Қарорга кўра, республикада мавжуд 10 мингдан зиёд қабристонларни ободонлаштириш мақсадида 2027-2029 йилларга мўлжалланган дастур тасдиқланиб, жами 1,6 трлн сўм маблағлар йўналтириш белгиланди.
Бунда Дастурни молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланди:
- қабристонларнинг ҳимоя деворларини қуриш ва кириш дарвозаларини ўрнатиш ва таъмирлаш — маҳаллий бюджетлари маблағлари;
- қабристонларнинг бино ва иншоотлари ҳамда йўл ва йўлакларини қуриш ва таъмирлаш — ҳар бир қабристон учун очилган шахсий ҳисобварақларда шаклланган маблағлар, ҳомийлик ва хайр-эҳсон маблағлари, маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар маблағлари.
Хайр-эҳсон қилиш орқали келиб тушадиган маблағларни қабристонни сақлаш ва ободонлаштириш билан боғлиқ харажатларга йўналтириш мақсадида ҳар бир қабристон учун алоҳида шахсий ҳисобварақ очилади.
Бунгача хайр-эҳсон учун бир тумандаги жами қабристон учун 1 та ҳисобварақ очилгани сабабли йиғилган маблағлар назорати йўлга қўйилмаган эди.
Ҳар бир қабристон учун очилган шахсий ҳисобварақларга ихтиёрий хайр-эҳсон қилувчи юридик ва жисмоний шахсларнинг тўловларини қабул қилиш учун тегишли ҚР-кодлар жорий этилади. Тушган маблағлар фақат ушбу қабристонларни сақлаш, ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади ва бошқа мақсадлар учун сарфланишига йўл қўйилмайди.