Лойиҳа доирасида Тошкент вилоятигача 350 километр узунликдаги 500 кВ кучланишли икки занжирли электр узатиш тармоғи барпо этилмоқда.

Лойиҳа доирасида, шунингдек, 1000 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси, 1336 МВт·соат сиғимга эга электр энергиясини сақлаш тизими, 500 кВ ва 220 кВ кучланишли янги электр узатиш тармоқлари қурилмоқда.

Нуробод туманидан Тошкент вилоятидаги «Ҳалқа» подстанциясигача тортиладиган 350 километрлик 500 кВ кучланишли икки занжирли электр узатиш тармоғи Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари ҳудудидан ўтади.

Айни пайтда тармоқ таянчлари учун фундамент қуриш ишлари якунланган. Ҳозирда таянчларни ўрнатиш ишлари бошланган.

Мазкур лойиҳада Марказий Осиёда илк бор янги конструкциядаги 500 кВ кучланишли икки занжирли электр узатиш таянчлари қўлланилмоқда. Махсус дизайн асосида лойиҳалаштирилган ушбу таянчларнинг техник ечимлари Ҳиндистоннинг «Larsen & Toubro» компанияси томонидан синовдан ўтказилган. Бу энергетика инфратузилмасида янги техник ечимларни жорий этиш имконини беради.

Бундан ташқари, лойиҳа доирасида яна 150 километр узунликдаги 220 кВ кучланишли электр узатиш тармоғи қурилмоқда. Ҳозирда унинг қурилиш ишларининг 50 фоизи бажарилган. Тармоқни 2027 йил май ойида тўлиқ фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Шу тариқа, лойиҳа доирасида жами 500 километр электр узатиш тармоғи барпо этилади. 500 кВ кучланишли Нуробод — Тошкент «Ҳалқа» электр узатиш тармоғи қурилишини эса 2028 йилнинг биринчи чорагида якунлаш кўзда тутилган.

Янги электр узатиш тармоқлари Нурободда қурилаётган қуёш станцияси ва энергия сақлаш тизимини ягона электр тармоғига самарали интеграция қилишга хизмат қилади. Шунингдек, Марказий ҳудудда шаклланаётган янги генерация қувватларидан электр энергиясини Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва водий вилоятларига узатиш имкониятлари кенгаяди.

Натижада мазкур ҳудудларда электр таъминоти барқарорлиги ва ишончлилигини ошириш имконияти яратилади.