Бу ҳақда 24.kg нашри манбаларига таяниб хабар қилди.

Манбалар маълумотига кўра, 5 июль куни соат 19:00 атрофида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (ГКНБ)нинг Боткен вилояти бошқармаси ходимлари ҳамда «Алфа» махсус бўлинмаси чегара хизмати, божхона ва ветеринария хизмати ходимларини қўлга олган. Улар коррупцияга алоқадорликда гумон қилинмоқда.

Қайд этилишича, «Қадамжай-автойўл» пункти ҳудудига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар кириб келган вақтда постда турган прапорщик тўрт марта ўқ узган. Шунингдек, сержантлардан бири ҳавога огоҳлантирувчи ўқ узгани айтилмоқда. Қурол ишлатилиши ҳолатлари ва унинг қонунийлиги юзасидан текширув давом этмоқда.

Манбаларга кўра, тинтувлар давомида чегара хизмати ходимларидан 38,5 минг қирғиз сўми, 5 миллион 484 минг ҳамда қўшимча 200 минг ўзбек сўми топилган. Хизмат автомобилидан чиққан маблағ автомобил учун ғилоф сотиб олиш мақсадида алмаштирилгани билдирилган.

Шунингдек, божхона хизмати ходимларидан ҳам 100 минг қирғиз сўми ва АҚШ долларидаги нақд пуллар мусодара қилинган. Уларнинг аниқ миқдорига ойдинлик киритилмоқда.

Яна бир маълумотга кўра, «Чечме-автойўл» назорат-ўтказиш пунктининг икки нафар ходими кузатув камераларида ноқонуний равишда пул олган ҳолатда қайд этилган бўлиши мумкин.

Манбаларнинг билдиришича, тергов ҳаракатлари доирасида «Чечме-автойўл» пунктидан 11 нафар, «Қадамжай-автойўл» пунктидан эса 16 нафар ҳарбий хизматчи, жами 27 киши ГКНБнинг Боткен вилояти бошқармасига олиб кетилган. Шунингдек, икки дона АК-74 автомати, икки ўқдон ва 60 дона ўқ ҳам олиб қўйилган.

Тергов ҳаракатлари вақтида ҳар икки назорат-ўтказиш пункти фаолияти вақтинча тўхтатилган. Манбаларга кўра, шу вақтда чегарада 3 мингга яқин йўловчи ва 400 та автомобил навбатда турган. Кейинроқ «Қадамжай-автойўл» орқали ҳаракат қайта тикланган.

Нашрнинг қайд этишича, материал эълон қилинган вақтга қадар Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси мазкур махсус операция юзасидан расмий изоҳ бермаган.