Бу йил ҳам ушбу сана муносабати билан болалар учун яна бир маънавий туҳфа тайёрланди. Ўзбекистон анимацион студиялар ассоциацияси ижодкорлари томонидан яратилган янги анимацион фильмлар нафақат кичкинтойларни қизиқарли ва сеҳрли оламга чорлайди, балки уларнинг қалбида эзгулик, меҳр-оқибат ва ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон кинематография агентлиги буюртмаси асосида Ўзбекистон Анимацион студиялар ассоциацияси ҳамда “ASTIR” анимацион студияси ҳамкорлигида тайёрланган “Бурч изидан”, “Саховат” ва “Зумрад ва Қиммат” анимацион лойиҳалари мазмунан бир-биридан фарқ қилса-да, уларни бирлаштириб турувчи умумий ғоя — инсонпарварлик, оилавий қадриятлар ва маънавий тарбия масалаларидир.

Бугунги кунда мультфильмлар нафақат кўнгилочар восита, балки болалар тарбиясида муҳим аҳамият касб этувчи маънавий-маърифий маҳсулот сифатида қаралмоқда. Шу боис ижодкорлар ҳар бир қаҳрамон, ҳар бир воқеа ва ҳар бир ғояни болалар онгига ижобий таъсир кўрсатадиган тарзда яратишга интилишган.

Ижодкорларнинг таъкидлашича, “Бурч изидан” анимацион фильми оила, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги меҳр-муҳаббат, масъулият ҳамда ҳимоя масалаларига бағишланган. Асарнинг ўзига хос жиҳати шундаки, унда деярли диалоглар қўлланилмаган. Воқеалар томошабинга фақат тасвирлар, ҳаракатлар ва образлар орқали етказилади.

Бу эса фильмни нафақат маҳаллий, балки турли тилда сўзлашувчи томошабинлар учун ҳам тушунарли ва таъсирчан қилади. Мутахассислар фикрича, болалар кўпинча сўздан кўра тасвир орқали тезроқ таъсирланади ва маълумотни осон қабул қилади.

“Саховат” анимацион фильми эса Алишер Навоий асарлари ҳамда халқ оғзаки ижодидаги машҳур Ҳотамтой образи асосида яратилган.

Асарнинг асосий ғояси инсонпарварлик ва сахийлик фазилатларини тарғиб қилишдан иборат. Фильмда бойликнинг ҳақиқий қадри уни жамғаришда эмас, балки бошқалар билан бўлишишда экани таъкидланади.

Эътиборлиси, мазкур лойиҳада бой инсон образи аввалги талқинлардаги каби зиқна ёки манфаатпараст эмас, аксинча, саховатпеша ва бағрикенг инсон сифатида намоён бўлади. Бу эса ёш томошабинларда моддий бойликка нисбатан тўғри муносабат шакллантиришга хизмат қилади.

Ўзбек халқ эртаклари орасида алоҳида ўрин тутадиган “Зумрад ва Қиммат” бугунги кун руҳига мослаштирилган ҳолда экранлаштирилди.

Мультфильмда китобхонлик маданияти, билим олишга интилиш, ўз устида ишлаш ва давлат томонидан ёшларга яратилаётган имкониятлар акс эттирилган. Ижодкорлар фикрича, Зумрад ва Қиммат каби характерлар бугунги кунда ҳам мавжуд, фақат улар яшайдиган муҳит ва воқеалар замонавий шароитда ривожланади.

Бу орқали ёш авлодга меҳнатсеварлик, билимли бўлиш ва яхши хулқнинг аҳамияти яна бир бор эслатиб ўтилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, фильмлар устида ишлаш жараёнидаги энг катта мураккаблик тарихий мавзулар билан боғлиқ бўлган.

Хусусан, “Саховат” фильмида тарихий муҳитни ҳаққоний акс эттириш учун кўплаб манбалар ўрганилган. Либослар, меъморий иншоотлар, турмуш тарзи ва қаҳрамонларнинг ташқи кўринишигача бўлган барча жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган.

Чунки тарихий мавзудаги энг кичик хатолик ҳам томошабинлар эътиборидан четда қолмайди.

Лойиҳаларнинг умумий ишлаб чиқариш жараёни тахминан саккиз ой давом этган. Фильмлар устида алоҳида ижодий жамоалар ишлаган бўлиб, иш жараёнида замонавий технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан ҳам қисман фойдаланилган.

— Қаҳрамонларнинг дастлабки образларини яратиш, айрим визуал эффектларни ишлаб чиқиш ва тасвирларни такомиллаштириш жараёнларида АИ технологиялари ёрдам берди, — дея таъкидлайди режиссёр Абдулатиф Ҳайдаров.

Актёр ва дубляж устаси Ихтиёр Отажоновнинг айтишича, анимацион фильмларнинг ўзига хослиги шундаки, ундаги барча элементлар нолдан яратилади.

— Бадиий фильмларда актёрларнинг табиий овози, ҳаракати ва мимикалари мавжуд бўлса, мультфильмларда бундай имконият йўқ, — деди у. — Ижодкорлар қаҳрамонларнинг овози, ҳаракати, ҳиссиётлари ва муҳитини бошидан яратишга мажбур бўлишади.

Актёрнинг таъкидлашича, айнан тасвирдаги кадрларни жонлантириш, уларга руҳ ва характер бахш этиш анимация санъатини қизиқарли қилиши билан бирга, жуда катта меҳнат, сабр ва ижодий ёндашувни талаб қилади.

Шу жиҳати билан анимацион фильмлар нафақат болалар, балки катталар учун ҳам қизиқарли бўлиб, уларнинг маънавий тарбиясида муҳим ўрин тутади.

Хулоса қилиб айтганда, Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан болаларга сифатли ва мазмунли мультфильмлар тақдим этиш — уларга қувонч ва эртак оламини ҳадя этиш билан баробардир.

Катта меҳнат ва ижодий изланишлар натижасида яратилган ушбу анимацион фильмлар болаларга дўстлик, меҳрибонлик, саховат, билимга интилиш ва оилавий қадриятларни қадрлаш каби муҳим тушунчаларни сингдиришга хизмат қилади.

Энг муҳими, бундай миллий мультфильмлар ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш ва эзгуликка ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Мадина БОТИРЖОНОВА,

Лобар БОБОХОНОВА,

Зулхумор АКБАРОВА