Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ҳодиса 20 май куни соат 16:30 ларда Қўқон шаҳридаги Амир Темур кўчасида содир бўлган. 9-синф ўқувчиси бобосига тегишли Малибу-2 автомобилини ювиб келиш учун олиб чиққан.

Қайд этилишича, у автомобилни бобосининг рухсати билан олган. Тажрибасиз ҳайдовчи Амир Темур кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб кетаётиб, пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган 3-синфда ўқийдиган уч нафар қизалоқни уриб юборган.

Ҳодиса оқибатида қизлардан бири воқеа жойида вафот этган. Қолган икки нафар жабрланувчи оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган бўлиб, улардан бири реанимация бўлимига жойлаштирилган.

Видеорепортажда вояга етмаган йигит ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаганини айтган. Унинг сўзларига кўра, у бобосининг автомашинасини тенгдошлари билан айланиш учун олиб чиққан вақтда пиёдаларни уриб юборган.

Автомобиль эгаси — ҳайдовчининг бобоси ҳам ҳолат юзасидан муносабат билдириб, калитни неварасига машинани ювиб қўйиши учун берганини, кейин эса унинг транспорт воситасини бошқа жойга ҳайдаб кетганини билмай қолганини айтган.

Ички ишлар вазирлиги мазкур ҳодисадан сўнг ота-оналар ва катталарни вояга етмаганларга автомобиль бошқарувига рухсат бермасликка чақирди. Вазирлик автомобиль ўйинчоқ эмаслиги ва бундай бепарволик оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Вояга етмаган ҳайдовчи процессуал тартибда ушланган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.