Музокаралар давомида томонлар Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги авиақатновларни кенгайтириш, қўшма туристик маҳсулотларни ривожлантириш ҳамда ўзаро сайёҳлар оқимини кўпайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Томонлар икки мамлакатнинг географик яқинлиги, бой тарихий-маданий мероси ҳамда хорижий сайёҳларнинг Марказий Осиё бўйлаб қўшма саёҳат йўналишларига қизиқиши ортиб бораётгани янги авиақатновларни йўлга қўйиш ва ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шароит яратаётганини таъкидладилар. Айниқса, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Андижонни Бишкек, Ўш ҳамда Иссиқкўл билан боғлайдиган йўналишларни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

“Aero Nomad Airlines”раҳбарияти билан учрашувда авиакомпания томонидан жорий йилнинг 23 августидан бошлаб Бишкек – Тошкент – Бишкек йўналиши бўйича ҳафтасига икки марта мунтазам тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди. Янги авиақатновнинг очилиши икки мамлакат ўртасидаги туристик ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлиб, йўловчилар оқимининг янада ортишига хизмат қилади.

“Asman Airlines” раҳбарияти билан Бишкек ва Ўшдан Тошкентга мунтазам рейсларни йўлга қўйиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг бир қатор талаб юқори бўлган шаҳарларига парвозларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Бу борада йўловчилар талаби ва бозор эҳтиёжларини биргаликда ўрганиш ҳамда янги йўналишларни ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорликда ишланади.