Россияда “Ўзбекистон маданияти кунлари”нинг учинчи бор ташкил этилиши Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларнинг изчил ривожланиб бораётганидан далолат беради. Икки кун давомида ташкил этилган тадбирлар ватандошлар билан самимий мулоқотдан тортиб, давлатлараро маданий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш ва ўзбек санъатини нуфузли халқаро саҳнада намойиш этишгача бўлган изчил жараённи қамраб олди.

Жумладан, маданият кунлари доирасида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков Россияда таълим олаётган ўзбекистонлик ёшлар ва турли соҳаларда меҳнат қилаётган юртдошлар билан очиқ мулоқот қилди. Мулоқотда Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ботиржон Асадов ҳам иштирок этди.

Маданият кунларининг навбатдаги муҳим тадбирларидан бири, бу Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг Маданият масалалари бўйича кичик қўмитасининг олтинчи йиғилиши бўлди. Унда, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбековнинг Россия Федерацияси маданият вазири Олга Любимова бошчилигидаги делегацияр ўртасида ҳамкорлик учрашуви доирасида қатор келишувларга эришилди. Хусусан, икки мамлакат ўртасидаги маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилиниб, қўшма лойиҳаларни кўпайтириш, ижодий жамоалар алмашинувини кенгайтириш ва икки халқнинг бой маданий меросини тарғиб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, учрашув давомида, Ўзбекистон хореография академияси ректори Шухрат Тохтасимов, Ўзбекистон рақс санъати ижодий бирлашмаси ижодий раҳбари Чарос Джурабаева ва Москва хореография академияси ректори Светлана Захарова билан меморандум имзоланди. Шу билан бирга, ушбу учрашув якунида, Ўзбекистон ва Россия маданият вазирлари Озодбек Назарбеков ва Олга Любимова томонидан Маданият масалалари бўйича кичик қўмитанинг олтинчи йиғилиши баённомаси имзоланди.

Тадбирларнинг мантиқий давоми сифатида Москва шаҳридаги Давлат Кремл саройида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган “Янги Ўзбекистон шуъласи” тантанали концерти намойиш этилди. Концерт орқали Ўзбекистоннинг бой мусиқий мероси, миллий санъати ва замонавий ижодий салоҳиятини Россия жамоатчилигига кенг тақдим этилди. Дастурдан миллий мусиқа, мақом, опера, эстрада ва хореография намуналари билан бир қаторда, ўзбек ва рус халқларининг мусиқий меросини уйғунлаштирган асарлар ҳам ўрин олди. Саҳнада Ўзбекистон миллий симфоник оркестри, Юнус Ражабий номидаги Мақом ансамбли, Мукаррама Тўрғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамбли, Ўзбек миллий мусиқа санъати институти талабалари ҳамда таниқли санъаткорлар иштирок этди. Шунингдек, Ўзбекистон маданияти ва санъатига бағишланган фотокўргазма ташкил этилиб, мамлакатимизнинг бой маданий мероси ва замонавий ижодий ютуқлари намойиш этилди.

Маълумот ўрнида, илк маданият кунлари 2021-йил 9–12 июнь кунлари Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларида, иккинчи тадбирлар эса 2024 йил 17–20 ноябрь кунлари Москва шаҳрида ўтказилган эди. Ўзаро маданият кунларини ташкил этиш анъанаси доирасида 2025 йил 28–31 май кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Россия маданияти кунлари” ҳам ўтказилганди.

Навбатдаги “Ўзбекистон маданияти кунлари” эса халқларимизни маданият ва санъат орқали янада яқинлаштириб, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги дўстона муносабатлар ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни янги мазмун билан бойитди.