Зеро, инсон судга мурожаат қилганда ортиқча тўсиқларга дуч келмаслиги, муайян камчиликлар сабаб ҳуқуқини ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлмаслиги, ўхшаш низолар бўйича барқарор суд амалиётига ишониши, давлат органи билан низода эса ўз ҳуқуқларининг ишончли ҳимоя қилинишини англаши лозим. Одил судлов инсон учун мураккаб ва ортиқча расмиятчиликлар билан боғлиқ жараён эмас, балки бузилган ҳуқуқни ўз вақтида ва самарали тиклашнинг ишончли механизми бўлиши лозим.

2026 йил 14 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ–160-сон ““Одил судлов – 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида”ги Фармонига айнан шу нуқтаи назардан ёндашилса, унда белгиланган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти янада яққол намоён бўлади. Ҳужжатнинг бош мақсади инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда замонавий ҳуқуқий ва институционал механизмларга таянган халқчил ва адолатли суд тизимини шакллантиришдан иборат.

Шу нуқтаи назардан, қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судлов – 2030” стратегиясини суд тизимидаги навбатдаги ташкилий ўзгаришлар дастури сифатидагина баҳолаш унинг мазмун ва аҳамиятини тўлиқ очиб бермайди. Стратегияда назарда тутилган чора-тадбирларга яхлит тизим сифатида қаралганда, амалга оширилаётган ислоҳотлар судлар фаолиятининг айрим йўналишларини такомиллаштириш билангина чекланмаётганини кўрсатади. Унинг моҳияти фуқаро суд тизимининг мураккаб талабларига мослашиши лозим бўлган ёндашувдан суд тизими инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш эҳтиёжларига хизмат қиладиган тизимга ўтиш билан ифодаланади.

Бундай ёндашув суднинг давлат институти сифатидаги ўрнини ҳам янгича англашни тақозо этади. Замонавий одил судловда суд фақат низони ҳал қилиб, якуний қарор чиқарадиган орган бўлиб қолмаслиги керак. У инсоннинг бузилган ҳуқуқини тиклаш, уни асоссиз аралашувлардан ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш ва жамиятда адолатга бўлган ишончни мустаҳкамлашнинг таъсирчан институти сифатида намоён бўлиши лозим. Бошқача айтганда, суд тизими фаолиятининг марказида иш эмас, аввало, шу иш ортида турган инсон, унинг ҳуқуқи ва қонуний манфаати туриши лозим.

Мазкур ғояга мос равишда, “Одил судлов – 2030” стратегиясининг олтита муҳим устун, яъни “халқчил суд”, “адолат қўрғони”, “кафолатланган адолат”, “адолат посбонлари”, “рақамли одил судлов” ва “халқаро эътироф” асосида қурилгани ҳам чуқур мазмунга эга. Уларнинг ҳар бири алоҳида вазифаларни қамраб олса-да, барчасини бирлаштириб турувчи ягона мезон бор. Бу инсон ва унинг ҳуқуқларини одил судлов тизимининг марказига қўйиш, суд ҳимоясини аҳоли учун янада очиқ, қулай, самарали ва ишончли қилиш ҳисобланади.

Шу боис Стратегияда белгиланган вазифаларни фақат суд тизимини такомиллаштириш чоралари сифатида эмас, балки инсоннинг одил судловга бўлган ҳуқуқини амалда таъминлашнинг янги моделини шакллантиришга қаратилган комплекс ислоҳотлар сифатида баҳолаш мақсадга мувофиқ. Энг муҳими, бу ўзгаришларнинг натижаси келгусида фуқаро судга қанчалик осон мурожаат қила олиши, унинг иши қанчалик тез ва холис кўриб чиқилиши, ҳуқуқи бузилганда эса унинг амалда тикланиши ҳамда қабул қилинган суд қарорининг ижроси таъминланиши билан намоён бўлади.

Одил судловга йўл: яқин, қулай ва ортиқча тўсиқларсиз

Одил судловдан фойдаланиш имконияти Конституция ва қонунларда судга мурожаат қилиш ҳуқуқининг мустаҳкамлаб қўйилгани билангина белгиланмайди. Бу ҳуқуқнинг ҳақиқий баҳоси инсон ундан амалда қанчалик эркин ва самарали фойдалана олишида намоён бўлади. Суднинг узоқда жойлашгани, мураккаб процессуал талаблар, ортиқча расмиятчилик ёки қайси судга мурожаат қилишни аниқлаш билан боғлиқ қийинчиликлар баъзан ҳуқуқни ҳимоя қилишнинг ўзига қўшимча тўсиқ яратади.

Шу нуқтаи назардан, “Одил судлов – 2030” стратегиясининг муҳим йўналишларидан бири судни инсонга нафақат ҳудудий, балки процессуал жиҳатдан ҳам яқинлаштиришга қаратилган. Бунда асосий мақсад фуқарони мавжуд суд тизимига мослаштириш эмас, аксинча, одил судлов механизмларини инсон учун қулай ва тушунарлироқ қилишдан иборат.

Фармонга мувофиқ, 2027–2030 йилларда барча ҳудудларда фуқаролик ишлари бўйича туман ва шаҳар судларини босқичма-босқич ташкил этиш белгиланган. Бунда аҳоли сони, судларга келиб тушаётган ишлар ҳажми ва динамикаси, судьяларнинг иш юкламаси, ҳудудий хусусиятлар ҳамда аҳолининг одил судловдан фойдаланиш имкониятлари ҳисобга олинади. Эътиборлиси, янги судларни ташкил этиш суд тизимининг мавжуд штат бирликлари доирасида амалга оширилиши назарда тутилган.

Бу, айниқса, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳоли учун оддий ташкилий ўзгариш эмас. Суднинг фуқарога яқинлашиши судга бориш учун сарфланадиган вақт ва харажатларни қисқартириш, энг муҳими, суд ҳимоясидан амалда фойдаланиш имкониятини кенгайтиришни англатади. Фармоннинг ўзида ҳам мазкур чоранинг мақсади айнан фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш ва чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли учун суд ҳимоясидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш сифатида белгиланган.

Бироқ судни инсонга яқинлаштириш фақат унинг биносини фуқарога яқин жойлаштириш билан чекланмайди. Судга олиб борадиган процессуал йўл ҳам содда ва ортиқча оворагарчиликлардан холи бўлиши керак. Шу маънода Стратегияда назарда тутилган энг муҳим янгиликлардан бири – “ягона дарча” тамойили асосида даъво аризасини қайтариш институтини ислоҳ қилишдир.

Амалда фуқаро ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат қилган бўлса-да, иш мазкур суднинг судловига тегишли эмаслиги сабабли аризаси қайтарилиши мумкин. Бундай ҳолатда фуқаро тегишли судни аниқлаб, ҳужжатларини қайта расмийлаштириб, яна мурожаат қилишига тўғри келади. Натижада низонинг мазмунини ҳал қилишдан олдин унинг вақти ва маблағи процессуал масалаларга сарфланади.

Фармон бу ёндашувни ўзгартиришни назарда тутмоқда. Унга кўра, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритишда “иш мазкур суднинг судловига тегишли бўлмаслиги” аризани қайтариш учун асос сифатида бекор қилиниб, аризани суднинг ўзи тегишлилиги бўйича бошқа судга ўтказиши белгиланмоқда. Ҳаракатлар дастурида бу ҳолатда дастлаб тўланган давлат божини ҳам инобатга олиш назарда тутилган. Ушбу механизм бўйича тегишли қонунчиликни такомиллаштириш бўйича лойиҳани 2027 йил апрелига қадар тайёрлаш вазифаси қўйилган.

Яна бир муҳим ўзгариш жузъий (формал) процессуал камчиликларга муносабат билан боғлиқ. Масалан, суд номи кўрсатилмагани, ариза мазмунига қўйилган айрим талабларга риоя этилмагани ёки ариза ва шикоят нусхалари илова қилинмагани каби камчиликлар фуқаронинг суд ҳимоясига бўлган йўлини тўсиб қўймаслиги керак. Стратегияга мувофиқ, бундай аризаларни қайтариш ўрнига уларни қабул қилиш ва камчиликларни суднинг фаол кўмаги билан бартараф этиш тартиби жорий қилиниши назарда тутилган.

Стратегия бу борада умумий вазифа билан чекланиб қолмаган. 2030 йилга қадар жузъий (формал) камчиликлар билан берилган даъво аризаларини қайтариш ҳолатларини 100 фоиз бартараф этиш аниқ мақсадли кўрсаткич сифатида белгиланган. Шу билан бирга, суд биноларида фуқаролар ва юридик шахслар вакилларини “ягона дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатиш офисларида қабул қилиш даражасини 100 фоизга етказиш ҳам кўзда тутилган.

Демак, “суд инсонга яқин бўлиши” деганда энди фақат ҳудудий масофа назарда тутилмайди. Янги ёндашувда яқинлик фуқаронинг судга осон мурожаат қилиши, нотўғри судни танлагани учун қайтадан сарсон бўлмаслиги, жузъий камчилик туфайли суд ҳимоясидан маҳрум бўлмаслиги ва ўз ҳуқуқини тиклаш учун ортиқча процессуал тўсиқларни енгиб ўтишга мажбур бўлмаслигини ҳам англатади.

Одил судловнинг инсонга яқинлиги, аввало, инсон билан суд ўртасидаги ортиқча масофа ва ортиқча расмиятчиликнинг қисқаришидан бошланади. “Одил судлов – 2030” стратегиясида белгиланган ушбу механизмлар амалиётда тўлақонли ишласа, судга мурожаат қилишнинг ўзи мураккаб жараён бўлиб қолмай, бузилган ҳуқуқни тиклашга олиб борувчи аниқ ва қулай ҳуқуқий йўлга айланади.

Бир хил қонун барқарор ва тушунарли суд амалиёти

Одил судловга ишонч фақат судга мурожаат қилиш имконияти ёки ишнинг ўз вақтида кўриб чиқилиши билан шаклланмайди. Фуқаро учун қонун қандай қўлланилиши тушунарли, суд амалиёти эса изчил ва барқарор бўлиши ҳам муҳим. Ўхшаш ҳуқуқий вазиятларда кескин фарқ қилувчи суд ёндашувларининг шаклланиши ҳуқуқий аниқликка путур етказади, фуқаро ва тадбиркорнинг ўз хатти-ҳаракатлари ҳуқуқий оқибатларини олдиндан баҳолашини қийинлаштиради.

Шу сабабли “Одил судлов – 2030” стратегиясида суд амалиётининг ягоналиги ва барқарорлигини таъминлаш алоҳида вазифа сифатида белгиланган. Фармонга мувофиқ, 2027 йил 1 августдан бошлаб ягона суд амалиётини шакллантирувчи Олий суд Раёсати қарорларини белгиланган тартибда очиқ эълон қилиш ва мунтазам янгилаб боришни назарда тутувчи “Прецедентлар” реестри жорий этилади. Ушбу ўринда “Прецедентлар” атамаси алоҳида изоҳ талаб қилади. Уни англо-саксон ҳуқуқ тизимидаги классик суд прецеденти институти билан айнанлаштириш тўғри бўлмайди. Фармонда гап Олий суд Раёсатининг ягона суд амалиётини шакллантирувчи қарорларини очиқ эълон қилиш ва янгилаб бориш амалиёти ҳақида кетмоқда. Бинобарин, реестрнинг асосий аҳамияти суд амалиётида шаклланган ҳуқуқий ёндашувларни очиқ ва тизимлаштирилган шаклда тақдим этиш орқали қонунларнинг бир хил қўлланилишига кўмаклашишда намоён бўлади.

Бу механизм оддий фуқаро учун ҳам амалий аҳамиятга эга. Инсон муайян ҳуқуқий масала бўйича суд амалиёти қандай шаклланаётганини кўриш имкониятига эга бўлса, ўз ҳуқуқий ҳолатини яхшироқ баҳолай олади. Адвокат учун бу ҳимоя стратегиясини асослашга, тадбиркор учун эса муайян қарорнинг эҳтимолий ҳуқуқий оқибатларини олдиндан баҳолашга хизмат қилади. Энг муҳими, судларнинг ўзи учун ўхшаш ҳуқуқий вазиятларга нисбатан изчил ёндашувларни шакллантиришга қўшимча шароит яратилади.

Бунда ягона суд амалиёти фақат суд тизимининг ички доирасида шакллантирилиши назарда тутилмаган. Фармон Олий судга бу жараёнга илмий доиралар, малакали мутахассислар ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларини кенг жалб қилиш мақсадида жамоатчилик асосидаги экспертлар кенгашларини ташкил этиш вазифасини ҳам юклаган.

Стратегиянинг бу борадаги ёндашуви янада кенг. Унда қонунчиликнинг аниқ ва бир хил қўлланилишини таъминлаш учун суд амалиётини доимий таҳлил қилишнинг институционал тизимини шакллантириш, суд қарорларини қабул қилишда қонун талаблари билан бир қаторда адолат, мутаносиблик ва оқилоналик принципларига риоя этишга қаратилган ёндашувларни ишлаб чиқиш вазифалари белгиланган. Яна бир эътиборли жиҳат суд қарорининг нафақат қонуний, балки инсон учун тушунарли бўлишига урғу берилаётганидир. Стратегия суд ҳужжатларини тайёрлашда “соддалаштирилган суд ҳужжати” моделини жорий этиб, уларни мантиқан тушунарли, қисқа ва лўнда, шу билан бирга ижро этиш учун қулай шаклга келтиришни назарда тутади.

Шу тариқа, суд амалиётининг ягоналиги масаласи фақат “ўхшаш ишга ўхшаш қарор” деган формула билан чекланмайди. У қонуннинг бир хил талқин қилиниши, ҳуқуқий позицияларнинг очиқлиги, суд қарорларининг тушунарлилиги ва суд амалиётининг мунтазам таҳлил қилиниши орқали ҳуқуқий аниқликни таъминлашни англатади.

Фуқаро судга мурожаат қилганда нафақат адолатли қарор, балки қонун қандай қўлланилишини тушуниш ва суд амалиётининг барқарорлигига ишониш имкониятига ҳам эга бўлиши керак. “Одил судлов 2030”да белгиланган механизмларнинг аҳамияти айнан шунда намоён бўлади.

Фуқаро ва давлат ўртасидаги низода самарали суд ҳимояси

Одил судловнинг яна бир муҳим мезони инсон ўз ҳуқуқини нафақат бошқа шахсларга, балки давлат органларининг ноқонуний қарорлари ва ҳаракатларига нисбатан ҳам самарали ҳимоя қила олиши билан белгиланади. Шу маънода маъмурий судлар фуқаро ва давлат ўртасидаги муносабатларда қонунийликни таъминлаш, оммавий ҳокимият ваколатларининг ҳуқуқ доирасида амалга оширилиши устидан суд назоратини таъминловчи муҳим институт ҳисобланади.

“Одил судлов 2030” стратегияси маъмурий одил судловни ривожлантиришда фақат мавжуд тартибларни такомиллаштириш билан чекланмай, фуқаро ва юридик шахсларнинг давлат билан муносабатларда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайтирувчи бир қатор янги механизмларни назарда тутмоқда. Жумладан, маъмурий суд ишларини юритишга даъво институтини жорий этиб, халқаро тажрибада қўлланиладиган низолашиш, тақиқлаш, мажбурият юклаш ва тан олиш тўғрисидаги даъво турларини белгилаш режалаштирилган.

Бу ўзгаришнинг амалий аҳамияти шундаки, фуқаронинг суддан талаб қилиши мумкин бўлган ҳуқуқий ҳимоя воситалари кенгаяди. Яъни маъмурий суд ҳимояси фақат давлат органининг муайян қарорини низолаш билан чекланмай, ҳуқуқ бузилишининг хусусиятидан келиб чиқиб, унинг олдини олиш, давлат органига муайян мажбурият юклаш ёки тегишли ҳуқуқий ҳолатни тан олиш каби усуллар билан бойитилиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, яна бир эътиборли янгилик  жамоавий даъво институти ҳисобланади. Фармонда бир гуруҳ фуқаролар ёки тадбиркорлик субъектларига битта масала юзасидан бирлашган ҳолда маъмурий судга жамоавий даъво аризаси киритиш имкониятини яратиш белгиланган. Ушбу механизм, айниқса, бир маъмурий қарор ёки ҳаракат бир вақтнинг ўзида кўплаб шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қилган ҳолатларда аҳамиятли. Ҳар бир фуқаро бир хил масала бўйича алоҳида судлашиши ўрнига, умумий ҳуқуқий муаммони бирлашган тартибда суд муҳокамасига олиб чиқиш имконияти пайдо бўлади. Бу суд ҳимоясидан фойдаланишни енгиллаштириш билан бирга, бир хил масала юзасидан турли суд қарорлари қабул қилиниши хавфини камайтиришга ҳам хизмат қилиши мумкин.

Стратегияда давлат органлари фаолиятида фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишининг олдини олиш устидан суд назоратини кучайтириш механизмини такомиллаштириш ҳам қайд этилган. Хусусан маъмурий суд томонидан ноқонунийлиги тасдиқланган маъмурий актларнинг очиқ реестрини юритиш ва уни Интернет тармоғида эълон қилиб бориш амалиётини йўлга қўйиш назарда тутилган.

Бундай реестрнинг аҳамияти алоҳида бир низо доирасидан анча кенг. Суд муайян маъмурий актнинг ноқонунийлигини аниқлаган бўлса, бу ҳақдаги ахборотнинг очиқ ва тизимлаштирилган бўлиши бошқа давлат органлари учун ҳам амалий ҳуқуқий мезон вазифасини бажариши мумкин. Бир марта аниқланган қонун бузилиш ҳолати кейинги маъмурий қарорларда такрорланмаслиги керак. Шу жиҳатдан реестр суд назоратининг нафақат тикловчи, балки профилактик таъсирини ҳам кучайтиришга хизмат қилиши мумкин.

Суд қарорининг қиймати унинг амалда ижро этилиши билан белгиланади. Шу сабабли Фармонда маъмурий органлар томонидан маъмурий суд қарорларининг ижро этилиш даражасини акс эттирувчи рейтингни жорий қилиш ҳамда қарорлар ижросини мониторинг қилиш учун маъмурий органларнинг ахборот тизимларини Олий суд ахборот тизимига интеграция қилиш назарда тутилган.

Бу ерда принципиал масала бор, яъни давлат органи устидан чиқарилган суд қарори ҳам бошқа ҳар қандай суд ҳужжати каби сўзсиз ва белгиланган муддатда ижро этилиши лозим. Акс ҳолда фуқаронинг судда ўз ҳақлигини исботлаши билан унинг бузилган ҳуқуқи амалда тикланиши ўртасида узилиш пайдо бўлади.

Шу тариқа, Стратегияда маъмурий одил судловга оид чоралар ўзаро боғлиқ ягона занжирни шакллантиради: судга мурожаат қилиш имкониятини кенгайтириш, самарали ҳимоя усулларини жорий этиш, бир хил муаммога дуч келган шахсларга жамоавий ҳимоя имкониятини бериш, ноқонуний маъмурий актларни эълон қилиш ва суд қарорларининг ижросини назорат қилиш.

Натижада маъмурий суднинг вазифаси фақат давлат органи қабул қилган қарорнинг қонуний ёки ноқонуний эканини аниқлаш билан чекланиб қолмайди. Унинг асосий натижаси фуқаронинг давлат билан муносабатларда бузилган ҳуқуқини реал тиклаш ва давлат бошқарувида худди шундай қонун бузилиш ҳолатларининг такрорланишига йўл қўймасликдан иборат бўлади.

Рақамли одил судлов: камроқ оворагарчилик, кўпроқ қулайлик

Рақамлаштиришнинг самараси суд тизимида қанча янги ахборот платформаси ёки электрон хизмат жорий этилгани билангина ўлчанмайди. Фуқаро учун асосий мезон анча оддий: судга мурожаат қилиш қанчалик осонлашди, қанча вақт ва харажат тежалди, ҳужжатларни тўплаш учун идорама-идора юриш зарурати қанчалик камайди?

“Одил судлов – 2030” стратегиясидаги “рақамли одил судлов” йўналиши айнан шу мантиққа асосланган. Фармоннинг ўзида унинг мазмуни суд иш юритувини тўлиқ рақамлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш орқали фуқаролар учун ортиқча оворагарчиликларсиз, қулай ва тезкор суд муҳокамаси имкониятини яратиш сифатида белгиланган. Демак, рақамлаштириш бу ерда мақсад эмас, балки одил судловни инсон учун қулайлаштириш воситасидир.

Бу борадаги энг катта ўзгаришлардан бири – суд иш юритувини босқичма-босқич “қоғозсиз суд” моделига ўтказиш. Стратегияда “Рақамли суд” концепцияси асосида суд ишлари ва ҳужжатлар айланмасини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, электрон юритилаётган ишлар бўйича қоғоз шаклини сақлаш талабидан воз кечиш назарда тутилган.

Фуқаро учун бу, энг аввало, суд жараёнидаги ортиқча қоғозбозликни қисқартиришни англатади. Лекин Стратегия бундан ҳам муҳимроқ ёндашувни назарда тутмоқда. Давлатда мавжуд маълумотни фуқародан қайта талаб қилмаслик. Масалан, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар, мулк ва бошқа ҳуқуқларга доир маълумотлар нусхаларини тақдим этиш амалиётини идоралараро электрон маълумот алмашинуви орқали бекор қилиш белгиланган.

Яъни рақамли суднинг мазмуни фуқаронинг қоғоз ҳужжатни электрон ҳужжатга айлантириб юбориши билангина чекланмайди. Ҳақиқий рақамлаштириш давлат органларида аллақачон мавжуд ахборотни инсондан яна бир бор талаб қилмасликдир.

Шунингдек, судга мурожаат қилиш жараёнининг ўзи ҳам соддалаштирилади. Фармонга кўра, 2027 йил якунига қадар Олий суднинг my.sud.uz интерактив хизматлар портали такомиллаштирилиб, унинг янгиланган мобил иловаси ишга туширилади. “Судга мурожаат намуналари” хизмати орқали даъво аризалари ва бошқа процессуал ҳужжатларни тайёрлаш осонлаштирилади, жисмоний ва юридик шахсларга муайян масала бўйича қабул қилинган суд ҳужжатларини интерактив тарзда излаш учун кенгроқ имконият яратилади.

Рақамлаштириш суд билан мулоқот қилиш тартибини ҳам ўзгартиради. Суд раҳбарияти қабулига ёзилишни онлайн шаклга ўтказиш, суд хабарномаларини гибрид почта хизматидан босқичма-босқич воз кечган ҳолда СМС ёки электрон почта орқали юбориш, рақамли суд хизматларидан фойдаланишда “ягона дарча” офислари орқали амалий кўмак кўрсатиш назарда тутилган.

Шундай қилиб, рақамли одил судловнинг ҳақиқий самараси янги ахборот тизимлари ёки электрон хизматлар сони билан эмас, инсоннинг суд билан муносабати қанчалик соддалашгани билан ўлчанади. Фуқаро камроқ вақт сарфласа, камроқ ҳужжат тўпласа ва зарурат бўлмаган ҳолларда суд биносига бормасдан ўз ҳуқуқларидан фойдалана олса, рақамлаштириш инсон манфаатига хизмат қилаётган бўлади.

Одил судлов самарадорлигининг бош мезони инсон ишончи

“Одил судлов – 2030” стратегиясининг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, унда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари фақат амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар билан эмас, балки 2030 йилга қадар эришилиши керак бўлган аниқ натижалар билан ҳам боғланган. Бу ислоҳотлар самарасини қабул қилинган қарорлар ёки жорий этилган механизмлар сони билан эмас, уларнинг амалдаги натижалари орқали баҳолаш имконини беради.

Стратегияда белгиланган мақсадли кўрсаткичлар орасида суд тизимига ишонч билдирадиган аҳоли улушини 80 фоизга етказиш алоҳида аҳамиятга эга. Чунки суд ҳокимиятининг нуфузи, энг аввало, жамиятнинг уни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган мустақил ва ишончли институт сифатида қабул қилиши билан боғлиқ.

Шу билан бирга, 2030 йилга қадар суд биноларида фуқаролар ва юридик шахслар вакилларини “ягона дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатиш офисларида қабул қилишни 100 фоизга етказиш, барча суд биноларида, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур шароитларни тўлиқ яратиш, медиация тартиб-таомилини қўллаш орқали ҳал этиладиган фуқаролик ва иқтисодий ишлар сонини камида 30 фоизга ошириш каби аниқ кўрсаткичлар ҳам белгиланган.

Бир қарашда булар турли йўналишларга оид кўрсаткичлардек кўринади. Аслида эса уларни ягона мақсад, яъни инсоннинг судга бўлган ишончини мустаҳкамлаш бирлаштириб туради.

Зеро, судга ишонч фақат қонуний ва асослантирилган қарор қабул қилиниши билангина шаклланмайди. У инсоннинг одил судлов билан боғлиқ бутун тажрибасини қамраб олади. Судга мурожаат қилишнинг осон ва тушунарлилиги, зарур маълумотларни ортиқча оворагарчиликсиз олиш имконияти, жузъий процессуал камчиликларнинг ҳуқуқни ҳимоя қилишга тўсиқ бўлмаслиги, ишнинг оқилона муддатда ва холис кўриб чиқилиши, ўхшаш ишлар бўйича суд амалиётининг барқарорлиги, суд қарорининг тушунарлилиги ва унинг амалда ижро этилиши кабиларнинг барчаси судга бўлган ишончни шакллантиради.

Шу маънода, “Одил судлов – 2030” стратегиясининг аҳамияти суд тизими самарадорлигини инсоннинг одил судловдан фойдаланиш тажрибаси билан боғлаётганида ҳам намоён бўлади. Ислоҳотлар марказида суд тизимининг ўзи эмас, балки ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилган инсон ва унинг қонуний манфаатлари туриши лозим.

Албатта, Стратегиянинг самарадорлиги унда белгиланган вазифаларнинг кўлами билан эмас, уларнинг амалиётда қандай натижа бериши билан белгиланади. Шу боис 2030 йилга қадар нечта янги суд ташкил этилгани, қанча электрон хизмат ишга туширилгани ёки нечта янги механизм жорий этилганининг ўзи якуний натижа бўла олмайди. Асосий мезон мазкур ўзгаришларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва одил судловдан фойдаланиш имкониятларига реал таъсирида кўринади.

Хулоса қилиб айтганда, “Одил судлов – 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳияти суд тизимини шунчаки ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан янгилашдан кўра кенгроқдир. Уларни бирлаштириб турувчи асосий ғоя одил судловни инсонга яқинлаштириш, суд ҳимоясидан фойдаланишни соддалаштириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларининг таъсирчанлигини оширишдир. Бу фуқаронинг судга ортиқча тўсиқларсиз мурожаат қилиши, ҳуқуқ ва эркинликлари чекланганда мустақил суд назоратига таяна олиши, барқарор суд амалиёти ва самарали ҳуқуқий ҳимоядан фойдаланиши ҳамда суд қарори орқали бузилган ҳуқуқининг амалда тикланишини англатади.

Агар фуқаро ҳуқуқи бузилганда судга эркин мурожаат қила олса, иши холис ва оқилона муддатда кўриб чиқилишига, қонун бир хил қўлланилишига ҳамда чиқарилган қарор амалда ижро этилишига ишонса, Стратегияда кўзланган асосий натижага эришилган бўлади. Зеро, халқчил ва адолатли суднинг бош мезони – инсоннинг адолат қарор топишига бўлган ишончидир.

Шахзод Сайдуллаев,
Тошкент давлат юридик университети профессори,
юридик фанлари номзоди