Қарор билан “Хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан талабалар ўқишини давлат олий таълим ташкилотларига кўчириш бўйича давлат хизматини кўрсатиш”нинг маъмурий регламенти тасдиқланди. Унда белгиланишича, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хорижий ва нодавлат университетидан давлат олийгоҳларининг мос ва турдош бакалавриат таълим йўналишларига ўқишини кўчиришда чет тили ва умумтаълим фанларидан миллий ёки халқаро сертификатга эга талабаларга табақалаштирилган ёки максимал балл беришни йўлга қўяди.
Регламентга кўра, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ушбу соҳада ваколатли давлат органи ҳисобланади. Ариза берувчи ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар ЯИДХП ёки агентликнинг махсус электрон платформаси ёхуд давлат хизматлари марказлари орқали ариза беради.
Қуйидагилар аризани рад этишга асос бўлади:
сўровномада назарда тутилган ҳужжатлар ёки маълумотлар тўлиқ тақдим этилмагани;
сўровномада нотўғри ёхуд бузиб кўрсатилган маълумотлар аниқлангани;
белгиланган миқдордаги тўлов ўз вақтида амалга оширилмагани.
Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар ишчи орган томонидан ҳар йили 15 июлдан 6 августгача кўриб чиқилади ҳамда аризани қабул қилиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Бу ҳақда ариза берувчига ЯИДХП ёки махсус платформа орқали хабарнома юборилади.Ўқишни кўчириш бўйича QR-кодли имтиҳон натижаси ваколатли орган томонидан ҳар йили имтиҳонлар якунлангандан сўнг 1 ҳафта ичида ариза берувчига юборилади.
Давлат хизматини кўрсатганлик учун ариза берувчидан ваколатли орган томонидан ариза қабул қилинган кундаги базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари (206 минг сўм) миқдорида тўлов ундирилади.
Президентнинг 2025 йил 16 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган Ягона интерактив давлат хизматлари порталида янги жорий этиладиган, шунингдек, композит шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхатида хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан талабалар ўқишини давлат олий таълим ташкилотларига кўчириш бўйича давлат хизматини кўрсатишни жорий этиш белгиланганди.