Шу боис, таълимга сифат ва мазмун олиб кирилиб, муаллимнинг обрў-эътибори тикланмоқда, даромади ошириб борилмоқда.

Ўтган ўн йилда аҳоли 8 миллионга кўпайган шароитда ҳам мактабгача таълим қамрови 78 фоизга етказилди. Мактабларда 1,5 миллион қўшимча ўқувчи ўрни яратилди.

Президент, ижод ва ихтисослашган мактаблар ташкил этилгани фарзандларимизга етакчи хорижий таълим масканларидан кам бўлмаган даражада чуқур билим олиш имконини берди. Ёшларга хорижий тиллар ва касб-ҳунар ўрганишлари учун муносиб шароитлар яратилди.

Олийгоҳларда ўқиш учун қулай шароитлар кенгайиши ҳисобига талабалар сони 1 миллион 600 минг нафарга етди. Ёшларда билим олишга иштиёқ кучайиб, ота-оналар учун фарзандини олий маълумотли қилиш фақат орзу эмас, эришса бўладиган мақсадга айланди.

Талабаларнинг ярмидан кўпини хотин-қизлар ташкил этаётгани – Учинчи Ренессанснинг ўзига хос қиёфаси. Билимли қизлар – билимли оила, билимли авлод ва маърифатли жамият деганидир, – деди давлатимиз раҳбари.