Тадбирда миллий адабиётимиз, маданият ва санъатимиз фахри бўлган шоир ва ёзувчилар, актёр, драматург ва режиссёрлар, қўшиқчи, созанда ва композиторлар, рассом, ҳайкалтарош ва ҳунармандлар, санъатшунос олимлар иштирок этмоқда.
“Давлатни иқтисод кўтаради, қонун бошқаради, армия ҳимоя қилади. Лекин қайси мамлакат адабиёт ва маданиятга эътибор берса, келажаги мустаҳкам бўлади. Қайси жамият ижод ва санъатни қадрласа, ўша халқнинг маънавий иммунитети кучли бўлади. Битта яхши асар, таъсирчан қўшиқ миллатнинг руҳини кўтаради, биргина спектакль жамиятнинг тафаккурини уйғотади, кинодаги бир образ бутун авлоднинг қарашини ўзгартиради”, – деди Президентимиз.
Ушбу учрашувга тайёргарлик давомида кўплаб ижодкорлар билан суҳбатлар ўтказилди, маданият ва санъат объектлари жойига бориб кўрилди. Давлатимиз раҳбари мазкур мулоқотнинг мақсади соҳадаги муаммоларга ечим топиш ҳамда адабиёт, маданият, санъат ва креатив иқтисодиётда янги муҳит яратадиган катта ташаббусларни бошлаб беришдан иборат эканини таъкидлади. Соҳада истеъдодларни юзага чиқариш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида янги тизим жорий қилиниши қайд этилди. Жумладан, театр, кино, рақс, опера, фольклор, эстрада, академик ва миллий чолғу, тасвирий ва амалий санъат каби 21 та йўналиш бўйича ижодий бирлашмалар ташкил этилади. Ижодий бирлашмаларга бир томондан устоз ижодкорлар, иккинчи томондан эса вазирлар ва компания раҳбарлари ҳамраис бўлади. Бу жараёнда ўз мактабини яратган санъаткорларимиз ёшларга касб сирлари ва саҳна маданиятини ўргатади. Вазирлар ва компания раҳбарлари эса энг қуйи поғонага тушиб, туманлардаги мусиқа мактаблари ва бадиий жамоалар билан учрашиб, уларнинг муаммоларига ечим топади. Ёшларнинг ижодига янги нафас олиб кириш учун ҳар бир ижодий бирлашма кесимида маҳалла – туман – вилоят – республика танловларини ташкил қилади. Ғолиб ва совриндорларни қўллаб-қувватлаш учун уларни гастроль сафарлари, фестиваллар ва халқаро танловларда иштирок этишига кўмаклашади.