Кенгашнинг асосий вазифалари ҳомиладорлик ва туғруқ даврида юзага келиши мумкин бўлган асоратларни барвақт аниқлаш, юқори хавф гуруҳига кирувчи ҳомиладорларни ўз вақтида назоратга олиш, мураккаб ҳолатларда ягона тиббий тактикани белгилаш ҳамда она ва ҳомила ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилишдан иборат.

Кенгашга Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Мухсин Ражабов раислик қилади. Унинг таркибига вилоят тиббиёт муассасаларининг тажрибали шифокорлари, Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Бухоро вилояти филиали раҳбари, Бухоро шаҳар туғруқ комплекси бош врачи ҳамда Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтининг акушер-гинеколог мутахассиси киритилган.

Зарур ҳолларда Кенгаш ишига анестезиолог-реаниматолог, неонатолог, терапевт, кардиолог ва бошқа тор соҳа мутахассислари ҳам жалб этилади.

Кенгаш мажлисларида юқори хавфли ва мураккаб ҳомиладорлик ҳамда туғруқ ҳолатлари кўриб чиқилади. Хусусан, акушерлик қон кетиши, преэклампсия ва эклампсия, акушерлик сепсиси, ҳомила дистресси каби оғир ҳолатларда тиббий ёрдам кўрсатиш тактикаси муҳокама қилинади. Зарур ҳолларда беморни юқори даражадаги ихтисослаштирилган тиббий муассасага йўллаш масаласи ҳал этилади.

Шунингдек, оғир акушерлик асоратлари, она ва перинатал ўлим ҳолатлари, шошилинч кесар кесиш операциялари, акушерлик қон кетишлари, гипертензив асоратлар ва акушерлик сепсиси каби критик ҳолатлар мунтазам таҳлил қилинади.

Кенгашнинг ташкил этилиши вилоятда акушерлик ёрдамини ташкил этишда ягона ёндашувни таъминлаш, юқори хавфли ҳомиладорларни эрта аниқлаш, асоратларнинг олдини олиш ва мураккаб ҳолатларда тезкор ҳамда асосланган тиббий қарорлар қабул қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.