Тинч аҳолига, фуқаролик ва энергетика инфратузилмаси объектларига қарши куч ишлатиш билан боғлиқ, шунингдек, минтақа давлатлари хавфсизлиги ва халқаро кема қатновига таҳдид солувчи ҳар қандай ҳаракатларни кескин қоралаймиз.
Халқаро ҳуқуқ нормаларига, жумладан, давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш тамойилларига қатъий риоя этилиши зарур, деб ҳисоблаймиз.
Юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш фақат сиёсий-дипломатик воситалар орқали, мулоқот ва ўзаро ҳурмат асосида амалга оширилиши лозим.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва минтақа давлатларининг Яқин Шарқда кескинликни юмшатиш, можаронинг янада кенгайишининг олдини олиш ва барқарор тинчлик ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз.