мукофот учун чуқур миннатдорлик билдириб, уни Сербия халқининг Ўзбекистонга бўлган юксак ҳурмати, мустаҳкамланиб бораётган дўстлик ва икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришга қатъий интилиш рамзи деб билишини таъкидлади.
Ташқи сиёсат харитасининг навбатдаги манзили Осиё минтақаси — Корея Республикаси бўлди. Ўзбекистон Президенти ушбу мамлакат раҳбарининг таклифига биноан 13 сентябрь куни давлат ташрифи билан Сеул шаҳрига келди. 3 кун давомида давлатимиз раҳбари Корея Республикаси Президенти Ли Чжэ Мён билан тор доирада ва кенгайтирилган таркибда музокаралар, Миллий Ассамблея Спикери Чо Чжон Шик, Бош вазир Хан Сон Сук, йирик компаниялар ва молия институтлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.
Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш, ҳамкорликнинг устувор йўналишларида кооперацияни чуқурлаштириш ҳамда маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Президентимиз биринчи “Марказий Осиё — Корея Республикаси” саммитида ҳам иштирок этди. Унда савдо, инвестициялар, инфратузилма, рақамли трансформация, илм-фан, технологиялар ва бошқа кўплаб соҳалардаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Шавкат Мирзиёев ҳамкорликнинг бешта стратегик йўналиши бўйича ўз таклифларини илгари сурди.
Иқтибос: “Биз истиқболни Корея бизнесининг кадрларга бўлган эҳтиёжларини минтақамизнинг таълим соҳасидаги салоҳияти билан бевосита боғлашда кўрмоқдамиз. Бундай ёндашув кўплаб истеъдодли ёшларга касбий ривожланиш учун йўл очади ва қўшма лойиҳаларимиз бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлашни кафолатлайди”.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон — Жанубий Корея бизнес форумида нутқ сўзлади. Жанубий Корея Ўзбекистоннинг вақт синовидан ўтган дўсти ва алоҳида стратегик шериги эканини, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик эса икки томонлама кўп қиррали алоқаларнинг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.
Ташриф чоғида ушбу мамлакатда меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган ватандошларимиз билан учрашув ўтказилди. Давлатимиз раҳбари юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига қўшаётган салмоқли ҳиссаси учун ватандошларимизга миннатдорлик изҳор этиб, уларнинг ҳар бир ташаббуси батафсил ўрганилишини, энг муҳим лойиҳалар ҳар томонлама амалий қўллаб-қувватланишини билдирди.
Дарвоқе, Президентимизнинг давлат ташрифи муносабати билан мамлакатнинг нуфузли нашрлари — “Chosun Ilbo”нинг инглиз тилидаги платформаси “The Chosun Daily” ҳамда “The Korea Herald” газетасида давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон ва Корея Республикаси: ўзгаришлар даврида келажак сари интилаётган ҳамкорлик” мақоласи чоп этилди.
Мақолада Ўзбекистон — Жанубий Корея дўстлигининг тарихий асослари ва юксак ишончга таянган алоҳида стратегик шериклик истиқболлари ёритилган. Мамлакатларимиз нафақат вақт синовидан ўтган ҳамкорлар, балки муштарак қадриятлар ва инсоний ришталар боғлаб турган яқин дўстлар экани таъкидланган.
“Марказий Осиё ва Корея Республикаси тинчлик, инновациялар, ўзаро ишонч ва умумий фаровонликка асосланган ҳамкорликнинг янги маконини шакллантира олишига чин дилдан ишонаман”, дейилади мақолада.
Ички иқтисодий сафарбарлик
Сентябрь ойида Президентимиз Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишди, Олмазор туманида бўлиб, фаоллар билан учрашди, Қорақалпоғистон Республикаси ва Андижон вилоятига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбари томонидан ўтган йил август ойида пойтахтимиз марказида барпо этилажак Ўзбекистон Миллий музейи қурилишига тамал тоши қўйилган эди.
11 сентябрь куни Президентимиз музей ҳудудида бажарилаётган кенг кўламли қурилиш-монтаж ишлари, объектлар пойдевори ва муҳандислик инфратузилмасини барпо этиш жараёни билан танишди. Мажмуа юртимизнинг бой тарихи, маданияти ва келажак интилишларини намоён этадиган муҳим маданий маскан бўлиши таъкидланди.
Шу куни Олмазор тумани “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси ҳокимлигида ташкил этилган вазиятлар маркази фаолияти, Қичқириқ маҳалласидаги ободонлаштириш ишлари ва аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишди, ишлаб чиқариш субъектлари ҳамда таълим муассасаларидаги имкониятларни кўрди, Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестиция ва бандликни ошириш, маҳаллаларда замонавий инфратузилма яратиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди.
Йиғилишда бугунги мураккаб шароитда ҳар бир туман ва маҳалланинг мавжуд имкониятларини тўлиқ ишга солиш, қўшимча қиймат, инвестиция ва юқори даромадли иш ўринларини кўпайтиришга янгича ёндашиш зарурлиги айтилди. Пойтахт туманлари ўз салоҳиятидан келиб чиқиб, аниқ иқтисодий йўналишларга ихтисослашиши лозимлиги қайд этилди.
Президентимиз 18 сентябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига келди. Дастлаб Кегейли туманидаги “ADM Agro” корхонасининг саноатлашган интенсив боғида йўлга қўйилган замонавий аграр тажрибани кўздан кечирди. Сўнг мулоқотлар “Кегейли барака наслли парранда” корхонаси фаолияти билан танишув чоғида давом этди. Шунингдек, Нукус туманидаги Дийқан арна маҳалласида бўлиб, аҳоли учун яратилган шароитлар, Қорақалпоғистон илмий-амалий тиббиёт академияси фаолияти билан танишди.
Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистонга ташрифи доирасида янги лойиҳаларни ишга тушириш ва қурилишига старт бериш маросимида иштирок этди. 592 миллион долларлик 11 та лойиҳа ишга туширилди ҳамда хорижий ҳамкорлар иштирокида амалга ошириладиган 7 миллиард долларлик 47 та янги лойиҳа қурилишига старт берилди. Уларнинг ҳисобига 8 мингта юқори даромадли иш ўрни яратилади.
Хусусан, Қораўзак туманида умумий қуввати 300 мегаватт бўлган иккита шамол электр станцияси ва 100 мегаваттли электр энергиясини сақлаш тизими ишга туширилди. Ишга туширилган объектлар қаторида Нукус шаҳрида Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда барпо этилган Шайх Халифа номидаги шифохона ҳам бор. Қиймати 27 миллион доллар бўлган 100 ўринли муассаса замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган.
Шу ернинг ўзида Нукус шаҳрида ёш оилалар учун барпо этиладиган “Янги Ўзбекистон” турар жой массиви тақдимоти ўтказилди. Массив учун 270 гектар майдон белгиланиб, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бошланган. Бу ерда 30 минг аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уй-жойлар, йирик бизнес марказлари, савдо, хизмат кўрсатиш ва кўнгилочар объектлар қурилади.
Президентимиз раислигида 19 сентябрь куни Нукус шаҳрида Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда мавжуд ер, минерал ва энергетика ресурсларини юқори қўшилган қийматли маҳсулотларга айлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Аҳоли учун қулай шаҳар ва маҳалла муҳитини яратиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари ҳар бир шаҳар ва овулда қулай турмуш шароитини яратишда кўча ва маҳалла бийлари, нуронийларнинг тажрибаси, ёшларнинг ғайрати ва аҳоли ташаббускорлигини бирлаштириш муҳимлигини таъкидлади.
Мамлакатимиз етакчисининг навбатдаги ташриф манзили Андижон вилояти бўлди. 23-24 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев янги аэропорт қурилиши, Андижон туманидаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Eco Cotton” корхонаси фаолияти, туманда кичик гидроэлектр станциялари учун зарур ускуналар ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди. Янги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ва уларнинг қурилишига старт бериш маросимида эса умумий қиймати 9 миллиард 400 миллион доллар бўлган 206 та лойиҳа қамраб олинди. Шундан 2 миллиард 50 миллион долларлик 98 лойиҳа ишга туширилган бўлса, 7 миллиард 350 миллион долларлик 108 лойиҳанинг қурилиши бошланди.
Ушбу лойиҳалар энергетика, қурилиш, тўқимачилик, машинасозлик, таълим, туризм, логистика, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш каби муҳим соҳаларни қамраб олган. Улар вилоятнинг барча шаҳар ва туманида амалга оширилади.
Ташрифнинг иккинчи куни Президентимиз раислигида Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда ҳудудни изчил иқтисодий юксалтириш, ижтимоий бирдамлик ва ўсишга хизмат қиладиган таклиф ҳамда ташаббуслар илгари сурилди. Кейинги йилларда вилоятда барча соҳалар бўйича кўплаб ютуқларга эришилди. Масалан, шу йилнинг биринчи ярмида вилоят иқтисодиёти 8,8 фоиз ўсган. Айни кўрсаткич саноатда 9,2 фоизни, хизматлар соҳасида 16,1 фоизни ташкил этган.
Янгиланишлар рақамлар билан эмас, ҳар бир оиланинг кундалик ҳаётига қандай ўзгариш олиб киргани билан баҳоланади. Ана шу нуқтаи назардан, янги марралар белгилаб олинди. Табиийки, уларга эришишнинг аниқ режаси, иқтисодий-ижтимоий харитаси ҳам кўрсатиб берилди. Жумладан, йиғилишда инвестициялар ҳажмини ошириш борасидаги ишлар таҳлил қилинди.
Ислоҳотларда тизимлилик ва изчиллик
Президентимиз раислигида 3 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Кейинги йилларда камбағалликни қисқартириш, аҳолини даромад манбалари билан таъминлаш ва маҳалла даражасида иқтисодий имкониятларни кенгайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бу мақсадлар учун ҳудудларга катта ваколат, молиявий ресурс ва инфратузилмавий имкониятлар берилди, ҳар бир оила билан манзилли ишлаш тизими йўлга қўйилган.
Натижада йил бошида 5,8 фоизни ташкил этган камбағаллик даражаси бугунги кунга келиб 3,9 фоизга тушди. Эҳтиёжманд аҳоли сони 2 миллион 200 мингдан 1,5 миллион нафарга камайди. Ишлар тўғри ташкил этилган 49 та туман ва 3 минг 429 та маҳалла ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айланиб бормоқда.
Шу билан бирга, йиғилишда ҳудудлар кесимида натижалар бир хил эмаслиги кўрсатиб ўтилди, мутасаддилар ва ҳудудлар раҳбарларининг ахбороти тингланиб, белгиланган вазифаларни тизимли ва натижадор ташкил этиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди. Ҳудудларда ишни ташкил этиш тартиби тубдан ўзгартирилиб, асосий ваколат ва ресурсларни туман даражасига тушириш белгиланди.
9 сентябрь куни эса ҳудудларда аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш борасида қилинаётган ишлар юзасидан кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Унда 1 ҳафта аввал белгиланган янги тизимга мувофиқ, ҳар бир вилоят ва туманда ҳоким бошчилигида штаблар ташкил этилиб, бандлик идоралари ва иқтисодий комплекс ташкилотлари одамларни иш билан таъминлаш ва даромадини ошириш масалаларини жойнинг ўзида ҳал қилиши лозимлиги таъкидланди.
Йиғилишда ана шу вазифалар ижроси, штаблар фаолияти ва жойларда мавжуд имкониятлардан фойдаланиш ҳолати танқидий кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, барча ҳудудларда штаблар иш бошлади. Уларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш учун иқтисодий комплексдан ҳар бир вилоятга 2 нафардан, жами 28 масъул раҳбар бириктирилди. Ислоҳотлар штаби, вазирликлар, банклар ва маҳаллий ҳокимликлар янги тизим асосида ишни бошлаган.
Давлатимиз раҳбари раислигида ва ҳузурида ўтган бошқа қатор тақдимот ҳамда йиғилишларда ҳам эътибор жамиятда кечаётган кенг қамровли ислоҳотлар жараёнида тизимлилик ва изчилликни таъминлашга қаратилди. Хусусан, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш якунлари ҳамда миллий статистика тизимида ислоҳотларни жадаллаштириш, тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш, маданий меросни асраб-авайлаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини янги босқичга олиб чиқиш масаласида таклифлар тақдимоти билан танишилди.
Меҳр дарёси, эзгулик булоғи, маърифат қуёши!
Ҳар йили Ватанимиз мустақиллигининг қутлуғ байрамига уйғун ва ҳамоҳанг ҳолда Билимлар куни ҳам кенг нишонланади. Давлатимиз раҳбари шу муносабат билан мамлакатимиз мактаблари ўқувчилари ва устоз-мураббийларига табрик йўллади. Ушбу қувончли айёмда беғубор нигоҳларида ҳайрат ва ҳаяжон учқунлари порлаб, катта орзу-интилишлар билан мактаб остонасига қадам қўяётган 800 мингга яқин ўғил-қизимизга, ота-оналар ва педагоглар жамоатчилигига эзгу тилакларини билдирди.
Иқтибос: “Кейинги йилларда таълим-тарбия соҳасида амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотларимиз туфайли янги Ўзбекистон мактаблари бутунлай янгича қиёфа касб этиб, таълим сифати такомиллашиб бораётганини барчамиз кўриб турибмиз.
Ана шундай муҳитда улғайиб, камолга етаётган, ўқиш, касбий таълим, “Ай-ти”, ижодий изланишлар, спорт, жамоат ишларида дастлабки ютуқлари билан ота-оналар ва устозларни хурсанд қилаётган ўғил-қизларимиз — бизнинг нурли келажагимиз, олтин фондимиздир”.
Юртимизда 1 октябрь куни нишонланадиган Ўқитувчи ва мураббийлар куни шукуҳи эса сентябрнинг сўнгги декадасидан сезила бошлайди. Жойларда байрам тадбирлари ўтказилиб, устозларга эҳтиром кўрсатиш ва фидойи меҳнатини эътироф этиш мутасаддилар диққат марказида бўлади.
Президентимизнинг 29 сентябрь куни эълон қилинган фармонига мувофиқ, янги Ўзбекистонда таълим-тарбия тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, соҳада ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, ўқув жараёнига илғор тажрибалар, инновацион педагогик ва рақамли технологияларни кенг жорий этиш ишларига қўшаётган муносиб ҳиссаси, фарзандларимизни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги ибратли фаолияти, шунингдек, юртимизда таълимга оид инвестиция лойиҳаларини амалга ошириб келаётгани учун бир гуруҳ ўқитувчи ва мураббийларимиз мукофотланди.
Давлатимиз раҳбари байрам арафасида устоз ва мураббийлар билан учрашиб, таълим соҳасидаги янги ташаббусларни белгилаб берди, таълимни ривожлантириш янги Ўзбекистонни барпо этишнинг энг муҳим бўғини эканини таъкидлади. Келгуси вазифалар таҳлилига тўхталар экан, мактаб битирувчиси катта ҳаётга касб ва хорижий тилни эгаллаб чиқиши зарурлигини қайд этди. Мактаб директорларига бу борада қўшимча ваколатлар берилади, ҳамкорликка тайёр тадбиркорлар учун шароит яратилади.
Ўқувчи ўринларига талаб ортиб бораётгани муносабати билан хусусий мактабларни қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам эълон қилинди. Ўқув юкламаси юқори 52 та туманда уларни ташкил этиш учун имтиёзли кредит ва субсидия ажратилади. Бўш турган давлат бинолари хусусий мактабларга ўн йилга бепул ижарага берилади, халқаро аккредитация харажатининг ярми қопланади. Фарзанди хусусий мактабда ўқийдиган ота-оналар учун солиқ олинмайдиган даромад чегараси икки баробар оширилади.
Олий таълим ҳақида сўз борар экан, мамлакатимизда талабалар сони 1 миллион 600 мингга етгани, еттита олийгоҳ 17 та фан бўйича халқаро рейтингга киргани қайд этилди. Шу билан бирга, Президентимиз университетлардаги дарсликлар мазмуни ва мутахассислар тайёрлаш сифати бугунги талабга тўлиқ жавоб бермаётганини танқид қилди. Муҳандислик ва тиббиёт олийгоҳлари замонавий йўналишлар бўйича янги ўқув адабиётларини яратиш, илғор хорижий китобларни таржима ва мослаштириш ишларини кучайтириши зарур.
Учрашувда таълим ва илм-фан фидойиларининг бир гуруҳига давлат мукофотлари топширилди. Тақдирланганлар орасида устозлар билан бирга таълим ривожига ҳисса қўшаётган тадбиркор ва хорижий ҳамкорлар ҳам бор.
Шу куни давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табриги эълон қилинди. Президентимиз ўз ҳаётини дунёдаги энг улуғ ва шарафли ишга — ёш авлод тарбиясига бағишлаб келаётган мўътабар зотларни, юртимиздаги барча педагог ходимларни 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин юракдан муборакбод этди.
Иқтибос: “Миллий юксалишнинг таянч асоси — мактаб, техникум ва олийгоҳлар эканини сиз, азизлар албатта яхши тушунасиз. Шу боис, бу борада биз аввало сизларга — муҳтарам устоз ва мураббийларимизга таянамиз”.
Ақллар жанги суворийлари
Кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд мезбонлик қилган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси юксак савиядаги ташкилотчилик руҳи билан бирга ўзбекистонлик шахматчиларнинг оламшумул ғалабаси билан ҳам тарих зарварақларига ёзилди. Вакилларимизнинг юқори даражадаги ўйини бутун дунёни лол қолдирди. Ақл ва тафаккур борасида ёшларимиз ҳеч кимдан қолишмаслигини яна бир бор амалда исботлади.
Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев ва Муҳиддин Мадаминовдан иборат жамоамиз ҳал қилувчи сўнгги турда украиналик шахматчиларни мағлуб этди. Шу тариқа йигитларимиз олимпиада чемпиони деган юксак шарафга сазовор бўлди. Зафарли натижа муносабати билан Президентимиз шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларига табрик йўллади.
Иқтибос: Сизлар — Янги Ўзбекистон қаҳрамонлари, жаҳон шахмат оламида янги тарих яратган олтин авлодсиз. Бутун халқимиз сизлар билан чексиз фахрланади, ғурурланади”.
Президентимиз 28 сентябрь куни “46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ва 3-Парашахмат олимпиадаси ғолиблари ва иштирокчиларини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Мамлакатимиз раҳбари шахмат ва парашахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоалари аъзолари, уларнинг яқинлари, устоз ва мураббийлари билан учрашди. Ғолибларни табриклаб, уларга мукофотларни топширди.
Президентимиз навбатдаги истиқбол мақсадни белгилаб берди: янги Ўзбекистонни нафақат олимпиада чемпиони, балки дунё шахмат марказига айлантириш. Бунинг учун мамлакатимизда тажриба, натижа ва ёшларга намуна бўладиган чемпионлар борлиги таъкидланди. Улардан илҳомланган минглаб болаларнинг шахматга кириб келиши янги истеъдодларни кашф этиш учун мустаҳкам замин яратади.
Шу мақсадда ҳар бир вилоят, туман ва маҳаллада иқтидорли болаларни эрта аниқлаш, уларни кучли устозларга бириктириш ва халқаро турнирларда мунтазам қатнашишига шароит яратиш вазифаси қўйилди. Қизлар шахмати ва парашахматни ривожлантириш бўйича алоҳида тизим ташкил этилади. Тошкент халқаро шахмат академиясининг Самарқанд, Хоразм ва Фарғонада минтақавий филиаллари очилади.
* * *
Шунингдек, ой мобайнида Президентимиз қатор нуфузли хорижий делегация раҳбарларини қабул қилди, турли давлат ва ҳукумат раҳбарлари билан телефон орқали мулоқот ўтказди. Парламентлараро Иттифоқнинг XII Ёш парламент аъзолари бутунжаҳон конференцияси иштирокчиларига, Ўзбекистон туризм соҳаси ходимларига, Ўзбекистон ва Беларусь тадбиркор аёлларининг тўртинчи бизнес форуми иштирокчиларига табрик йўллади.
Рақамларнинг ҳақиқий қиймати
Сентябрнинг сиёсий манзарасига назар ташласак, мамлакат бошқарувида иқтисодиёт масаласи марказий позициясини тобора мустаҳкамлаб бораётгани кўринади. Инвестиция, саноат, экспорт, янги иш ўринлари, энергетика ва транспорт — булар шунчаки иқтисодий атамалар эмас. Улар бугун сиёсий кун тартибининг асосий мулоқот тилига айланган.
Давлатимиз раҳбари ташриф буюрган ҳудудларда миллиардлаб долларлик лойиҳалар ҳақида сўз боради. Янги заводлар, энергетика объектлари, логистика марказлари, технологиялар ҳақида режалар эълон қилинади. Лекин ҳар бир миллиард доллар ортида оддий инсонлар тақдири бор: иш излаётган ёш, даромадини ошириш ва фаровонлигини таъминлашга ҳаракат қилаётган оила, фарзандига муносиб келажак ҳозирлаш қайғусида тунни кунга улаётган ота-она... Шундан келиб чиқиб, бугунги иқтисодий рақамларнинг ҳақиқий қиймати уларнинг қоғоздаги ҳажми билан эмас, одам ҳаётига қанчалик тез ва сезиларли кириб бориши билан ўлчанаётгани маълум бўлади.
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири