Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда контрафакт дори воситалари савдосига чек қўйилди. Хусусан, пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида яшовчи 1963 й.т. фуқаро ҳамда унинг икки нафар фарзанди томонидан дори воситалари сақлаб келинаётган Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган 3 та хонадон кўздан кечирилди.
Натижада, ушбу манзилларда “Бусерелин”, “Волини”, “Бикана”, “Тирзетта” ва бошқа шу каби жами 29 турдаги 1330 қути контрафакт дори воситалари борлиги аниқланиб, ҳолат процессуал тартибда расмийлаштирилди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу маҳсулотларнинг тахминий суммаси 600 млн сўмни ташкил этади.
Маълум бўлишича, мазкур оила аъзолари дори воситаларини Россия Федерациясидан йўловчилар кўмагида кичик партияларда темир йўл ва ҳаво транспорти орқали олиб келиб, Тошкент шаҳрида сотиш билан шуғулланишган.