Айниқса, кейинги йилларда жаҳонда ривожланиб бораётган энергетика, электротехника, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект каби замонавий соҳалар, қолаверса, “яшил” тараққиёт учун муҳим стратегик хомашёга айланган. Биргина электромобиль соҳасини олсак, ушбу тармоқнинг жадал ривожланиши дунё саноатида мисга талабни бир неча баробар оширмоқда. Чунки электромобилларнинг 90 фоиз эҳтиёт қисми мисдан ишланади.

Ўзбекистон мис хомашёсига бой. Мамлакатимиз тоғ-кон саноатида мис қазиб олиш кўрсаткичи анча юқори бўлиб, Марказий Осиё давлатлари орасида етакчи ўринларда. Айниқса, охирги ўн йилда мис ишлаб чиқариш кўрсаткичи сезиларли ўсди. Бу шунчаки конларни доимий қазиш билан амалга ошадиган иш эмас. Давлатимиз раҳбари бошчилигида тоғ-кон саноатида ишга туширилаётган йирик лойиҳалар, соҳага хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, конларни инвесторларга бериш, янги конларни ўзлаштириб, уларда энг замонавий технологияларни қўллаш ҳисобига аниқ натижаларга эришиляпти. Ўтган йилларда тармоқда ишлаб чиқариш ҳажми 1,7 баробар ўсгани бунинг тасдиғи. Юқори даромадли энг кўп иш ўрни ҳам айни шу соҳадаги тармоқларда очилмоқда.

2030 йилга қадар Ўзбекистонда мис ишлаб чиқариш ҳажмини 500 минг тоннага етказиш мақсади ҳам ўз-ўзидан белгиланмаган. Бунинг учун қувватлар чамаланиб, имкониятлар таҳлил қилинган. Масалан, 75 йилдан кўпроқ тарихга эга Олмалиқ кон-металлургия комбинатидаги лойиҳаларнинг ўзиёқ кўламни анчагина оширади. Комбинатнинг асосий маҳсулоти мис бўлиб, мис катодларини йиллик ишлаб чиқариш ҳажми бўйича МДҲ давлатлари орасида 3-ўринни эгаллайди. Маълумотларга кўра, комбинат таркибидаги “Ёшлик-1” ва “Қалмоққир” конларида 45 миллион тонна мис, 5000 тоннадан зиёд олтин захираси мавжуд. Улар саноатга камида 100 йилга етадиган кафолатли хомашё базаси бўла олади.

Аммо хомашёни қазиб олиш бир масала бўлса, уни қайта ишлаб, қўшилган қиймат занжирини ярата олиш навбатдаги довондир. Ўзбекистон бу довонни муваффақиятли босиб ўтмоқда. Гап шундаки, мамлакатимизда илгари аксарият қимматбаҳо ва рангли металлар каби мис ҳам фақат хомашё ҳолатида экспорт қилинган. Бугун маҳсулотни қайта ишлаб, тайёр товарга айлантириш, маҳаллий саноат тармоқларида кенг қўллаш кўрсаткичи анча баланд. Ҳозир йилига 100 минг тонна мис юртимизда қайта ишланиб, юқори қийматли маҳсулотга айлантирилмоқда.

Бу миллий иқтисодиётимизнинг турли тармоқларида мисдан фойдаланган ҳолда маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқариляпти дегани. Жорий йилда ишга тушириладиган янги лойиҳалар ҳисобига юртимизда мисни чуқур қайта ишлаш қуввати 240 минг тоннага етиши кутиляпти. Яқин икки-уч йилда эса бу кўрсаткич янада ошади.

Йирик лойиҳалардан бири аллақачон ишга туширилди. Жорий йил 16 март куни мамлакатимиз иқтисодиёти ва тоғ-кон саноатидаги тарихий санага айланди — давлатимиз раҳбари иштирокида Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг 3-мис бойитиш фабрикаси очилди. 196 гектар майдонда амалга оширилаётган лойиҳанинг умумий қиймати 2 миллиард 700 миллион долларга тенг. Янги фабрика комбинатдаги “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш дастурининг бир қисми бўлиб, унда йилига 600 миллион тонна маъдан қайта ишланиб, 900 минг тоннага яқин мис концентрати ишлаб чиқарилади. Фабрика тўлиқ ишга тушгач, Олмалиқ комбинатида мис концентратининг кунлик ҳажми ҳозирги 2400 тоннадан 5000 тоннага етади.

Бундан беш-олти йил илгари бир гуруҳ ОАВ ходимлари билан бирга Олмалиқ кон-металлургия комбинатида бўлиб, 3-мис бойитиш фабрикаси қурилишига гувоҳ бўлганимиз ёдимда. Ўшандаёқ мазкур гигант лойиҳа мамлакатимиз саноатида катта воқеа бўлиши кутилганди. Боиси, у ниҳоятда катта қувватдаги рудани қайта ишлашга қаратилган улкан замонавий мажмуа бўлиш баробарида рангли ва қимматбаҳо металларни қазиб олишдан то қайта ишлаб, экспорт қилишгача жараённи умумлаштириб, қўшилган қиймат яратишга қаратилган ҳаракатларнинг катта қисмидир.

Масалан, қазиб олинган руда мис бойитиш фабрикасига юборилади. Бу ерда металл бойитиш жараёнидан ўтиб, ундан концентрант олинади. Яъни руда майдаланиб, қўшимча реагентлар қўшиш орқали бойитилади ва чўкма ҳосил қилинади. Ҳосил бўлган мис концентранти мис эритиш заводига юборилади. Маълумотларга кўра, комбинатда қиймати 2,5 миллиард долларлик янги мис эритиш заводини барпо этиш бўйича ишлар бошланган.

Электр токини энг яхши ўтказувчи

Ана энди масаланинг иккинчи муҳим жиҳатига ўтсак. Бу жаҳонда талаб ортиб бораётган мис рудасидан маҳаллий шароитда фойдаланиш билан боғлиқ. Яъни, мис ­хомашёсини ишлаб чиқариш ва чуқур қайта ишлаш нафақат юртимиз тоғ-кон саноати, балки кўплаб саноат тармоқлари ривожига хизмат қилади. Энергетика, электротехника, “яшил” технологиялар, умуман, ишлаб чиқариш жараёнида бевосита мис хомашёсига зарурат бўлган барча соҳа учун барқарор ва сифатли хомашё базаси яратилади. Ушбу соҳалар эса кейинги йилларда мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий драйверларига айланган.

Аслида, табиатига кўра мис юмшоқ, чўзилувчан, буғланувчан металл. Ундан фойдаланиш учун махсус ишлов берилиб, концентрантга айлантириш зарур. Мис концентрати металлургия заводларида хомаки мис ва кейинчалик тоза мис катодларини ишлаб чиқариш учун асосий хомашё бўлади. Мис катодлари эса юқори сифатли тоза мис плиталари бўлиб, электр саноати, кабель ишлаб чиқариш, машинасозлик ва қурилишда асосий хомашё сифатида қўлланади.

Айрим саноат тармоқларини мис хомашёсисиз тасаввур қилиш қийин. Оддий қилиб тушунтирганда, биз ҳар куни дуч келадиганимиз ва фойдаланадиганимиз электр симлари ўрнатилган ҳамда электр токида ишлайдиган ҳамма ашё мис хомашёси асосида ишлаб чиқарилади. Демак, ушбу хомашё базасига талабнинг маҳаллий шароитда тўлиқ ­қондирилиши кўплаб саноат тармоқларида арзон ва сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўл очади.

Ҳозир мамлакатимизда электротехника саноати ривожининг муайян қисми шу билан боғлиқ десак, муболаға бўлмайди. Маълумотларга кўра, ушбу саноатда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг аксарияти тўлиқ маҳаллийлаштирилди. Ҳатто, электромобиль ўзимизда ишлаб чиқариляпти.

— Бугун дунё саноатида замонавий йўналишлар ривожланаётгани ва аксарияти “яшил” технологиялар билан боғлиқлиги мис хомашёсига талабни кескин оширган, — дейди “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов. — Бу соҳалар бевосита электротехника саноати ривожи билан ҳам боғланади. Масалан, кейинги йилларда Ўзбекистон “яшил” энергетикани ривожлантириш бўйича дунёда етакчи давлатлар қаторига кириб бормоқда. Ушбу йўналишдаги лойиҳалар кўлами йил сайин кенгайиб боряпти. Ҳозир юртимиз бўйлаб 15 та қуёш фотоэлектр станцияси, 5 та шамол электр станцияси фаол ишлаб турибди. Жорий йилда мамлакатимизда яна 2 гигаватт қувватга эга “яшил” энергия манбаларини ишга тушириш режалаштирилган. Уларга жуда кўп кабель, генератор, инвертор, трансформаторлар зарур. Шу боис, ушбу маҳсулотлар халқаро стандартлар асосида маҳаллийлаштириб бориляпти. Бугун алюминий рамка, DC кабель, металл конструкция, ички ва ташқи баклар, пенополиуретан қуйиш, мис трубка қисмлари тўлиқ маҳаллийлаштирилди.

Ўтган йили юртимизда 35 триллион сўмлик электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Бу 2023 йилдагига нисбатан қарийб икки баробар ўсишни англатади. Электр двигателлар, лифт ва эскалаторлар, саноат совитиш тизимлари, электрон плиталар, қуёш панеллари, сув насослари ва иситиш ускуналари каби янги маҳсулотлар ўзлаштирилди. Кўплаб турдаги электротехника маҳсулотларининг юртимизда ишлаб чиқарилаётгани мис хомашёсига талабни яққол кўрсатади. Чунки тармоқда фойдаланиладиган асосий хомашё мис экани сир эмас. Биргина мисол: ўтган йили юртимизда мисни қайта ишлаш ҳажми 100 минг тоннани ташкил этди. Бундан олти йил аввал ушбу кўрсаткич 32 минг тонна бўлганини ҳисобга олсак, ўсиш сезиларли даражада юқори эканини кўриш мумкин. Бу кейинги йилларда мисдан юқори қийматли маҳсулот яратишга талаб ортиб бораётганидан ҳам далолат.

Барқарор ва муҳим база

Мис пластиналарини юртимизда тайёрлаш хориждан харид қилишдан кўра анча арзон тушади. Қолаверса, етказиб бериш вақти ва харажати тежалади. Мамлакатимиздаги маҳаллий электротехника корхоналари вакиллари Олмалиқ кон-металлургия комбинатида ишга туширилган 3-мис бойитиш фабрикаси шу жиҳатдан катта стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидламоқда.

— Мис хомашёсини чуқур қайта ишлаш қувватларининг кенгайиши кабель-сим маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар учун барқарор ва сифатли хомашё базасини яратиб беради, — дейди “Metal Processing technology” корхонаси раҳбари Анвар Нодирхонов. — Шу боис, 3-мис бойитиш фабрикасининг ишга туширилиши мисни чуқур қайта ишлаш орқали юқори қиймат занжирини шакллантириш йўлидаги муҳим қадамдир. Айниқса, фабрикада замонавий ­технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект элементларининг жорий этилгани бугунги ислоҳотлар саноатни янги босқичга олиб чиқаётганидан далолат. Ҳозир ички ва ташқи бозорда маҳаллийлаштиришга талаб юқори. Яъни арзон ва сифатли маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқара олган давлатлар жаҳон бозорида устунликка эришмоқда. Мамлакатимиз электротехника саноати кейинги йилларда мисли кўрилмаган даражада ривожланиши ортида ҳам маҳаллийлаштириш турибди. Биз ички имкониятларимиздан тўла фойдалана бошладик. Хомашёни қайта ишлаб, тайёр маҳсулотга айлантиришга ўтдик. Тўғри, бу жуда катта харажат ва саъй-ҳаракатни талаб қилади, аммо натижа ҳам шунга яраша.

Бугун Ўзбекистон саноат тармоқларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар энг ривожланган давлатлар бозорига кириб боряпти. Айниқса, миллий бренддаги электротехника маҳсулотларига жаҳон бозорида талаб юқори.

Мазкур корхонада ишлаб чиқариладиган мис қувур ва фитингларнинг асосий ­хомашёси мис. Авваллари бу турдаги маҳсулотлар юртимизга асосан Европа давлатлари ва Хитойдан импорт қилинган. Ҳозир эса маҳаллий тадбиркор ички бозорни тўлиқ таъминлаш баробарида маҳсулотларнинг катта қисмини Европа ва МДҲ давлатларига экспорт қиляпти.

Корхонада тўртта ишлаб чиқариш заводи бўлиб, улардан бири шу йил март ойида Оҳангарон туманидаги технопаркда иш бошлади. Лойиҳанинг биринчи босқичида 35 минг тонна мис қувур ва фитинглар ишлаб чиқарилади. Якуний учинчи босқичда бу ҳажм 70 минг тоннага етказилиши кўзда тутилган. Завод тўлиқ ишга тушгач, йилига импорт ўрнини босувчи 10 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Бунинг учун катта миқдорда мис хомашёси зарур. Айни пайтда ушбу хомашёга эҳтиёж маҳаллий шароитда қондирилиши тадбиркорларни мамнун этмоқда. Боиси, барқарор хомашё таъминоти маҳсулот сифатини ошириш, ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ва янги турдаги маҳсулотлар тайёрлаш имконини беради.

* * *

Электромобилларни қувватлаш станцияларини ишлаб чиқаришда анча-мунча мис керак. Бу турдаги маҳсулотлар ҳам юртимизда ишлаб чиқарилади. Мамлакатимиз саноат тармоқларининг ривожи энг мураккаб турдаги ускуналарни ҳам маҳаллийлаштиришга замин яратади.

Тошкент шаҳридаги “Toshelectroapparat” МЧЖ хорижий корхонасида 2019 йилдан буён электромобилларни қувватлаш станциялари ишлаб чиқарилмоқда. Қолаверса, завод электр монтаж қурилмалари, ­под­станциялар, станциялар, трансформаторлар, қуёш панеллари, инверторлар, паст кучланишли электр двигателлари учун частотани назорат қилиш мосламалари, кўча ёритқичлари ва электр ҳисоблагичлар ҳам тайёрлаб беради. Бу ерда мисдан асосан трансформатор, подстанциялар ишлаб чиқаришда фойдаланилади.

Умуман, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида ишга туширилган янги 3-мис бойитиш фабрикаси бу шунчаки саноат қуввати эмас, балки катта-кичик тармоқлар учун муҳим маҳаллий хомашё манбаи. Бу хомашёга талаб катта бўлган Чирчиқ трансформатор заводи, “Toshelectroapparat”, “O‘zelektroapparat-Electroshield” каби корхоналар учун ишлаб чиқариш қувватини янада ошириш имкониятидир. Чунки ушбу заводларда ишлаб чиқариладиган трансформатор, подстанцияларнинг асосий қисми мисдан иборат. Уларни ишлаб чиқариш ва экспорт қилишда узилиш бўлмаслиги учун ҳам кўпроқ хомашёга зарурат мавжуд. 3-мис бойитиш фабрикаси ана шу маҳаллий эҳтиёжни қондириш қувватига эга.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири