Давлат раҳбарлари Бухоро вилоятидаги “Мергантекс” пахта-тўқимачилик кластери таркибидаги “Нигора” фабрикасига ташриф буюрдилар.

Қиймати 35 миллион долларлик лойиҳа доирасида ташкил этилган фабрика пахта хомашёсини қайта ишлашдан тортиб, тайёр мато ва кийим-кечак тайёрлашгача бўлган узлуксиз ишлаб чиқариш занжирини йўлга қўйган.

“Shoyigul” савдо белгиси остида ишлаб чиқарилаётган тикув-трикотаж ва тайёр кийим маҳсулотлари асосан Европа мамлакатларига, хусусан, Италия, Австрия, Буюк Британия ва Германияга экспорт қилинмоқда. Бу ерда 840 та иш ўрни яратилган.

Корхонада халқаро стандартларга жавоб берувчи замонавий юқори технологик ускуналар Хитой, Германия ва Белгиядан олиб келинган. Иккинчи босқичда синтетик толалар ва ундан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Олий мартабали меҳмонлар корхонанинг шоу-румини ва тайёр маҳсулотлар намойишини кўздан кечирдилар.

Йилига 10 миллион долларлик экспорт қилаётган фабрика маҳсулотларининг сифати Тожикистон делегацияси томонидан юқори баҳоланди.

Президентлар мамлакатларимизнинг илғор корхоналари ўртасидаги кооперацияни кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар.