Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида “Сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳасида сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарликнинг асосий мақсадлари, принциплари ҳамда устувор йўналишлари белгиланмоқда. Шунингдек, давлат органлари, ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколатлари ҳамда мажбуриятлари аниқ назарда тутилган.
Лойиҳада “сафарбарлик тайёргарлиги” ва “сафарбарлик” тушунчалари илк бор аниқ ва комплекс ҳуқуқий мазмунда ифодаланмоқда.
Ҳужжатда умумий ёки қисман сафарбарликни эълон қилишнинг ҳуқуқий механизмлари, давлат органлари ва ташкилотларнинг вазифалари, иқтисодиёт тармоқларини уруш даври шароитида ишлашга ўтказиш тартиби ҳам белгилаб берилмоқда.
Хусусан, давлат ва аҳолини озиқ-овқат, ёқилғи, тиббий хизмат, транспорт ва алоқа каби муҳим хизматлар билан узлуксиз таъминлаш чоралари назарда тутилган.
Шу билан бирга, сафарбарлик даврида чақирилган фуқаролар учун иш жойини сақлаб қолиш, кредит тўловларини кечиктириш ҳамда етказилган зарарларни компенсация қилиш каби ижтимоий кафолатлар мустаҳкамланмоқда.
Муҳокамалар давомида депутатлар мазкур қонун лойиҳаси мамлакат мудофаа салоҳиятини ошириш, Қуролли Кучларнинг жанговар ва сафарбарлик шайлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Якунда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди