Бу ҳақда мамлакатимизнинг Россиядаги элчихонаси консуллик бўлими маълум қилди.
Қайд этилишича, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб Россияга кирган чет эл фуқаролари 30 календарь куни ичида мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши шарт бўлади. Аввал мазкур муддат 90 кунни ташкил этар эди.
Тиббий кўрикдан ўтишдан бош тортиш ёки бўйин товлаш 25 мингдан 50 минг рублгача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади. Шунингдек, мазкур талабларга риоя қилмаслик маъмурий тартибда Россиядан чиқариб юборишга олиб келиши мумкин. Жарима белгиланган муддатда тўланмаган тақдирда унинг миқдори икки бараварга оширилади ва шахс мамлакатдан мажбурий тарзда чиқариб юборилади.
Шунингдек, хавфли касалликлар мавжуд эмаслиги ҳақидаги сохта тиббий маълумотномаларни тайёрлаш ва тарқатиш учун жиноий жавобгарлик ҳам жорий этилди.
Юқоридаги янги қоидалардан келиб чиқиб, элчихона дипломатлари Россияда бўлиб турган ватандошлардан амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишни сўрамоқда.