Тадбир доирасида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами орасидан бир неча босқичда жажжи беморлар саралаб олинди. Дастлаб Болалар миллий тиббиёт маркази мутахассислари томонидан 2000 нафардан ортиқ ўғил-қизлар кўрикдан ўтказилди ва улардан 270 нафардан ортиғи танлаб олинди.

Ушбу болаларнинг ҳар бирида 40 йиллик тажрибага эга, жаҳоннинг машҳур пластик жарроҳи Ҳасан Баев томонидан тиббий текширувлар ўтказилди.

Натижада улар орасидан жарроҳлик амалиётларини ўтказишга муҳтож кичик ёшли беморлар саралаб олиниб, Болалар миллий тиббиёт марказининг Оролбўйи минтақаси болалар касалликлари бўйича тиббиёт клиникасига ётқизилди.

Хайрия акцияси доирасида жами 70 дан ортиқ беморларда жарроҳлик амалиётлари бажарилади.

Муҳими, акция доирасида туғма танглай ва лаб кемтиги бўлган болаларда операциялардан ташқари бир қанча ноёб амалиётлар ҳам ўтказилмоқда. Жумладан, қулоқ супраси бўлмаган бемор болаларда бу аъзо тиклаб берилди.


Минажатдин ҚУТЛЫМУРАТОВ,

«Янги Ўзбекистон» мухбири.