Аксарият ривожланган давлатларда ижтимоий-иқтисодий жараёнларни айнан шундай инновациялар билан ҳамоҳанг олиб бориш аллақачон кундалик заруратга айланган.

Президентимизнинг 2026 йил 4 апрел­даги “Мамлакатда янги ишланмалар асосида ишлаб чиқаришни ташкил этиш тизимини жорий қилиш ҳамда илм-фанни қўллаб-қув­ватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғри­сида”ги фармонида айни шу муҳим мақсад­лар ўзининг аниқ ифодасини топган. Мазкур мақсадлар олдимизда турган ўта муҳим вази­фаларни сунъий идрок имкониятлари билан уйғунлаштирган ҳолда қайта кўриб чиқишни тақозо этади. Энди ўзлаштирилган билим­ларни қалин китобларда ёки фақат назарияда қолдирмай, зудлик билан тижорийлаштириш, технологик трансферларни йўлга қўйиш каби амалий қадамларга ўтиш фурсати етди. Бугун биз тайёрлаётган кадрлар шунчаки билимлар эгаси эмас, балки ўзлаштирган кўникмасини иқтисодий ва ижтимоий қадриятга айлантира оладиган замонавий мутахассислар бўлиши қатъий талаб этилмоқда.

Гуманитар йўналишга ихтисослашган олий таълим муассасалари орасида узоқ йиллар давомида сақланиб келган ва му­айян маънода тараққиётга тўсиқ бўлган эски қарашлар мавжуд. Энди технологик жараёнлар фақат аниқ фанларга алоқадор деган янглиш фикрдан бутунлай воз кечиш вақти келди. Ҳозирги мутахассис учун фақат ўз йўналиши доирасида билимга эга бўлиш етарли эмас. У соҳалараро, яъни фанларнинг ўзаро туташув нуқталарида ҳам эркин ҳаракатлана олиш кўникмаси­ни пухта ўзлаштириши шарт. Компьютер лингвистикаси ва сунъий идрок каби му­раккаб йўналишларни адабиёт, таржима­шунослик, социология, психология ҳамда халқаро муносабатлар сингари анъана­вий гуманитар фанлар билан чамбарчас боғлаш орқали мутлақо янги, истиқболли тармоқларни кашф этиш долзарб эҳтиёжга айланди. Улкан матнларни автоматик таҳлил қилиш, жамиятдаги ижтимоий кайфиятни рақамли алгоритмлар ёрдамида ўрганиш каби замонавий кўникмалар гума­нитар соҳа вакилларининг ҳам асосий иш қуролига айланиши зарур.

Мамлакатимизда фаолият юритаётган икки юздан зиёд давлат, хусусий, қўшма ҳамда халқаро олий ўқув юртларининг ривожланиш режаларига сунъий идрок элементлари қадам-бақадам, изчиллик би­лан киритилмоқда. Ёшларни келажакка тайёрлайдиган масканлар ўз битирувчила­рида даврнинг энг илғор технологиялари билан ишлаш малакасини шакллантирмай туриб, меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган муносиб кадрларни етиштириб чиқара олмайди. Қабул қилинаётган ҳар бир давлат дастурини қуруқ ёдлаш ёки шунчаки қоғозда ижро этиш билан чекла­ниб бўлмайди. Аксинча, уларни замонавий талаблар, инновацион ёндашувлар ҳамда рақамли технологиялар нуқтаи назари­дан чуқур таҳлил қилиб, таълим тизимига мослаштирган ҳолда татбиқ этиш ягона тўғри йўлдир. Шундагина олийгоҳларга сарфланаётган давлат сармояси ва хусусий инвестиция ўзини тўла оқлайди ҳамда жа­мият учун реал манфаат келтирадиган ил­мий маҳсулотларга айланади.

Шундай кенг кўламли ислоҳотлар халқаро майдонда ҳам мутахассислар диққат марказидан четда қолаётгани йўқ. Нуфузли халқаро рейтинг агентликлари олий таълим муассасалари фаолиятини баҳолашда сунъ­ий идрок элементларининг фан дастурларига қай даражада сингдирилганига қатъий эътибор қаратмоқда. Рейтинг тузувчилар уни­верситетнинг умумий стратегик режасидаги ахборот технологияларига оид жиҳатларни энг муҳим мезонлардан бири сифатида қа­бул қиляпти. Энди таълим даргоҳлари яна бир ўта жиддий ва мураккаб чиғириқдан, аниқроғи, технологик мослашувчанлик си­новидан ўтказилмоқда. QS халқаро рейтинг агентлигининг айнан фанлараро ёндашувни баҳоловчи махсус рўйхатида юртимиздаги еттита университет эътироф этилгани қи­линган машаққатли меҳнатларнинг дастлаб­ки самараси бўлди.

Ёш авлодни фақат йирик шаҳарларда эмас, энг чекка ва олис ҳудудларда ҳам замонавий илмларга ошно қилиш таълим сиёсатининг ўзак масаласига айланиб бор­моқда. Хусусан, хорижий тилларни пухта ўзлаштирган, халқаро миқёсда эътироф этилган юқори даражадаги сертификатлар­га эга мутахассисларга олис қишлоқларда махсус ўқув марказлари очиш учун кенг имкониятлар яратилаётгани эътиборга молик. Ана шундай ташаббуслар замирида ёшларга нафақат сифатли таълим бериш, балки уларни молиявий жиҳатдан қўл­лаб-қувватлаш, узоқ муддатли имтиёзли сармоялар ажратиш орқали ҳудудлар ўрта­сидаги инфратузилма тафовутини кескин қисқартириш мақсади мужассам.

Олимларимизнинг фундаментал ва ама­лий тадқиқот натижаларини ишлаб чиқа­ришда синаб кўриш ҳамиша катта маблағ талаб қилган. Энди ана шу тажриба-синов ишлари учун сарфланадиган харажатнинг махсус жамғармалар ҳисобидан қоплаб берилиши соҳа мутахассисларига катта руҳий ва моддий далда бўлмоқда. Иқти­дорли талаба ўз ғоясини шунчаки қоғозга туширибгина қолмай, уни муваффақиятли тижорийлаштириш асносида тайёр маҳсулот даражасига олиб чиқиш имконига эга. Таъ­лим даргоҳлари ҳузурида очилаётган янги авлод корхоналари, хусусан, интеллектуал салоҳиятга таянган спин офф лойиҳалар шун­чаки тажриба майдончаси бўлиб қолмайди. Уларнинг сармоявий фондига улуш қўшиш ва олинган соф фойдани яна бевосита илм-фанга йўналтириш механизмининг қонуний кафо­латланаётгани иқтисодий мустақиллик сари ташланган салмоқли қадамдир.

Вазирлик тизимида ва университетлар ҳузурида ташкил этилаётган янги инновацион корхоналар ҳамда илмий экотизимлар амалда иқтидорли ёшларнинг кўникмаларини реал иқтисодиётга татбиқ этишга хизмат қилади. Мазкур янгича илмий-амалий платформалар орқали нафақат муҳандислар, балки жамият­шунос ва тилшунос изланувчиларнинг ҳам ўз интеллектуал салоҳиятини тижорийлаштири­ши кўзда тутилган.

Нозлия НОРМУРОДОВА,

филология фанлари доктори, профессор