Мен ҳам ҳар куни эрталаб минглаб инсонлар қатори йўлга чиқаман. Аввал автобусга ўтираман, кейин метрога чиқаман. Ана шу кунлик сафарлар давомида турли одамларни, турфа феъл-атворларни, хилма-хил муносабатларни кўраман, кузатаман. Баъзан оддийгина бир хушмуомалалик кайфиятимни кўтаради. Айрим ҳолларда эса эрталаб бошланган беписандлик ёки одобсизлик кун бўйи кўнгилни хира қилади.
Жамоат транспортини кўпчилик оддий ҳаракат воситаси деб билади. Аслида эса у жамиятнинг ҳақиқий юзи намоён бўладиган майдон. Автобус, метро ёки бекатдаги манзараларга назар ташласангиз, одамларнинг маданият ҳақидаги баландпарвоз нутқларидан кўра кўпроқ хулоса чиқариш мумкин. Чунки инсоннинг кимлиги йиғинларда айтган гапларида эмас, балки бошқалар билан муомаласида кўпроқ билинади.
Ҳар куни автобус бекатларида бир хил ҳолат такрорланади. Одамлар транспорт кутади, аммо автобус кўриниши билан тартиб ҳам, сабр ҳам қаергадир ғойиб бўлади. Бир неча дақиқа олдин хотиржам турганлар бир зумда олдинга отилади. Навбат ҳақида гапиришнинг ўзи кулгили туюлади. Ҳар ким ўзини бошқалардан устун қўйишга, биринчи бўлиб автобусга чиқишга интилади. Гўёки биринчи чиққан одамнинг ҳаёти кескин ўзгариб кетадигандек.
Энг ачинарлиси, кўпчилик бу ҳолатни одатий деб қабул қилиб бўлган. Туртиш, суқилиб кириш, бошқаларнинг ҳуқуқини поймол қилиш айримлар учун кундалик одатга айланган. Ҳолбуки, бир неча сония кутиш ҳеч кимни ҳалокатга олиб бормайди. Аммо маданиятсизлик бутун муҳитни заҳарлайди. Бир кишининг бефарқлиги ўнлаб одамлар кайфиятини бузади.
Автобус ичига киргач ҳам аҳвол ўзгармайди. Ёши улуғ инсонлар тик турган бўлса-да, баъзи ёшлар ўзини ҳеч нарса кўрмаётгандек тутади. Қулоқчин тақиб, телефонга ёпишиб олган бу инсонлар атрофида ким турганини кўришни ҳам истамайди. Улар учун шахсий қулайлик бошқалар эҳтиёжидан муҳимроқдек. Ваҳоланки, ҳар куни баланд минбарларда туриб ёшлар тарбияси ҳақида гапирамиз. Тарбия ҳақидаги гаплар билан амалдаги муносабат ўртасидаги фарқ ана шундай вазиятларда яққол кўринади.
Метрода ҳам шунга ўхшаш манзара кузатилади. Эшик очилиши билан баъзилар тушаётганларга йўл бериш ўрнига ичкарига ёпирилади. Натижада одамлар бир-бирига урилади, асабийлашади, вақт ҳам йўқотилади. Энг қизиғи, бу ҳаракатнинг мантиқий асоси йўқ. Аввал одамлар тушиб олса, кириш осонроқ бўлишини ҳамма билади. Аммо бу пайтда сабрсизлик ақлдан устун келади.
Яна бир оғриқли масала — жамоат жойида ўзини тутиш маданияти. Автобус ёки метро салонида шундай одамлар учрайдики, уларнинг телефондаги суҳбатини бутун вагон эшитиб туради. Гўёки атрофида ҳеч ким йўқдек. Бошқаларнинг осойишталиги, тинчлиги ёки шахсий ҳудуди ҳақида ўйлаш уларнинг хаёлига ҳам келмайди. Бу нафақат одобсизлик, балки жамоатга нисбатан ҳурматсизлик, аслида.
Тозалик масаласида ҳолат кўпинча кўнгилни хира қиладиган даражада. Жамоат транспортидаги энг оддий қоидалардан бири — атрофни ифлос қилмаслик айрим йўловчилар учун гўёки умуман мавжуд эмас. Чиқиндини қўлда ушлаб туриш, уни тегишли жойга ташлаш ёки кейинроқ ташлаб қўйиш ўрнига баъзилар уни бемалол ўриндиқ остига, ерга ёки яшириш мумкин бўлган ҳар қандай бурчакка ташлаб кетади. Энг ачинарлиси, бу хатти-ҳаракатдан кейин юзага келган ифлос муҳитда бошқалар ўтиришга, нафас олишга мажбур бўлади.
Бу ерда муаммо фақат битта қоғоз ёки битта чиқиндида эмас. Муаммо шу одатни оддий ҳолат сифатида қабул қилишда. Чунки бир марта ташланган чиқинди воқеаси кейинчалик эътиборсизликни одатга, одатни эса умумий бефарқликка айлантиради. Транспорт ичидаги тозалик бузилса, бу фақат эстетик муаммо эмас, балки умумий маданият ҳам сийқалашаётганини кўрсатади. Ачинарли жиҳати шундаки, одобсиз ҳаракатларни қилувчилар кўпинча ўз шахсий ҳаётида бундай бепарволикка йўл қўймайди. Улар ўз уйида, ўз хонасида тартиб ва тозаликни сақлайди, чиқиндини қаерга ташлашни яхши билади. Лекин жамоат жойига келганда бу масъулият ҳисси йўқолиб қолади.
Демак, муаммо билимда ҳам, имкониятда ҳам эмас, муносабатда. Яъни “меники эмас, менга алоқаси йўқ” деган қараш устун бўлган жойда умумий муҳит тезда эътибордан чиқади ва секин-аста ифлосликка кўникиш бошланади.
Баъзан жамиятнинг яна бир муаммоси — бефарқлик кўзга ташланади. Бу ҳолат кўз олдингизда ёрдамга муҳтож инсон турганида ҳам кўпчиликнинг гўё ҳеч нарса бўлмаётгандек четга чиқиб кетиши, ўзини кўрмаганга олиши билан намоён бўлади.
Қўлида оғир юк кўтарган аёл, ёши улуғ инсон ёки имконияти чекланган фуқаро ёрдам кутиб турган пайтда атрофдагиларнинг бефарқлиги кўнглингизни ранжитади. Бундай вазиятларда оддий инсоний муносабат ўрнини бепарволик эгаллайди. Ҳеч ким тўхтамайди, ҳеч ким аралашмайди, гўё бу вазиятда ҳар бир киши фақат кузатувчи. Вақт етишмаслиги, шошилинч ишлар ёки “бошқалар ёрдам берар” деган ўйлар ортига яширинган бу муносабат аста-секин одатга айланади.
Бугун кўпчилик ҳар қандай қўполликни “вақт йўқ” деган баҳона билан оқлашга уринади. Гўё шошилиш инсонни одоб қоидаларидан озод қилиб қўядигандек. Аммо ҳақиқат шуки, вақт танқислиги ҳеч қачон маданиятсизлик учун асос бўла олмайди. Ишга кечикаётган одам ҳам бошқаларни туртиб ўтмасдан ҳаракат қилиши, автобус ёки метрода ўзини босиб туриши мумкин. Бандлик ҳеч кимни атрофдагиларни эътиборсиз қолдиришга мажбур қилмайди.
Муаммо вақтда эмас, уни бошқариш ва муносабатда. Кўп ҳолларда одамлар шошилишни ўзини оқлаш учун қулай қалқонга айлантириб олади. Лекин шошилган ҳолатда ҳам инсон ўзини тута билиши керак, агар у ҳақиқатан ҳам бошқаларни ҳурмат қилишни хоҳласа. Акс ҳолда, “вақт йўқ” деган гап фақат одатий бепарволикни яшириш учун ишлатиладиган оддий иборага айланади.
Замонавий ҳаёт қанча тезлашмасин, у одоб ва инсоний муносабатларни бекор қилмайди. Аксинча, одамлар бир-бирига яқин яшашга мажбур бўлгани учун ҳурмат ва сабрга эҳтиёж янада ортади. Технологиялар ривожланиши ёки иш юки кўпайиши шахсни оддий инсоний қоидалардан озод этмайди. Шунинг учун одоб “вақт бор пайтда қилинадиган иш” эмас, балки ҳар қандай шароитда сақланиши керак бўлган мезондир.
Жамоат транспортида кузатиладиган ҳар бир салбий ҳолат аслида каттароқ муаммонинг белгиси ҳисобланди. Навбатни бузадиган одам эртага бошқа қоидаларни ҳам бузиши мумкин. Бошқаларни ҳурмат қилмайдиган инсоннинг жамият олдидаги масъулияти ҳақида ҳам жиддий саволлар туғилади. Шунинг учун транспортдаги муомала майда масала эмас. У умумий маданият даражасининг кўрсаткичи.
Биз ҳақиқатан ҳам маданиятли жамият қурмоқчи бўлсак, аввало, автобус бекатларида, метро эшиклари олдида ва гавжум салонларда ўзимизни қандай тутаётганимизга қарашимиз керак. Чунки жамиятнинг маънавий даражаси байрамларда, тадбирларда, тўй ва базмларда айтилган чиройли сўзлар билан эмас, балки кундалик ҳаётдаги оддий хатти-ҳаракатлар билан ўлчанади. Афсуски, бу имтиҳондан ҳамма ҳам муносиб ўтаётгани йўқ.
Шундай экан, жамоат транспортидаги одобни фақат гапда эмас, амалда намоён қилиш вақти келди. Чунки маданият ҳақида баландпарвоз фикрлар билдириш осон, аммо навбатга риоя этиш, бошқаларнинг ҳуқуқини ҳурмат қилиш ва оддий қоидаларни бажаришга келганда кўпчиликнинг ҳақиқий қиёфаси намоён бўлади.
Биз кўпинча юксак маънавият ҳақида гапирамиз, лекин унинг энг оддий кўринишлари айнан автобус ва метро каби жойларда етишмайди. Жамиятдаги катта муаммолар ҳам кўп ҳолларда ана шундай кичик бефарқликлардан бошланади. Агар ҳар ким фақат ўз манфаатини ўйлашда давом этса, ҳеч қандай тараққиёт ёки юксалиш ҳақида гапириш бефойда. Ҳурмат, тартиб ва масъулият эса чақириқлар билан эмас, кундалик одатларга айлангандагина қадрият ҳисобланади.
Бахтиёр САМИЕВ,
Ўзбекистон театр арбоблари
уюшмаси ходими