Хонликнинг ташкил топишида ўзбекларнинг минг уруғи вакиллари фаол иштирок этган.
Шоҳрухбий Қўқон хонлигининг биринчи ҳукмдори бўлган. Маҳмуд Ҳаким
Яйфонийнинг “Хуллас ут-таворих”, Муҳаммад Фозилбекнинг “Мукаммали тарихи
Фарғона” ва Мулло Олим Махдум Ҳожининг “Тарихи Туркистон” асарларида
Шоҳрухбийнинг тахтга ўтириши бошқача тасвирланади. Мазкур асарларда ўша
даврларда, яъни XVIII асрнинг бошларида Қўқон атрофидаги ҳудудларга Чодак
хожалари ҳокимлик қилгани, Шоҳрухбий ҳокимиятни улардан куч билан тортиб олгани
қайд этилади.
У ҳукмронлигининг дастлабки даврларидан бошлаб салтанатни мустаҳкамлаш
сиёсатини юритди. Шоҳрухбий даврида янги ташкил топган давлатнинг маъмурий
ҳудуди у қадар катта бўлмай, асосан, Фарғона водийсининг шимолий ва марказий
қисмларини қамраб олган эди. Шунга қарамай, дастлабки даврларданоқ унинг
марказий ва маҳаллий бошқарув тизими шакллана бошлади. Шоҳрухбий ҳар икки тизим
ўртасидаги алоқани мустаҳкамлашга интилди.
Бухорода аштархонийлар ўрнига келган манғитлар сулоласига давлат
бошқаруви, ҳарбий салоҳият, маъмурий тизим мерос бўлиб қолган бўлса, Қўқон хонлигида
минглар бу тизимни аввалдан ўзлари ишлаб чиқишга мажбур эди.
Шу ўринда “Тарихи Туркистон” асари муаллифи Мулло Олим Махдум Ҳожининг
қуйидаги маълумоти диққатга сазовор: “Шоҳруххон... Наманган сарҳадидан то
Шоҳидон ва Понсоди Ғозийга, алҳол Понғоз деб аталадур, ҳукуматини жорий қилиб,
ул вилоятга волий ва ҳоким тайин айлаб, фатҳ ва нусрат бирла қайтиб келиб
тушубдур”.
Ушбу маълумотдан Шоҳрухбий ҳукмронлигининг илк кунларидан бошлабоқ
нафақат марказий, балки маҳаллий бошқарув тизимини ҳам шакллантириб, Марказий
Осиёдаги давлатчилик анъаналарини давом эттирган ҳолда давлатни бошқаришга
ҳаракат қилгани англашилади.
Ҳукмдор Шоҳрухбийнинг авлодлари янги тузилган давлатнинг ҳудудини
кенгайтириш сиёсатини тутди. Бу сиёсатнинг амалдаги татбиғи асносида давлатни
бошқариш асослари шаклланиб борди. Хусусан, ўн икки йиллик ҳукмронлик давридан
сўнг вафот этган Шохруҳбий ўрнига — тахтга тўнғич ўғли Абдураҳимбий ўтиради. У
мамлакат сиёсий қудратини ошириш, ҳудудий чегарани кенгайтириш мақсадида ҳарбий
ҳаракатларни бошлаб юборди. Ҳарбий ҳаракатлар давомида қўлга киритилган
ҳудудларни бошқариш учун ака-укалари, қариндош-уруғлари, амалдорларга бўлиб
берди.
Масалан, Бухоро хонлигига тегишли Хўжанд вилоятини эгаллаб, укаси
Абдукаримбийни ҳоким этиб тайинлайди. Кичик укаси Шодибий эса Марғилон
вилоятига ҳоким бўлди. Ҳарбий ҳаракатлари натижасида Абдураҳимбий бир оз муддат
бўлса-да, Бухорога қарашли Самарқанд, Жиззах ва Каттарқўрғонни ҳам тасарруфига
киргизиб, Самарқандга Мулло Бечорани, Жиззахга Оллоҳқулибек додхоҳни ҳоким этиб
тайинлади. Қўқонга қайтишда хоннинг ўзи оғир дардга чалиниб, Хўжандда вафот
этди. Унинг ҳукмдорлик даврида Фарғона водийси тўлиқ марказлашган давлатга
айланди.
Абдураҳимбий вафотидан сўнг Қўқон тахтига укаси Абдукаримбий ўтирди. У
ҳам акаси сингари мамлакат фаровонлиги, юрт ободлиги учун муносиб ҳукмдорлик
қилди. Хоннинг давлат бошқарувидаги фаолияти ҳақида “Ансоб ус-салотин” асарида
“Абдукаримхон шижоатлик, сипоҳ ва фуқароға шафқатлик, Худованди таолога
ибодатлик эрди”, деб таъриф берилади. Абдукаримбий пойтахт — Қўқон шаҳрини
кенгайтириб, айлантириб девор қуришга буйруқ берди. Ўша вақтда Қўқон шаҳрининг
тўртта дарвозаси қурилган. XVIII аср биринчи ярмида хонликнинг шимолидан кириб
келган кўчманчи жунғор қабилалари ҳужумини қайтариб, марказлашган ҳокимиятни
мустаҳкамлади.
Қўқон тахтида 17 йил ҳукм сурган Абдукаримбий вафотидан сўнг ҳукмрон
доира вакиллари ўғли Абдураҳмонбийни хон этиб кўтаради. У атиги 9 ой ҳукмронлик
қилади. Қўқоннинг кейинги ҳукмдори — Абдураҳимбийнинг ўғли Эрдонабий даврида
мамлакат ҳудудини кенгайтириш ишлари давом этди, юрт обод ва фаровон бўлди.
Эрдонабий ўн йил ҳукмронлик қилиб вафот этгач, тахтни Шодибийнинг ўғли
Сулаймонбий ва Абдураҳмонбийнинг ўғли Норбўтабий эгаллади. Манбаларда
Норбўтабий ҳукмронлиги даврида мамлакат иқтисодиёти юқори даражага кўтарилгани
қайд этилади. Бу ҳолат Қўқонга қарши ташқи хавф бўлмагани ҳамда об-ҳаво ва
табиий шароит яхши келгани билан изоҳланади.
“Тарихи Туркистон” асари муаллифи “Пул ул хоннинг замонида жорий
қилинибдур”, деб маълумот беради. Лекин муаррихнинг бу маълумотига асосланган
ҳолда хонликда шу даврга қадар пул муомаласи бўлмаган деб хулоса қилмаслик
керак. Хонликда айнан Норбўтабий даврида мўл-кўлчилик туфайли арзончилик юқори
даражага етган. Бу ҳолат майда чақа пул зарб этиш заруратини туғдирган.
Норбўтабий пул ислоҳотини ўтказиб, “қора фулус” деб номланган энг майда чақа
зарб эттиради.
Манбаларда Норбўтабий нафақат ижтимоий-иқтисодий, балки сиёсий соҳада
ҳам юзага келган турли чигал вазиятларни ҳал қила олиш қобилиятига эга ҳукмдор
сифатида қайд этилади. Ҳукмронлигининг сўнгги йилларида укаси Ҳожибек билан
ўрталарида пайдо бўлган адоватни ижобий ҳал қилишга эришади. Шунинг учун ҳам у
Қўқон хонлари орасида энг узоқ муддат — 36 йил давлатни бошқарган.
Норбўтабийнинг олий ҳукмдор сифатидаги бу фаолияти хонликда давлатни бошқарув
тамойиллари шаклланиб, ривожланиб боргани ва Қўқон ҳукмдорлари улардан яхши
хабардор бўлганини кўрсатади.
Норбўтабий вафотидан сўнг тахтга ўтирган Олимхон давлатни идора этишда
фуқароларни ижтимоий ҳимоялаш ва ишсизлик масаласида ҳам самарали ислоҳотларни
ўтказган. “Тарихи Шоҳрухий” асарида Олимхон мамлакатдаги гадойлар, девона ва
ишёқмас одамларни ғалла ва ўтин ташиш ишларига жалб қилгани қайд этилади.
Умархон 1810 йили Қўқон тахтини эгаллайди. У мамлакатда давлатчилик асосларини
мустаҳкамлашга ҳаракат қилади. Хусусан, ташқи алоқаларни йўлга қўйишда муҳим
ишларни бажаради. Давлат тараққиётида ташқи савдо алоқаларининг ўрни
беқиёслигини тўғри англаб, Қўқон хонлиги ва Россия ўртасидаги дастлабки савдо
дипломатик муносабатларни йўлга қўяди ҳамда 1812 йили бу давлатга элчи юборади.
Умархон Қўқон адабий муҳитининг шаклланиб, ривожланишига катта ҳисса қўшгани,
қолаверса, ўзи ҳам Амирий тахаллуси билан ўзбек ва форс тилларида шеър битгани
яхши маълум.
1822 йили оғир касаллик туфайли вафот этгач, тахтга Умархоннинг 14
ёшли ўғли Муҳаммад Алихон ўтиради. У ҳам ўзидан олдин ўтган ҳукмдорлар каби
фаол ташқи сиёсат юритди. Кошғарда юз берган воқеалар хоннинг бу ҳудуддаги
ҳаракати ва Хитой билан муносабатларининг кескин тус олишига сабаб бўлди.
Муҳаммад Алихон ҳукмронлигининг сўнгги даврида хонликдаги давлатчилик
анъаналаридан чекинди. Давлатни мутлақ якка ҳокимлик услубида бошқаришга
ҳаракат қилгани, ҳукумат ишларини ҳал этишда амалдорлар ва уламолар фикри билан
ҳисоблашмаганини тарихий манбалардаги маълумотлар тасдиқлайди. Шунингдек, унинг
марказий бошқарувда юқори мавқега эга айрим мансабдорларни қатл эттиргани ва
бадарға қилгани ҳокимиятнинг заифлашуви, мухолифат кучларнинг мамлакат
ташқарисида бирлашиб, ҳаракат қилишига имкон яратди.
Қўқон хонлиги марказий ҳокимиятида вужудга келган бундай вазиятдан
мухолиф кучлар унумли фойдаланди. Бухоро амири Насруллохонни гижгижлаб, Қўқонга
қарши қўшин тортишга ундайди. 1842 йили Насруллохон Қўқонни забт этади ва
Нодирабегим, Муҳаммад Алихон ҳамда хоннинг укаси Султон Маҳмудхонни, шунингдек,
ҳукмрон сулоланинг бир неча вакилларини қатл эттиради.
Давлатнинг таназзулга
юз тутиши
XIX асрда Қўқон тахтига дастлаб Шералихон, сўнг авлодлари Худоёрхон,
Маллахон, Султон Сайидхон, Насриддинхон ўтиради. Тахт учун ўзаро курашлар,
иқтисодий босим туфайли хонликда инқироз юзага келади. Бундан эса ташқи кучлар,
жумладан, Россия империяси унумли фойдаланади.
Маллахон хонликнинг ҳарбий салоҳиятини ошириш ва ташқи кучларнинг
босқинчилигига қарши курашиш учун мунтазам қўшин тузишга ҳаракат қилди. 1859
йил 28 ноябрда Хива хонлиги билан шартнома имзолаб, Россия империяси қўшинига
қарши биргаликда юриш қилишга келишиб олган эди. Бироқ 1862 йилда Маллахоннинг
ўлдирилиши бу шартноманинг бекор бўлишига олиб келди. 1865 йили Россия
империяси қўшинлари Тошкентни босиб олди. Оқибатда хонликдаги тахт учун
курашлар, сиёсий ва иқтисодий босимлар туфайли давлат таназзулга юз тутди.
1875-1876 йиллардаги ички курашлардан фойдаланган Россия империяси
қўшинлари хонликнинг пойтахтини эгаллади ва 1876 йил 19 февралда Қўқон хонлиги
бутунлай тугатилгани эълон қилинди.
Дипломатия ва консуллик
идораси
Қўқон хонлиги 1759 йилда Хитойнинг Чинг, 1810 йилда Россия, 1820 йилда
Усмонийлар империялари, шунингдек, турли йилларда яқин қўшни давлатлар — Бухоро
амирлиги, Хива хонлиги, қозоқ жузлари билан дипломатик алоқалар ўрнатган.
Бундан ташқари, хонликнинг чет элдаги бошқарув шаклларидан бири оқсоқоллик
тизими, яъни консуллик идораси бўлган. Идорада хон ёрлиғи остида фаолият
юритган оқсоқол, замонавий таъбир билан айтганда, консул чет элда, жумладан,
Россия империясининг Астрахань, Сибирь ҳудудларида ҳамда Хитойдаги Чинг
империясининг Кошғар, Ёркент, Хўтан, Турфон, Кучор, Урумчи, Ғулжа шаҳарларида
савдо ва ҳунармандчилик билан шуғулланаётган Қўқон хонлиги фуқароларининг
ҳуқуқларини ҳимоя қилган. Бундай ёрлиқларга эга бўлган оқсоқоллар Шарқий
Туркистонда ҳам истиқомат қилган.
Қўқоннинг ҳозирги Хитой ҳудудидаги консуллик идораси 1762 йилда
туркистонлик савдогарлар томонидан Ёркентда мустақил уюшма сифатида ташкил
қилинган. Қўқонлик савдогар Ризоқули Ёркентдаги туркистонлик савдогарларнинг
оқсоқоли этиб тайинланган. Иккинчи оқсоқол эса Кошғарда тайинланган бўлиб, у
тошкентлик савдогар Неъматжон эди. 1808 йилда у вафот этган. Қўқон оқсоқоли
лавозимига бой ёки амалдор бўлган савдогарлар тоифасидаги шахслар, кейинчалик
ҳарбийлар ҳам ижара шарти билан тайинланган.
1828 йилда Қўқон хонлигидан келиб, Хитойда истиқомат қилган 5122 оила
бўлган. Уларнинг 3602 таси Тяньшаннинг жанубида, яъни Кошғар, Ёркент, Хўтан,
Учтурфон, Янгиҳисор, Кучор, Оқсув ва бошқа аҳоли манзилларида, 460 таси шимолда
Урумчи, Ғулжа, Чугучакдан иборат Или вилоятида яшаган.
Қўқон ҳукмдори Муҳаммад Алихон манжурлар ҳукуматига бир неча марта
элчи юборган. Улардан бири Аяланбай (Аълам почча) бўлиб, 1831-1834 йиллар
оралиғида бир неча марта манжурлар ҳукумати пойтахти Пекинга борган. Бу ҳақда
Қўқон муаррихи Тожирнинг “Ғаройиб сипоҳ” (“Қўшин ажойиботлари”) асарида
батафсил келтирилган. Чин императори Даогуаннинг 1832 йил 13 январдаги буйруғига
кўра, Хитойда савдо қилаётган қўқонлик савдогарлардан солиқ йиғиб олиш ишлари
билан шуғулланувчи оқсоқоллик институти расман ташкил этилган. Аълам почча эса
оқсоқол консул лавозимига тайинланган.
Муҳаммад Алихон 1834 йилда Аълам почча ўрнига Абдуғофурни тайинлаган,
бироқ у оқсоқоллик даврида қўқонлик фуқароларга нисбатан золимлиги билан машҳур
бўлган. Шу сабабли у Муҳаммад Алихоннинг буйруғига кўра дорга осилган. Тарихчи
Қурбон Али Аягузий “Тарихи хамсаи шарқи” асарида Абдуғофурдан сўнг Неъматжон
оқсоқоллик мансабига тайинланган деб ёзган. 1842 йилдан 1844 йилгача Рўзи
оқсоқол консул бўлган. Қўқон ҳукмдори Худоёрхон даврида асли тошкентлик
савдогар Неъматжон додхоҳ оқсоқол этиб тайинланган. 1852-1853 йилларда
хўжандлик Байжонбий, 1855-1856 йилларда Сайид Ўроқ оқсоқол бўлган.
Қўқон оқсоқоли мансабининг қачон тугатилгани ҳақидаги маълумотлар ҳам
баҳсли. Қурбон Али Аягузийнинг “Тарихи хамсаи шарқи” асарида ёзилишича, “Ушбу
оқсоқоллик манжурлар ҳукуматига қарши кўтарилган дунғон-уйғур қўзғолонларидан
сўнг тугатилган”. Аммо XIX асрнинг 60-йилларидаги Қўқон саркардаси Муҳаммад
Ёқуббекнинг Еттишаҳар давлати даврида Қўқон оқсоқоллиги тугатилмаганини кўриш
мумкин. Қўқон хонлиги даврида ташкил этилган оқсоқоллик тизими 1876 йили хонлик
тугатилгандан сўнг ҳам фаолиятини тўхтатмаган. Бу оқсоқоллик тизими XIX аср
охири — ХХ асрнинг бошларида Оқсув, Ғулжа, Учтурфон, Ёркент, Хўтан, Кучор,
Қорашаҳар, Лобнор, Турфон, Хами, Керия ва Дуньхуан каби шаҳарларгача кенгайиб
борган.
Шерали ҚЎЛДОШЕВ,
Ўзбекистон Фанлар
академияси
Шарқшунослик институти
етакчи илмий ходими,
тарих фанлари доктори