Қўшма баёнотда томонлар ҳалокат билан боғлиқ масалалар, жумладан, компенсация тўловлари бўйича ҳам мақбул ечим топгани айтилган.

Бу ҳақда бугун, 15 апрель куни мамлакатлар Ташқи ишлар вазирликлари қўшма баёнот берди.

Ҳужжатда қайд этилишича, самолёт Россия ҳаво ҳудудида ҳаво мудофаа тизимининг “бехосдан содир этилган ҳаракати” оқибатида ҳалокатга учраган.

Маълумот учун, Embraer E190 русумли лайнер 2024 йил 25 декабрь куни Бакудан Грознийга парвоз қилаётган вақтда Қозоғистоннинг Актау шаҳри яқинида ҳалокатга учраган. Оқибатда 38 киши ҳалок бўлган, 29 нафар йўловчи омон қолган.

Фожеадан сўнг Москва ва Боку ўртасида муносабатлар кескинлашган эди. Озарбайжон Россиядан ҳалокат учун масъулиятни тан олишни талаб қилган.

2025 йил октябрида Россия президенти Владимир Путин самолётни Россия ҳаво мудофаа тизими уриб туширганини тан олган. Унинг сўзларига кўра, бу ҳолат техник носозлик сабаб юз берган бўлиб, учирилган ракеталар самолётга тўғридан-тўғри тегмаган, балки ундан тахминан ўн метр масофада портлаган.

Томонлар билдиришича, кўрилган чоралар икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.