Биз кўриб турган бу ўзгаришлар ўз-­ўзидан юз бермади. Бунинг ортида катта сиёсий ирода, аниқ ислоҳотлар ётибди. Давлатимиз раҳбари бошчилигида қишлоқ хўжалигида фермер манфаатини кучайтириш, бозор тамойилларини жорий этиш, имтиёзли молиялаштириш ва субсидиялар, замонавий техника, сув тежовчи технологиялар, янги уруғ ва илмий ишланмаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган изчил сиёсат амалга оширилди. Қисқача айтганда, давлат шароит ва рағбат яратди, олим ва мутахассис ечим таклиф қилди, фермер эса уни далада натижага айлантирди. Янги Ўзбекистон пахтачилигининг ўзига хос модели ана шу ҳамкорликда ­шаклланди.

Бироқ кўмакнинг ўзи юқори ҳосил дегани эмас. Субсидия ҳисобига ўрнатилган томчилатиш тизими тўлиқ ишлатилмаса, имтиёзли маблағга олинган техника тўғри созланмаса, яхши уруғ нотўғри схемага экилса, давлат сарфи ҳам, фермер меҳнати ҳам кутилган самарани бермайди. Шунинг учун юқори ҳосилни биргина нав, ўғит ёки препарат эмас, ўзаро боғланган ишлар ва қатъий технология интизоми беради. Занжирнинг битта ҳалқаси узилса, қолган меҳнат самараси ҳам пасаяди.

Бугун ҳар биримиз смартфондан фойдаланамиз. Унинг процессори, хотираси ва камераси қанчалик кучли бўлмасин, керакли дас­турлар бўлмаса, имконияти тўлиқ очилмайди. Қишлоқ хўжалигида ҳам шундай: яхши нав, сифатли уруғ ва кучли генетика — катта имконият. Ерни тайёрлаш, тўғри экиш, сув ва озуқа бериш, ғўза тупини шакллантириш, зарар­кунандадан ҳимоя қилиш, етилишини бошқариш ва далани тоза сақлаш, давлат қўллови (субсидиялар ва имтиёзли кредитлар) эса шу имкониятни ишга туширадиган механизмдир. Бу — генетика билан эпигенетик билимнинг янги бирлашуви, яъни генетика навга сало­ҳият беради, сув, озуқа, нур, ҳарорат, стресс ва парвариш эса шу салоҳиятнинг қай даражада ­намоён бўлишини белгилайди.

Ана шу тамойиллар асосида янги нашр — Пахтачиликда юқори ҳосилдорлик сари: ҳар бир фермер бажариши шарт бўлган 8 қонун” номли методик қўлланма тайёрланди. У ўзбек, рус ва инглиз тилларида ягона тўплам сифатида нашр этилмоқда. Бу ерда “қонун” деганда ҳуқуқий ҳужжат эмас, балки эътибордан четда қолдирилса, оқибати ҳосилда дарҳол кўринадиган асосий агротехник қоидалар назарда тутилади.

Саккиз қонунга фақат ҳосилдорлик формуласи деб қараш камлик қилади. Улар инсон манфаатига йўналтирилган қишлоқ хўжалигининг амалий чегараларидир. Фермер даромади, далада ишлаётган меҳнаткаш хавфсизлиги, истеъмолчи ишончи, тупроқ ва сувнинг эртанги ҳолати ўзаро боғлиқ. Шу сабабли бу қоидаларда иқтисодий манфаат билан бирга касбий одоб, экологик масъ­улият ва келажак авлод олдидаги бурч ҳам мужассам.

Қўлланма китоб жавонида туриши эмас, далада фойдаланилиши учун тайёрланди. Унда фермер нимани ўлчаши, қайси пайтда қандай қарор қабул қилиши, ишлов натижасини қачон текшириши ва қайси хатолардан сақланиши кераклиги оддий тилда баён этилган. Келинг, саккиз қонуниятнинг мазмунини халқчил тилда бирма-бир кўриб чиқайлик.

Биринчиси — далада бўш жой қолмасин

Бир гектар ернинг ҳар қаричидан фойдаланиш керак. Агар кўчат сийрак бўлса, бўш жойда қуёш, сув, ўғит ва техника имконияти ҳосилдорликка хизмат қилмайди. Бегона ўт эса ана шу бўшлиқдан дарҳол фойдаланади. Шунинг учун биринчи мақсад — ҳар гектарда камида 200 минг туп соғлом, бир текис ва бақувват ғўза кўчати бўлиши.

Бу рақамга чигитни кўпроқ сарфлаб эмас, ерни ўз вақтида ва намликни йўқотмай тайёрлаш, майдонни текислаш, унувчан уруғ танлаш, сеялкани тўғри созлаш, бир хил чуқурликда экиш ва униб чиққан ниҳолни асраш орқали эришилади. Кўчат сонини кўз билан чамалаш етарли эмас. Фермер ­даланинг бир неча нуқтасида 10 метрли қаторни санаб, ҳақиқий қалинликни ҳисоблаши керак. Чунки ўлчанмаган нарсани бошқариб бўлмайди.

Бундай қоида фақат пахтага тегишли эмас. Ғаллада ҳам поялар сийрак бўлса, майдондан тўлиқ фойдаланилмайди. Боғ ва токзорда дарахт ёки токлар нотўғри жойлашса, нур ва ер исроф бўлади. Демак, тўғри қалинлик ҳар қандай экинда ҳосилдорлик учун биринчи пойдевордир.

Иккинчиси — қатор оралиғи оддий масофа эмас

Кўпчилик экиш схемасини фақат қатор оралиғидаги сантиметр деб қабул қилади. Аслида, у кўчат сони, ёруғлик, ҳаво алмашинуви, томчилатиш лентасининг ўрни, культиватор ҳаракати, ўғит бериш, ҳимоя ва терим техникасини ўзаро боғлайди. 76 сантиметрли яккақатор ёки 76×10 сантиметрли қўшқатор усули нав, тупроқ, сув ва техникага мос танланиши керак. Шинжон тажрибасига асосланган интенсив усулда гектарига 220-240 минг тупгача соғлом кўчат олиш мумкин. Аммо бунинг учун ер жуда текис, тупроқ майин, томчилатиш лентаси қўшқаторнинг ўртасида, плёнка эса бир текис ётқизилган бўлиши шарт.

Зич экилган ва плёнка ёпилган майдонда ўсган бегона ўт кейинчалик катта муаммога айланади. У плёнкани кўтаради, тешади, намликни йўқотади ва ниҳолга халал беради. Шунинг учун бегона ўтга қарши ишни у кўриниб бўлгандан кейин эмас, балки экишдан олдин бошлаш керак. Бу ерда ҳам технологиянинг битта қисми эмас, бутун тизим ишлаши шарт. Қўлланмада қилиниши лозим бўлган барча иш ва тавсиялар бирма-бир тушунтириб берилган.

Учинчиси — узун ғўза эмас, очиладиган кўсак

 

Далада икки метрга бўй чўзган, барги қуюқ ғўза кўзга чиройли кўриниши мумкин. Лекин фермерга баланд поя эмас, терим саватига тушадиган пахта керак. Ортиқча бўйга кетган ўсимлик сув ва озуқанинг катта қисмини поя, барг ва кеч ҳосил бўлган майда кўсакларга сарфлайди. Пастки кўсакларга нур кам тушади, ҳаво юриши қийинлашади, касаллик ва зараркунанда учун қулай муҳит пайдо бўлади.

Бизнинг мақсадимиз ғўза тупини тахминан 90-95 сантиметр баландликда ушлаш, 10-12 та ҳосил шохи ва камида 8-10 та бўлиқ, кузгача очилишга улгурадиган кўсак шакллантиришдан иборат. Бу натижага биргина чилпиш ёки ўсишни меъёрда ушлайдиган препарат билан эришиб бўлмайди. Кўчат қалинлиги, қўшқатор жойлашуви, сув, азот меъёри, қатор орасига ишлов бериш, микроэлементлар ва зараркунанда назорати биргаликда бўлиши керак. Ток ва мевали дарахтнинг назоратсиз ўсган узун новдаси кўп озуқа талаб қилгани каби ғўзанинг ҳам баландлиги ҳосилдорликни англатмайди. Ҳақиқий кўрсаткич очилган, бўлиқ ва вазнли кўсакдир.

Тўртинчиси — ўғитни кўп эмас, ўрнида бериш лозим

Ғўза ҳам тирик организм. Унга қайси озуқа, қайси даврда ва қанча кераклигини билмай туриб, фақат ўғит миқдорини ошириш билан юқори ҳосилга эришиб бўлмайди. Азот ўсишга хизмат қилади, аммо ортиқча берилса, ғўзани ғовлатади. Фосфор илдиз ва ҳосил органларини қўллаб-қувватлайди. Калий сув алмашинуви, иссиққа чидамлилик, кўсак вазни ва тола сифати учун зарур.

Шоналаш, гуллаш ва кўсак тугиш даврида кальций, магний, бор, темир ва марганец каби микроэлементларнинг аҳамияти янада ортади. Айниқса, ҳозирги жазирама, гармсел, сув танқислиги ва шўрланиш шароитида кремнийли ўғитлар ўсимликни қўллаб-қувватлаш, сув йўқотилишини камайтириш ва тўқималарни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Бор эса гул ва ёш кўсакларни сақлашда муҳим ўрин тутади.

Табиатда бир хил генетика ҳам турли озиқланиш шароитида турлича натижа беради. Масалан, она ари ва ишчи ариларнинг генетик асоси бир хил, аммо озиқланиш ва ривожланиш шароити уларни бутунлай бошқа вазифага тайёрлайди. Ўсимликнинг ҳам нави ўзгармайди, лекин сув, озуқа, нур ва ҳарорат унинг имконияти қай даражада очилишини белгилайди. Демак, 8-10 та бўлиқ кўсакни битта “мўъжизавий” препарат эмас, мувозанатли озиқлантириш ва тўғри парвариш шакллантиради.

Бешинчиси — ғўзани фақат ўстириш эмас, вақтида етиштириш ҳам зарур

Далада санаб қўйилган яшил кўсак эмас, балки етилган, очилган, толаси шаклланган, чигити тўлган, вазни бор ва териб олинган пахта ҳақиқий ҳосил саналади. Кўсак очилмаса, фермер даромадли бўлолмайди.

Ғўза табиатан узоқ ўсишга мойил ўсимлик. Шароит бўлса, августда ҳам, сентябрда ҳам янги барг, гул ва кўсак чиқаришга ҳаракат қилади. Аммо Ўзбекистоннинг қисқа мавсумида кеч тугилган кўсаклар куз совуғигача очилмай қолиши мумкин. Шунинг учун муайян босқичда ғўзага “энди бўй ва янги шона керак эмас, мавжуд ҳосилни етилтир” деган сигнал бериш керак.

Этефон ўсимлик тўқимасида этилен ажратиб, пишиш ва қариш жараёнини бошлашга ёрдам беради. Кейин баргни меъёрда тўкиш — дефолиация, зарурат бўлса, пояни қуритиш — десикация ўтказилади. Бу ишлар ­ғўзани куйдириш эмас, балки озуқани мавжуд кўсакка йўналтириш, қуёш ва ҳавони кўпайтириш, кўсакларнинг бир текис очилишини таъминлаш ва теримни ўз вақтида бошлашга қаратилган. Ушбу тадбир календардаги бир санага кўр-кўрона боғланмайди. Даладаги кўчат сони, ҳар тупдаги бўлиқ кўсак, ҳаво ҳарорати ва ғўзанинг ҳақиқий ҳолати ҳисобга олинади. Технология шошилишни ҳам, кечикишни ҳам кўтармайди.

Олтинчиси — ҳимоя зараркунанда чиқишидан олдин бошланади

 

Ўсимликни ҳимоя қилиш деганда кўпчилик зараркунанда кўпайгандан кейин препарат сепишни тушунади. Аслида, ҳимоя далани мунтазам кузатиш, зараркунанда сонини санаш, фойдали ҳашаротларни асраш, биологик усулдан фойдаланиш ва фақат зарурат туғилганда аниқ ишлов беришдир.

Кўсак қуртига чидамли “Bt” хусусияти расман тасдиқланган навлар катта имконият беради. Лекин бу “энди далага қарамаса ҳам бўлади” дегани эмас. Бундай навларда ҳам кузатув давом этади. Энг муҳими, зарар­кунандада чидамлилик тез шаклланиб кетмаслиги учун майдоннинг 10-15 фоизида “Bt” хусусияти бўлмаган ҳимоя майдони — рефугия (қочоқ майдон) ташкил этилади. Бу ерни исроф қилиш эмас, технологияни узоқ йил ишлатиш учун биологик суғуртадир. Рефугия бугунги ҳосил билан бирга фермернинг эртанги имкониятини ҳам асрайди.

Шу ўринда бир гапни аниқ айтиш керак: “хорижий нав” дегани автоматик равишда “Bt” навни англатмайди. Чунки навнинг хусусияти унинг келиб чиқиши билан эмас, расмий сертификати билан тасдиқланади.

Еттинчиси — кечиккан ишнинг баҳоси ҳосилда кўринади

Пахтачиликда майда кечикишлар ҳам қимматга тушади. Кўчат бор, аммо саналмаган; ўғит берилган, аммо қачон ва қанча берилгани ёзилмаган; препарат сепилган, аммо натижа текширилмаган бўлса, фермер технологияни эмас, тахминни бошқаряпти.

Шунинг учун еттинчи қонуният — барча ишни бир-бирига боғлаб, ўз вақтида бажариш керак. Дала журналида нав, уруғ партияси, экиш санаси, схема, кўчат сони, суғориш, озиқлантириш, ҳимоя ва етилтириш тадбирлари қайд этилиши зарур. Ҳар бир қарордан олдин тўрт савол берилсин: муаммо нимада, мақсад қандай, қайси иш керак ва натижани қачон текширамиз?

Августдаги кечикиш сентябрда, сентябрдаги кечикиш эса октябрда кўсакда кўринади. Шунинг учун технология интизоми қоғоз учун эмас, ҳосил учун керак. Интизом агротехник талабдан ташқари давлат кўмаги, сув, ер ва меҳнатга нисбатан ҳалол муносабат ҳамдир. Чегаралар эса ишни тўғри йўлдан чиқармаслик учун қўйилади.

Саккизинчиси — тоза дала келажак ҳосилига ҳурмат

Плёнка ва томчилатиш лентаси сувни тежаш, тупроқ ҳароратини сақлаш, ниҳолни эрта ривожлантиришга хизмат қилади. Аммо мавсум охирида далада қолган плёнка майда бўлак­ларга парчаланиб, тупроққа аралашса, ариқни тўсса ёки техникага ўралса, кечаги фойдали восита бугунги хавфга айланади.

Электр энергияси жуда фойдали, лекин ҳимоясиз сим хавфли. Йўл инсонга керак, лекин светофор ва қоида бўлмаса, ҳалокат келтиради. Полимер ҳам шундай: тўғри ишлатилса, сувни тежайди ва ҳосилдорликни оширади, далада ташлаб кетилса, тупроқ, сув ва келажак авлод учун муаммо туғдиради.

Шунинг учун плёнка ва лентани тўлиқ йиғиш, ўғит қоплари ва пестицид идишларини алоҳида сақлаш, пластикни ёқмаслик, кимё­вий идишларни уй-рўзғорда қайта ишлатмаслик замонавий фермер маданиятининг ажралмас қисмидир. Ахир тоза дала фақат чирой эмас, у тупроқ унумдорлиги, сув хавфсизлиги, техника иши, тола тозалиги ва хўжалик обрўси.

Қўлланма нега уч тилда тайёрланди?

Бугун пахтачилик тажрибаси бир ҳудуд ёки бир мамлакат чегарасида қолиб кетмайди. Қурғоқчилик, иссиқ, шўрланиш ва сув танқислиги Марказий Осиёда ҳам, бошқа пахтачилик минтақаларида ҳам ўхшаш саволларни туғдирмоқда. Ўзбекистон далаларида синовдан ўтаётган кўчат қалинлиги, қўшқатор экиш, стрессга қарши озиқлантириш, ҳосилни етилтириш ва тоза дала маданияти бошқа мамлакатлар мутахассислари учун ҳам қизиқ.

Шу сабабли саккиз қонуният қўлланмаси ўзбек, рус ва инглиз тилларида бир тўпламга жамланди. Унда ҳар бир қонуният бўйича мақсад, амалий кетма-кетлик, меъёр ва муддатлар, эҳтиёт чоралари ҳамда кўп учрайдиган хатолар батафсил берилган. Мақсад — фермерга яна бир китоб бериш эмас, у қарор қабул қилишда қўлига тушадиган, агроном далада очиб қарайдиган ва мутахассис тавсияни бир хил тушунтирадиган умумий иш қўлланмасини яратишдир.

Саккиз қонуниятнинг ҳар бирига алоҳида қаралса, оддийдек туюлади. Лекин улар биргаликда қўлланганда навнинг генетик имконияти ҳақиқий ҳосилга, фермер меҳнати даромадга, илм эса даладаги натижага айланади. Бу модель давлатнинг қўллаб-қувватлаши, фермернинг иқтисодий манфаати ва ташаббуси, илм-фан, генетика ва эпигенетик билим, технология интизоми ҳамда инсон ва табиат олдидаги ­масъулиятни яхлит занжирга бирлаштиради.

Ҳар гектарда етарли ва бир текис кўчат. Ҳар кўчат учун тўғри жой. Ҳар тупда меъёрдаги бўй ва 8-10 та бўлиқ кўсак. Ҳар босқичда тўғри суғориш ва мувозанатли озиқлантириш. Ҳар зараркунандага ўз вақтида, оқилона жавоб. Мавсум охирида пишишни бошқариш. Ҳар бир ишда интизом. Теримдан кейин тоза дала.

Мана шу саккиз қоида Ўзбекистон пахтачилигининг янги маданиятини белгилайди. Зеро, юқори ҳосил тасодифан олинмайди. У давлат яратган имконият, илм берган ечим ва фермернинг ҳар куни даладаги масъулиятли ҳаракати орқали кузатилади, ўлчанади, бош­қарилади ва вужудга келади.

Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ,

қишлоқ хўжалиги вазири, академик,

Президент ҳузуридаги Пахтачилик кенгаши раиси