Лойиҳага кўра, амалдаги 100 АҚШ доллари миқдоридаги лимитни 500 АҚШ долларигача ошириш режалаштирилмоқда. Агар ушбу ўзгариш қабул қилинса, 500 доллар эквивалентигача бўлган нақд чет эл валютасини сотиб олишда паспорт тақдим этиш талаб этилмаслиги мумкин.
Шу билан бирга, мижозларни текшириш тартиблари сақланиб қолади. Жумладан, банклар:
— мижоз шахсини идентификация қилиш;
— унинг номидан ҳаракат қилаётган шахс ваколатларини текшириш;
— бенефициар мулкдорни аниқлаш;
— операция мақсади ва хусусиятини ўрганиш;
— зарур ҳолларда маблағлар манбасини мониторинг қилиш каби чораларни амалга оширади.
Қарор лойиҳасида банк ҳисобварағини очмасдан амалга ошириладиган операциялар бўйича текширув чегараларини ҳам ўзгартириш назарда тутилган. Ҳозирда бундай текширувлар базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараварига тенг (тахминан 206 млн сўм) суммадан бошланади. Лойиҳада эса ушбу чегарани 175 миллион сўм этиб белгилаш таклиф қилинмоқда.
Марказий банкка кўра, мазкур ўзгаришлар аҳоли учун қўшимча қулайликлар яратишга қаратилган. Шунингдек, текширув чегаралари FATF — жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича халқаро ташкилотнинг 10-тавсияси талабларига мувофиқлаштирилмоқда.
Ушбу тавсияларга мувофиқ, бир марталик операциялар бўйича текширув чегараси 15 минг АҚШ долларини ташкил этади. Айни пайтда амалдаги чегара (тахминан 16,9 минг доллар) ушбу меъёрдан юқори ҳисобланади. Шу боис, уни 175 миллион сўм даражасида белгилаш таклиф этилмоқда.
Қайд этилишича, қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан сўнг якуний шаклга келтирилади.