Музейнинг меъморий концепцияси жаҳоннинг машҳур архитекторларидан бири, нуфузли Прицкер мукофоти соҳиби Тадао Андо томонидан ишлаб чиқилган.

Саида Мирзиёеванинг таъкидлашича, Тадао Андо лойиҳалари асосида бунёд этилган музей ва маданий масканлар Япония, Европа ҳамда АҚШда юксак қадрланади. Архитекторнинг услуби чизиқларнинг соддалиги ва аниқлиги, макон ҳамда ёруғлик уйғунлигига ўзига хос ёндашуви билан ажралиб туради.

«Миллий музей Марказий Осиёдаги энг йирик маданий лойиҳалардан бирига айланиши шубҳасиз. Бу даргоҳда кўргазма заллари, кутубхона, реставрация лабораториялари ва таълим майдонлари ўрин олади», дея ёзди Саида Мирзиёева.

Президент администрацияси раҳбари мамлакатда тарихий аҳамиятга молик лойиҳалар устида дунё миқёсидаги меъморларнинг ишлаши муҳим эканини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, бундай объектлар узоқ йиллар давомида халққа хизмат қилиб, тарих ва маданий мероснинг ажралмас қисмига айланади.