2026 йилда ўзининг чорак асрлик юбилейини нишонлаётган ушбу махсус хайрия поезди ўтган йиллар давомида олис ва чекка ҳудудлар, айниқса, Оролбўйи минтақаси аҳолиси учун чинакам шифо масканига айланди.
Тарихга назар
Ушбу инсонпарварлик лойиҳасининг ҳуқуқий асоси Биринчи Президент Ислом Каримовнинг 1998 йилдаги тегишли фармони билан белгиланган эди. Бироқ ғояни ҳаётга татбиқ этиш ва унинг тиббий концепциясини ишлаб чиқиш осон кечгани йўқ.
Тиббий поезд ғоясининг муаллифи, лойиҳа ташаббускори ва унинг биринчи бош шифокори, Нодира Юлдашева 2000 йилда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Тошкент йўловчи вагонларини таъмирлаш заводи” акциядорлик жамияти раҳбарига амалий таклиф билан чиқди. Унинг тинимсиз саъй-ҳаракатлари натижасида ажратилган вагонлар қисқа фурсатда зарур тиббий ускуналар билан жиҳозланиб, шифокорлар бригадаси шакллантирилди. Шарафли карвон “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ нинг тегишли фармойишига асосан, 2001 йил 1 июнь куни ўзининг илк қатновини бошлади.
Ғилдирак устидаги кўп тармоқли клиника
“Саломатлик” поезди 5 та махсус вагондан иборат мукаммал тизимдир. Унинг таркибида, 2 та амбулатория, 1 та флюорография, 1 та автоном дизель ва битта тиббиёт ходимлари учун дам олиш вагонлари мавжуд.
Бугунги кунда поезд энг замонавий УТТ (УЗИ), ЭКГ, рақамли флюорография ва лаборатория жиҳозлари билан таъминланган. Бригада таркибидаги тажрибали терапевт, невропатолог, педиатр, гинеколог, эндокринолог, дерматолог ва стоматологлар олис овуллардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар, кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиб келмоқда.
Поезднинг фаолият кўлами фақат мамлакатимиз ҳудуди билан чекланиб қолмади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан, 2024 йилнинг 25-30 декабрь кунлари таркиби 9 та вагонга кенгайтирилган “Саломатлик” поезди Афғонистоннинг Балх вилоятига инсонпарварлик миссияси билан борди. Ўзбекистонлик шифокорлар қўшни давлат аҳолисига бепул тиббий ёрдам кўрсатиб, зарур дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотларини улашишди. Бу воқеа юртимизнинг олийжаноб ташқи сиёсати ва инсонпарварлик тамойилларини дунёга яна бир бор намойиш этди.
Бағрикенгликнинг чегара билмас намунаси
Жорий йилнинг 16 октябрь куни пойтахтимздаги AZIMUT Grand Hotel тантаналар залида, "Саломатлик” тиббий-санитар ёрдам поездининг асосчиси, шифокор-кардиолог, ҳозирги кунда "Uzbek Community Canada" хамжамиятининг президенти Нодира Юлдашева томонидан “Саломатлик” поездининг 25 йиллигига бағишланган тантанали тадбир ташкил этилди.
Тадбир доирасида сўзга чиққан мутасаддилар, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан 25 йилдан буён муваффақиятли амалга ошириб келинаётган лойиҳанинг фаолияти, эришган ютуқлари, чорак аср давомида босиб ўтган нурли йўли ва жамиятга келтирган нафи бўйича маълумот берди.
Шунингдек, улар Н. Юлдашеванинг лойиҳадаги ўрни ва унинг ҳозирги кундаги фаолиятига ҳам алоҳид тўхталиб, ватанпарварлик ғояси асосида олиб бораётган ишларини эътироф этиб, диплом, ташаккурнома ва эсталик совғалар билан тақдирладилар.
Йигирма беш йиллик санага бағишлаб ўтказилган тадбирда видеоролик намойиш этилиб, таниқли санъаткорлар томонидан куйланган куй, қўшиқлар йиғилганларга хуш кайфият бағишлади.
Дарҳақиқат, 25 йил, тарих учун қисқа фурсат бўлса-да, “Саломатлик” поезди учун бу миллионлаб соғломлаштирилган инсонлар, асраб қолинган ҳаётлар, минглаб километр масофалар ва халқнинг давлатдан розилик туйғуси демакдир. Ушбу лойиҳа соғлиқни сақлаш ва темир йўл тизими ҳамкорлигининг энг муваффақиятли ҳамда барҳаёт намунаси сифатида тарихга кирди. Чорак аср давомида жазирама иссиқ ва қаҳратон совуқларга қарамай, поезд жамоаси рельслар орқали инсонларга соғлик ва табассум улашишда давом этмоқда.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири