Бугунги шиддатли ислоҳотлар даврида ҳар бир ҳудуднинг тараққиёт йўналиши мавжуд ресурслар билан кифояланиб қолмай, юқори қўшилган қиймат яратадиган замонавий иқтисодий тизимга ўтишни тақозо этмоқда. Илгари хомашё базаси сифатида қаралган Қашқадарёда сўнгги йилларда кечаётган ўзгаришлар драйвер соҳаларни кенгайтириш, аграр тармоқда сув ва ресурс тежовчи технологияларни ривожлантириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш йўналишларида янги босқичга кўтарилди. Ялпи ҳудудий маҳсулотнинг муттасил ўсиши, саноат таркибида тўқимачилик ва қурилиш материаллари улушининг ортиши ҳамда экспорт географиясининг кенгайиши ҳудуднинг иқтисодий имкониятлари нақадар кенглигини намоён қилмоқда.
Вилоятда қабул қилинган мақсадли манзилли дастурлар, янги саноат ва эркин иқтисодий зоналарнинг ташкил этилиши, шунингдек, туризм салоҳиятини комплекс ишга солишга қаратилган лойиҳалар маҳаллий аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Муҳими, маҳаллаларнинг иқтисодий ихтисослашуви, “бир контур — бир маҳсулот” тамойили асосида тўлиқ ишлаб чиқариш ва сотув занжирининг йўлга қўйилиши камбағалликни қисқартиришда, барқарор иш ўринларини яратишда ўзига хос самарадорликни кўрсатяпти. Таълим ва рақамлаштириш, ёшларни замонавий касбларга йўналтириш ҳамда аҳолини тоза ичимлик сув ва муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлашга қаратилган тизимли ташаббуслар вилоятнинг келажакдаги истиқболларини белгилаб бермоқда.
Воҳада амалга оширилаётган ана шу кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, саноатлаштириш, аграр ташаббусларнинг натижадорлиги ҳамда аҳоли даромадларини оширишга қаратилган устувор вазифалар ижросини атрофлича ёритиш мақсадида “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов билан суҳбатлашди.
— Президентимиз жорий йилнинг 10 март куни Қашқадарё вилоятини ривожлантириш бўйича ўтказган йиғилишда ҳудудда ишга солинмаган катта иқтисодий салоҳият мавжудлигини таъкидлаб, инвестиция, саноат, қишлоқ хўжалиги ва бандликни ошириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди. Бугун ушбу вазифалар ижросида қайси йўналишлар устувор аҳамият касб этмоқда?
— Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида шундай фикрни алоҳида таъкидлаган эди: “Биз ўзгаришларни кутиб яшамаймиз, аксинча, уларни ўзимиз, ўз ақл-заковатимиз ва масъулиятли меҳнатимиз билан яратамиз”. Бу тамойил кўзлаган марраларимизга етишимизда асосий дастуриламалимиз бўлмоқда. Юртимиздаги янгиланишлар, ислоҳотлар бугун қашқадарёликлар ҳаётида ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Аввало, суҳбатимизни охирги йилларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг вилоятимиздаги самаралари ҳақидаги айрим рақамлардан бошласак. Вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти охирги 5 йилда 1,5 бараварга ўсиб, 100 триллион сўмдан ошди. Қишлоқ хўжалиги, саноат, қурилиш, хизматлар йўналишларида ҳам ўсишлар кузатилди.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги натижаларига кўра вилоят иқтисодиёти 8,4 фоиз ўсди. Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ҳам 55,7 триллион сўмни ташкил қилди. Йил якуни билан бу кўрсаткични 120 триллион сўмга етказиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олганмиз.
Саноат ишлаб чиқариш ҳам 8,3 фоиз ўсди. Электротехника соҳасида ўсиш 184, кимё соҳасида 143, мебелсозликда 130, фармацевтикада 119, тўқимачиликда 116 ва қурилиш саноатида 110 фоизни ташкил қилди. Биргина мисол, Қарши шаҳридаги “Alp texno-servis” корхонаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 90 миллиард сўмликдан кўп электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарди ва бу кўрсаткич 19 каррага ошди. Бу маҳсулотлар тўлиқ экспортга йўналтирилмоқда. Корхона биринчи ярим йилликда 13 миллион долларлик экспортни амалга оширди.
“Qarshi Conch Cement” заводи ҳам қарийб 600 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарди, ўсиш суръати 130 фоизни, экспорт ҳажми 11 миллион долларни ташкил этди. Жорий йилнинг ўтган 6 ойида асосан импортни қисқартиришга қаратилган 962 миллиард сўмлик 60 та лойиҳамиз ишга туширилди. Бундан ташқари, 110 та корхона фаолияти тикланиб, шунинг ҳисобидан қарийб 32 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.
Айни пайтда вилоятимизда Ислоҳотлар штаби самарали фаолият олиб бормоқда. Штаб чет эллик инвесторлар билан вилоят тадбиркорлари мулоқотини йўлга қўйиб, жуда катта имконият ва ташаббуслар борлигини аниқлаяпти. Юқорида сиз қайд этган йиғилишда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, жорий йилнинг 13 март куни Президентимизнинг Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича “Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Давлатимиз раҳбари қарор билан вилоятимизни ривожлантириш учун 1,4 триллион сўм маблағ ажратиб берди. Натижада вилоятимизнинг барча тармоқларида янги ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Мазкур қарор вилоятимиз учун янги тараққиёт босқичини бошлаб берадиган муҳим дастур ҳисобланади.
Жумладан, ялпи ҳудудий маҳсулот ўсишини таъминлаш, инвестициялар ҳажмини 3,5 миллиард, экспортни 1 миллиард долларга етказиш каби аниқ мақсадлар билан ишлаяпмиз.
— Қашқадарё табиий ресурсларга бой ҳудуд. Энди асосий мақсад хомашё эмас, юқори қўшилган қиймат яратадиган ишлаб чиқаришни ривожлантиришдан иборат. Бу борада вилоятда қандай янги саноат лойиҳалари амалга оширилмоқда?
— Яқин йилларда ҳам Қашқадарё вилояти хомашё базасига айланиб қолган ҳудудлардан бири эди. Вилоятимизда кўпроқ нефть-газ корхоналарига кўз тикиб қолинганди. Биласиз, воҳамизда республикадаги энг кўп пахта, ғалла, пилла, чорвачилик маҳсулотлари етиштирилади. Лекин бу йўналишда фақат пахта заводларидан бошқа корхона йўқ эди.
Президентимиз олиб бораётган оқилона сиёсат туфайли вилоятимиз саноатининг асосий мазмуни тубдан ўзгарди, яъни мақсад маҳаллий хомашёни тайёр маҳсулотгача қайта ишлаш, қўшимча қиймат занжирини яратиш, импорт ўрнини босиш ва экспортбоп маҳсулот турларини кўпайтиришдан иборат.
Тўқимачилик вилоят саноатининг асосий драйвер йўналишларидан бири ҳисобланади. Вилоятда 2017 йилда 1,3 триллион сўмлик тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, 2025 йил якуни билан бу кўрсаткич 9,5 баробарга ошиб, 12,4 триллион сўмга етди. Вилоятда фаолият кўрсатаётган 459 та тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхонасида 101 минг тонна ип-калава, 25,4 миллион квадрат метр ип-газлама, 15,5 минг тонна мато, 100 миллион донага яқин тайёр трикотаж ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилган. Тўқимачиликнинг вилоят саноатидаги улуши 26 фоизни ташкил этмоқда ва йил якуни билан 30 фоизга етказилади. Бугунги кунда вилоятда пахта хомашёсидан тайёр маҳсулотгача бўлган занжир яратилган. Соҳада қатор янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу борада вилоятимизда фаолият юритаётган саноат зоналари катта аҳамият касб этмоқда.
Жумладан, “Sulton Tex Group” МЧЖ томонидан қиймати 120 миллион доллар бўлган 3500 та иш ўрнига эга, сувни исроф қилмайдиган, Ўзбекистондаги уникал мато, тайёр кийим-кечак, гигиеник воситалар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг кейинги босқичини мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида ишга тушириш кўзда тутилган.
Яна бир йирик ташаббус — Муборак тумани Кончилар маҳалласида 200 гектар майдонда инновaцион саноат зонасини ташкил этиш. Унда 5 та асосий ва 30 та қўшимча лойиҳани жойлаштириш, муҳандислик тармоқларини олдиндан етказиш ва инвесторларга тайёр ишлаб чиқариш майдони таклиф этиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, Таллимаржон иссиқлик электр станцияси атрофида ҳам саноат зоналарини ташкил қилиш бўйича ишлаяпмиз.
Саноатни фақат йирик шаҳарлар ёки саноат марказларига тўплаб қўймасдан, чекка туманларда ҳам бир маромда ривожлантириш асосий мақсад қилиб олинган. Бунинг учун янгидан ташкил этилаётган ҳар бир корхона олдига аниқ ва қатъий талаблар қўйилмоқда. Хусусан, янги корхонанинг маҳаллийлаштириш даражаси, энергия самарадорлиги, экспорт имконияти ва яратилган барқарор иш ўрни ва ҳоказо. Шу йўл билан ҳудудларнинг иқтисодий салоҳияти тенглаштирилади, туманларда янги саноат нуқталари пайдо бўлади ва аҳолининг турмуш даражаси оширилади.
— Сув танқислиги Қашқадарё учун ҳам долзарб масалалардан бири. Сув тежовчи технологияларни жорий этиш, каналларни реконструкция қилиш ва аграр соҳада самарадорликни ошириш бўйича қандай аниқ натижалар кутиляпти?
— Хабарингиз бор, мамлакaтимизда энг қиммат сув Қашқадарёда. Амударёдан 7 та насос станцияси орқали Қарши магистрал каналида вилоятимизнинг пахта ва ғалла энг кўп етиштириладиган бир қатор ҳудудларига сув етказилади. Шу боис, Қашқадарёда сувдан тежамкор фойдаланиш қишлоқ хўжалигининг барқарорлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ аҳолиси даромади учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Ҳозир 260,7 минг гектар, яъни суғориладиган майдонларнинг 51 фоизи сув тежовчи технологиялар билан қамраб олинган. Йил якунига қадар ушбу кўрсаткични 58 фоизга етказиш, жумладан, 70,6 минг гектарда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий этиш ҳамда 27,4 минг гектар майдонни лазерли текислаш белгиланган. Сув етказиб бериш тизимида 320 километр магистрал ва 3,3 минг километр ички канални бетонлаш, 16 та насос станциясини модернизaция қилиш режалаштирилган. Ҳисоб-китобларга кўра, бу чоралар йилига 800 миллион куб метргача сувни иқтисод қилиш имконини беради.
Бугунга қадар 66 километр канал қурилди ва реконструкция қилинди, 687 километр суғориш ҳамда коллектор-дренаж тармоғида таъмирлаш ишлари бажарилди. Натижада 11,8 миллион куб метр сув йўқотилишининг олди олиниб, 18,5 минг гектар ернинг сув таъминоти ҳамда 7,2 минг гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. Сув тежамкорлиги агротехнология билан бирга қўлланади. Бунинг учун сифатли уруғ, замонавий техника, тупроқ таҳлили ва озиқлантириш меъёрлари сув билан ягона технологик жараёнда бошқарилади.
Келгуси босқичда сув ҳисоби рақамлаштирилиб, асосий канал ва насос станцияларида “ақлли” ўлчаш воситалари ўрнатилади. Натижа бажарилган қурилиш ҳажми билан эмас, даланинг охиригача етиб борган сув, тежалган электр энергияси ва гектардан олинган қўшимча даромад билан баҳоланади. Етакчи олий таълим муассасалари, шунингдек, воҳамиздаги Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда сувсизликка чидамли экинларини экиш бўйича тадқиқотлар кўлами кенгаймоқда.
— Президентимиз томонидан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, бозорларда гўшт, мева-сабзавот маҳсулотлари нархларининг барқарорлигини таъминлаш ва захирасини яратиш бўйича алоҳида кўрсатмалар берилди. Бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам тўхталсангиз.
— Бу йўналишда Қашқадарёда имкониятлар жуда катта. Айниқса, чорва бўйича. Шуни ҳисобга олган ҳолда, вилоят ҳокимлиги томонидан чорвачилик соҳасидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга доир маълумотлар тўплами ишлаб чиқилиб, фермерлар ва деҳқон хўжаликлари раҳбарларига етказилмоқда. Бу тўпламда қорамолчилик, қўйчилик, эчкичилик, йилқичилик, паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик соҳалари қамраб олинган.
Шу билан бирга, Президентимиз қарорига асосан, пахта ва ғаллага ихтисослашган ҳар бир фермер хўжалигига чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш учун 20 сотихдан ер майдони берилмоқда. Ҳозирги кунда 384 та фермер хўжалигимиз бу йўналишдаги ишларни бошлади.
Қашқадарёда қоракўлчилик хўжаликлари ҳам бор. Яқинда уларнинг раҳбарларини йиғиб, муаммоларини эшитдик, банклар билан боғладик. 1 августдан бошлаб уларга имтиёзли кредитлар ажратиляпти. Хориждан наслли моллар олиб келганлар қўшимча қиймат солиғидан озод этилмоқда. Бу ҳам чорвадорларимизга яратилаётган имкониятнинг бир кўриниши. Шу билан бирга, хориждан гўшт олиб келиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Воҳада 3 та йирик компания мазкур фаолият билан шуғулланмоқда. Айни пайтда омборларимизда 200 тоннадан ортиқ гўшт захираси яратилган. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида нархларнинг кунлик мониторингини амалга оширяпмиз, аниқ стратегияларни белгилаяпмиз.
Яна бир масала. Маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этишни қўшимча қўллаб-қувватлаш бўйича Қашқадарё мисолида локомотив тизимни жорий қиляпмиз. Бу ерда давлат қўллаб-қувватлаши бор, имтиёзлар ва преференциялар берилган, молиявий ёки инфратузилмавий ёрдамлар кўрсатиляпти. Экспертлар, инновациялар жалб қилиняпти. Қонунчиликда қанча қўллаб-қувватлашлар бўляпти. Имтиёзларни ҳамма ҳам билавермайди. Ҳар бир маҳаллага бириктирилган раҳбарлар буларни одамларга етказяпти.
Маҳалла тадбиркорлигини ривожлантириш учун илмли, малакали мутахассислар жалб қилиняпти. Субсидиялар, фоизсиз кредитлардан локомотив корхоналар орқали мақсадли фойдаланиш йўлга қўйилмоқда. Кредит ва субсидиялар тарқоқ лойиҳаларга эмас, ҳар бир маҳалланинг асосий иқтисодий йўналишига хизмат қиладиган ишлаб чиқариш занжирига берилади. Келгусида локомотив корхоналарга мақом бериш, унинг аниқ ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб бориш таклиф қилинмоқда.
Маҳаллада банкирлар одамлар билан ишлаяпти, кредит олиб беряпти, янги микролойиҳаларни амалга оширяпти. Каттароқ лойиҳалар қилиш учун вилоятдаги тижорат банкларида жойлашган лойиҳа офисларига мурожаат қилиб, аҳолига истиқболли, тайёр лойиҳаларни тақдим этяпти. Маҳаллада деҳқон хўжаликлари билан ҳам алоҳида ишлаяпмиз. Локомотив корхонага уруғчилик селекциясини яхшилаш учун уруғчилик институтлари бириктирилмоқда. Ҳар ким ўзи билганича экин экмай, бозорбоп, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш чорасини кўриши керак.
Локомотив корхоналарга лизинг асосида янги техникалар ҳам берилмоқда. Шунингдек, улар агрокимёвий маҳсулотлар, ўғитлар таъминоти, агрономларни ёллаш, маҳсулотини сотиб олиб, экспортга йўналтириш масалаларида деҳқон хўжаликларига кўмаклашади. Шу сингари бир қатор тадбирлар орқали бугунги кунда Қашқадарёда озиқ-овқат хавфсизлиги йўналишида нархлар барқарор сақланишига эришилмоқда.
— Президентимиз вилоятда ишсизлик ва камбағалликни қисқартиришни энг муҳим вазифалардан бири сифатида белгилади. Сизнингча, аҳоли даромадини барқарор оширишда қайси механизм энг самарали натижа бермоқда?
— Энг самарали механизм — маҳалланинг ихтисослашуви, оиланинг имконияти ва тайёр бозорни битта иқтисодий занжирга бирлаштиришдир. Фақат кредит ажратиш билан чекланмасдан, тайёр бизнес лойиҳа, касбга ўқитиш, инфратузилма, маҳсулотни қабул қилувчи “локомотив” корхона ва сотув каналини бир вақтда таъминлаш зарур.
2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида 331 мингдан зиёд аҳолининг бандлиги таъминланди. Шундан 45 мингдан зиёди доимий иш ўрнига жойлаштирилди, қарийб 51 минг фуқаронинг меҳнат фаолияти расмийлаштирилди ва 235,4 минг аҳолига даромад манбаи яратилди. Ишсизлик даражаси 4,6 фоизга тушди. Йил якунига қадар уни 3,2 фоизга, камбағаллик даражасини эса 3 фоизгача қисқартириш вазифаси белгиланган.
Бу ёндашувнинг амалий мисоли Кўкдала туманидаги полизчилик занжирида кўринади. Жорий йилда 20 минг гектар майдонда тарвуз етиштирилиб, 105 минг тонна ҳосил олинди ва 10 та давлатга 35 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Ҳар бир гектардан ўртача 60 миллион сўм соф даромад олингани хонадон, деҳқон ва фермер хўжаликларини ягона сотув тизимига бирлаштириш самарасини кўрсатди.
Вилоятда чуқур ихтисослашган маҳаллалар сони 209 тани, ўрта ихтисослашган маҳаллалар 492 тани, паст ихтисослашган маҳаллалар 74 тани ташкил этади. Жорий йилда 106 та маҳаллада ихтисослаштириш даражасини 50 фоиздан оширишни мақсад қилганмиз. Қишлоқ хўжалигига ихтисослашган маҳаллаларда уруғ ва кўчат етказиб бериш, агротехник хизмат кўрсатиш, етиштириш, йиғиб олиш, саралаш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотиш жараёнлари ягона кооперaция занжирига бирлаштирилди.
Ҳурматли Президентимиз ҳар доим бизга илмга асосланган ҳолда ёндашиб, қўшилган қиймат занжирини яратиш вазифасини белгилаб беради.
Ғузор туманидаги Даштобод маҳалласи тажрибаси маҳалла ихтисослашуви, “бир контур — бир маҳсулот” тамойили ва қўшилган қиймат яратиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижасидир. Даштобод маҳалласи помидорчиликка ихтисослашган. Помидор етиштириш майдони 800 гектарга, йиллик ҳосил ҳажми 60 минг тоннага етказилди. Етиштирилган маҳсулот республиканинг 5 та вилояти бозорларига етказилмоқда.
Маҳсулотни саралаш, қадоқлаш, қуритиш, қайта ишлаш ва экспортга тайёр маҳсулот сифатида сотиш орқали “даладан — ташқи бозоргача” қўшилган қиймат занжирини тўлиқ шакллантириш ишлари амалга оширилмоқда. Даштобод маҳалласи аҳолисининг турмуш шароити ва фаровонлик даражасидаги ўзгаришларни қуйидаги 5 та кўрсаткич орқали ифодаламоқчиман:
— 2020 йилда маҳаллада 42 та енгил автомашина бўлган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 936 тага етди ёки 22 баробарга ошди;
— тадбиркорлик субъектлари сони 23 баробарга (3 тадан 70 тага), расмий банд аҳоли сони 40 баробарга кўпайди;
— олий таълимга қамров даражаси 5 баробарга ошди;
— илгари ишсизлик юқори бўлган ушбу ҳудудга ҳозир бошқа ҳудудлардан 1000 нафарга яқин ишчи кучи жалб қилинмоқда;
— маҳалла жиноятчилик, ишсизлик, камбағаллик, оилавий ажримлар ва нотинч оилалардан холи ҳудудга айланди.
Ёки Косон тумани Эсабой маҳалласи ўзининг сабзичилик мактаби билан юртимизда танилган. Жами 2700 гектар майдонда сабзи экилиб, ҳар гектардан ўртача 40-45 тонна, жумладан, 2025 йилда 110 минг тонна сабзи етиштирилди ҳамда аҳоли ва тадбиркорлар томонидан 220 миллиард сўм даромад олинди. Маҳаллада сабзи етиштириш асосида қўшилган қийматнинг бир нечта занжири шакллантирилиб, аҳолининг даромади бир неча баробарга ошди. Жумладан, 14 етакчи тадбиркор сабзини ювиш, саралаш ва қадоқлаш цехларини ишга туширган. Ушбу цехларда бир кунда ўртача 150 тонна маҳсулот тайёр ҳолатга келтирилиб, республикамиз бозорларига, шунингдек, Қозоғистон ва Қирғизистонга экспорт қилиш йўлга қўйилган. Мазкур цехларда 140 фуқаро доимий ва 300 дан ортиқ аҳоли мавсумий иш билан таъминланган. Бундан ташқари, суткалик қуввати 15 минг дона полипропилен қоп ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти йўлга қўйилган. 24 та хонадонда умумий сиғими 5300 тонна бўлган совиткич ҳамда музлаткичлар ташкил этилди. Маҳсулотни ювиш, қадоқлаш, сақлаш ва сотиш натижасида унинг қиймати бир неча баробарга ошмоқда.
Қашқадарё эркин иқтисодий зонасида мустақиллик байрами арафасида мева-сабзавотларни қуритиш, қадоқлаш ва экспорт қилишга мўлжалланган янги завод ишга тушади. Бу ерда 20 турдаги маҳсулот тайёрланиб, хорижга йўналтирилади. Бу янги иш ўринлари дегани. Аммо бизнинг бош мақсадимиз бандлик рақамларини кўпайтириш эмас. Асосийси, бу каби лойиҳалар орқали оилалар йиллар давомида барқарор ва кафолатланган даромад манбаига эга бўлсин.
— Қашқадарёнинг Шаҳрисабз, Китоб, Мираки каби ҳудудлари катта туризм салоҳиятига эга. Вилоятни халқаро туризм марказларидан бирига айлантириш учун қандай янги лойиҳалар амалга оширилмоқда?
— Қашқадарёни ҳалигача чўл ҳудуди деб ўйлайдиганлар йўқ эмас. Вилоятимизда бир вақтнинг ўзида тўртта фаслни кузатиш мумкин. Бу ерда туризмни ривожлантиришдан асосий мақсад сайёҳни бир объектга олиб келиш эмас, унинг вилоятда қолиш муддатини узайтирадиган ва маҳаллий аҳоли даромадини оширадиган тўлиқ хизматлар занжирини яратишдир. Йилига қарийб 1 миллион сайёҳни жалб қилаётган Мираки тажрибаси тоғ, зиёрат, гастрономик ва оилавий туризмни бирлаштириш учун асос қилиб олинмоқда. Шаҳрисабз тумани “Мираки” МФЙда 240 гектарлик “Шаҳрисабз” туристик марказида умумий 1050 ўринга мўлжалланган 2 та 3 юлдузли меҳмонхона, 135 та уй-меҳмонхоналари, 4 та хостел, 3 та санатория, савдо-кўнгилочар марказлари ҳамда бир вақтнинг ўзида 130 нафар туристга хизмат кўрсатувчи 2100 метрли дор йўли, автотураргоҳ ва ресторан ишга туширилди. Шунингдек, “Ҳисорак” сув омборида тюбинг, осма кўприк, қияликдаги арғимчоқлар, 2 та умумий узунлиги 1 километр бўлган зиплайн ва сув сатҳида 20 га яқин катерда саёҳат хизматлари ташкил қилинди. Бу модель Шаҳрисабз, Китоб, Қамаши ва Яккабоғ ҳудудларига кенгайтирилади.
Қамаши туманида “Майданак” баланд тоғ туризм марказини ташкил этиш, Шаҳрисабз туманида бир вақтнинг ўзида 13 минг саёҳатчига хизмат кўрсатадиган “Ғелон” халқаро умуммавсумий курортини барпо этиш, Яккабоғ тумани Татар қишлоғида туризм хизматларини ривожлантириш режалаштирилган.
Экстремал ва зиёрат туризми йўналишидаги сайёҳлар учун жозибадор бўлган Ҳазрати Султон чўққиси ҳудудида хавфсиз трекинг йўналишлари, йўл кўрсаткичлар, қутқарув нуқталари ва чодирли оромгоҳлар ташкил этилади. Шаҳрисабздаги тарихий ва маданий мерос объектлари Китоб геология қўриқхонаси, Мираки ва тоғ қишлоқлари билан ягона кўп кунлик маршрутга боғланади.
Жорий йилда 45 та меҳмонхона ва оилавий меҳмон уйи ташкил этиб, қўшимча
1130 та ўрин яратиш белгиланган. Биринчи ярим йилликда 3 та меҳмонхонада 180 та ўрин, 28 та оилавий меҳмон уйи ва 5 та бошқа туризм объекти ишга туширилди. Транспорт қулайлигини ошириш мақсадида 38 та автобус олиб келиниб, 6 та янги йўналиш очилди. Кейинги босқичда авиақатнов, темир йўл, автобус ва ички туристик маршрутлар жадвали ўзаро мувофиқлаштирилади.
— Бугунги раҳбардан нафақат иқтисодий натижа, балки очиқ мулоқот ҳам талаб этилмоқда. Ҳоким сифатида аҳоли мурожаатлари ва танқидларидан қандай хулоса чиқарасиз? Қарор қабул қилишда қайси тамойил сиз учун энг муҳим?
— Халқимиз мурожаатини тинглаш — асосий вазифамиз. Вилоят ҳокими Халқ қабулхонаси мудири ҳисобланади. Халқ ичига кирмасак, мулоқот қилмасак, оёғимиз ердан узилиб қолиши мумкин. Бугун вилоят ҳокимининг қўлида ҳамма имконият бор, маблағ бор. Президентимиз ҳамма имкониятни яратиб беряпти. Видеоселектор йиғилишларида вилоятда ҳал этиш имкони бўлмаган масалаларни қўйсак, зудлик билан чораси топиляпти.
Биргина мисол, Қашқадарёда 2017 йилда ичимлик сув билан таъминлаш даражаси амалда атиги 11 фоиз бўлган. Охирги йилларда бу йўналишда 2 триллион 750 миллиард сўм маблағ ажратиб берилди. Шунинг эвазига таъминланганлик даражаси 61,5 фоизга етди. Қарши шаҳрида 200 миллиард сўмлик маблағ эвазига канализация ва оқова сув тармоқлари таъмирланди. Бу ишлар олдиндан ҳисобга олинмаганида, айниқса, аномал иссиқ шароитида қанча-қанча одамларнинг норозилигига сабаб бўлиши мумкин эди.
Президентимизнинг ўтган йилнинг июнь ойида вилоятимизга ташрифи чоғида берган топшириқлари асосида “Ҳисорак сув омбори сувидан фойдаланиш ҳисобидан Қашқадарё вилояти аҳолисининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш” бўйича йирик лойиҳа ижроси тобора жадаллашиб бормоқда. Мазкур лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида Қамаши, Ғузор, Қарши туманлари ва Қарши шаҳридаги 1,1 миллион нафар аҳолининг ичимлик сув таъминоти тубдан яхшиланади.
Аҳоли билан қанчалик кўп учрашсак, маҳаллаларга, мактабларга, шифохоналарга кирадиган бўлсак, аввало, ўзимизга фойда бўлади. Ҳоким сифатида танқидни тўғри қабул қилиб, тезкор холис муносабат билдириш, чора-тадбир белгиланишини таъминлашга ҳаракат қиламан.
— Қашқадарё ёшлари илм-фан, тадбиркорлик ва замонавий касбларга қизиқиши учун қандай янги имкониятлар яратиляпти? Сизнингча, вилоят тараққиётида ёшлар қайси соҳада асосий ҳаракатлантирувчи кучга айланиши мумкин?
— Ёшлар учун имкониятларни уч йўналишда кенгайтиряпмиз: рақамли касблар, технологик тадбиркорлик ва саноат билан боғланган амалий таълим.
Президентимиз ташаббуси билан иккита банк ёшларимизга бириктирилди. Миллий банк олий таълим битирувчилари билан, “Алоқабанк” ёшларимиз тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича ишлаяпти.
Вилоятда 67 та АT парк резидент корхонаси фаолият юритиб, уларда 700 нафарга яқин ёш даромад топмоқда. Жорий йилда AT хизматлари экспортини 10 миллион долларга етказиш ва Қарши шаҳрида янги замонавий АT парк биносини ташкил этиш режалаштирилган. Қарши ва Яккабоғ туманларида янги форматдаги Ёшлар марказлари, Қарши шаҳрида Медиа марказ барпо этилмоқда. Уларда дастурлаш, сунъий интеллект, график дизайн, робототехника, хорижий тиллар, контент яратиш ва электрон тижорат бўйича амалий курслар ташкил этилади.
Бугун вилоятимиздаги 9 та олий таълим муассасасида 102 минг талаба ўқимоқда. Мактаб битирувчиларини олий таълимга қамраш даражаси 9 йил олдин 9 фоиз эди, айни пайтда 50,4 фоизга етди. Халқаро меҳнат бозори учун касбий тайёргарликда Германия билан ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. 2026 йилда 3 минг, 2027 йилда 5 минг нафар ёшни талаб юқори касбларга ўқитиб, тартибли меҳнат мигрaцияси асосида ишга йўналтириш режалаштирилган. Бунинг учун Қарши шаҳрида Таълим ва технологиялар маркази очилди.
Қашқадарёда ёшлар, энг аввало, AT ва сунъий интеллект, агротехнология, саноат муҳандислиги, логистика ва замонавий туризмда асосий ҳаракатлантирувчи кучга айланиши мумкин. Чунки вилоятда ресурс ва ишлаб чиқариш базаси бор, унинг самарадорлигини оширадиган асосий омил эса янги билим ва технологиядир.
— Агар беш йилдан кейин Қашқадарё вилояти ҳақида битта асосий натижа билан фахрланиш имконияти бўлса, бу қайси соҳадаги ўзгариш бўлишини истар эдингиз?
— Албатта, республикамизда, хусусан, вилоятимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилаётган натижаларнинг бошида муҳтарам Президентимиз турибди. Ичимлик сув етказиб бериш, йўлларни асфальтлаштириш, янги қурилаётган бинолар, мактаблар, боғчалар, саноат корхоналари, киритилаётган инвестициялар — ҳамма-ҳаммаси давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва яратиб берган шароити самарасидир. Вилоят ҳокими сифатида, аввало, Президентимиз жамоасида ишлаётганимдан, халқимизга хизмат қилаётганимдан фахрланаман.
Ислоҳотлар натижасида одамлар кўзларида чақнаётган қувонч ва ғурурни кўриб, ўзимиз ҳам хурсанд бўлиб кетамиз. Одамларимиз янада юқори даромадли бўлишга интиляпти. Болаларига сифатли таълим беришга, замонавий тиббиёт ютуқларидан фойдаланишга, спорт билан шуғулланишга инвестиция киритяпти. Бу ҳам халқимизнинг турмуш фаровонлиги ошганлигидан, шунга мос тарзда дунёқараши ўзгараётганидан далолат. Тушунган одам бугун ўзини ортиқча харажат, дабдабабозликлардан чеклаяпти. Унинг ўрнига фарзандининг таълимига, соғлиғига, келажагига эътибор қаратяпти. Тадбиркорларимиз ҳам ўзини халқимиз хизматига кўпроқ сафарбар қиляпти. Яратиб берилган имкониятлардан фойдаланган ҳолда улар ҳам ўзида Ватан тараққиёти учун дахлдорлик ва масъулият ҳиссини сезмоқда. Мана шундай ўзгаришлар бардавом бўлишини истар эдим.
Беш йилдан кейин фахрланишни истайдиган асосий натижам — Қашқадарёнинг табиий ресурс сотадиган ҳудуддан билим, технология ва чуқур қайта ишлашга асосланган замонавий иқтисодиётга айланганидир. Воҳадошларимиз “Қашқадарёда ишлаш, яшаш ва фарзанд тарбиялаш учун шароит тубдан яхшиланди”, деб баҳоласа, бу энг катта фахримиз бўлади.
— Муротжон Бердиалиевич, мазмунли суҳбатингиз учун сизга кўпдан-кўп раҳмат!