Бу ҳақда “Дунё” АА хабар бермоқда.

Хусусан, сафар доирасида Ўзбекистон вакиллари Витебск вилоятининг Браслав, Шумилин, Постав ва бошқа ҳудудларидаги чорвачилик комплекслари ҳамда савдо объектлари фаолиятини ўрганди.

Ташриф давомида “Asl Yuksalish Savdo”, “Muborak qorako‘lchilik” корхоналари ва Шумилин туманида жойлашган “Сиротинский” чорвачилик фермаси вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича турли келишувларга эришилди.

Келишувларга кўра, Ўзбекистон томони тўрт минг гектар экин майдонини узоқ муддатли ижарага олади. Ушбу ер майдони негизида кенг кўламли лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, унинг биринчи босқичида минг бош қорамол етиштирилади.

Аграр секторга йўналтирилган инвестициялар билан бир қаторда, экспорт соҳаси ҳам сезиларли даражада ривожланди. “Asl Yuksalish Savdo” корхонаси “Доброном” ЁАЖ йирик савдо тармоғи билан шартнома имзоланди.

Шартнома бўйича Ўзбекистондан Беларусга ҳар йили олтмиш минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берилади. Етказиб бериладиган маҳсулотлар қаторидан қуруқ мевалар, дуккакли экинлар, полиз маҳсулотлари ва узум ўрин олади.

Иқтисодий блокдан ташқари, томонлар гуманитар алоқаларга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Сайёҳлар оқимини фаоллаштириш мақсадида икки мамлакат туристик бизнес вакиллари учун ўзаро танишув сафарларини ташкил этишга қарор қилинди.

Беларусь Касаба уюшмалари федерацияси раҳбари Юрий Сенько билан учрашувда Минск саҳналарида Қашқадарё вилояти театри жамоасининг спектаклларини намойиш этиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.