— Ҳарбий хизматни тахминан ўн беш-йигирма йил олдин Сурхондарёда ўтаганмиз. У пайтлари Термиз чегара ва ёпиқ шаҳар эди. Қўшни давлатлар билан чегара йўли бутунлай ёпилган, бошқа вилоятдан келган меҳмон ҳам вилоят ичидаги постларда тўхтайвериб, тинкаси қурирди. Хорижлик сайёҳларни-ку, камдан-кам кўрардик, — дейди у хотирлаб. — Кейинги йилларда зиёрат ва тоғ табиатидан баҳра олиш мақсадида тез-тез бориб турибмиз. Сурхондарё — сайёҳлар талпинаётган жой.
Ҳа, воҳа — Ўзбекистоннинг энг жадал ривожланаётган сайёҳлик ҳудудларидан. Кейинги йилларда вилоятга келаётган сайёҳлар кескин кўпайгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Масалан, жорий йилнинг 9 ойи давомида Сурхондарё вилоятига 2 миллион 500 мингга яқин маҳаллий, 750 мингдан кўп хорижлик сайёҳлар келган. Ҳудудда туризм хизматлари экспортидан эса 130,5 миллион доллар маблағ ўзлаштирилган.
— Воҳамизга сайёҳлар асосан зиёрат, тиббиёт, таълим, этно, гастрономик, археология ва экосаёҳат мақсадида келмоқда. Шундан келиб чиқиб, вилоятда туризмнинг турли йўналишларини ривожлантириш бўйича тизимли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Аслида, Сурхондарёнинг туризм салоҳияти анча юқори, 1 миллиард долларга баҳоланади, — дейди Сурхондарё вилояти туризм бошқармаси бўлим бошлиғи Бекзод Ўрозов. — Жорий йилнинг ўтган 9 ойида вилоятга келган сайёҳларнинг катта қисми тиббиёт ва соғломлаштириш хизматларидан фойдаланган. Бу мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳаси истиқболли эканини кўрсатади.
Хўжаипок туз кони, Сангардак сиҳатгоҳи, Хўжаипок дарёси, Термиз қумли ҳудуди каби ўнлаб соғломлаштириш ва реабилитация марказлари туфайли воҳа қўшни мамлакатлар учун ўзига хос “тиббиёт хаби”га айланиб боряпти.
Вилоятнинг туристик жозибадорлигини янада ошириб, хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш учун салмоқли ишлар бажарилди.
— Сурхон воҳасида сайёҳларни қабул қилиш учун 2627 ўринли 61 та меҳмонхона, 1342 ўринли 35 та хостел ва 1308 ўринли 140 та оилавий меҳмон уйи фаолият юритмоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида яна 4 та меҳмонхона, 4 та хостел ва 9 та оилавий меҳмон уйи қурилиб, фойдаланишга топширилди, — дейди Сурхондарё вилоятида туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва бошқариш дирекцияси бош мутахассиси Норқувват Нурматов. — Шунингдек, вилоятга сайёҳлар оқимини ошириш бўйича 2026 йил якунига қадар аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган. Йил охиригача воҳага келадиган хорижликлар сонини 900 мингга, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” дастури доирасида келадиган маҳаллий сайёҳлар сонини 1 миллион 748 мингга етказиш режа қилинган.
Юртимизда сайёҳлик инфратузилмасига сармоя киритиш ниятидаги инвесторларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Масалан, жорий йилнинг ўтган даврида Бойсундаги “БЕК” меҳмонхонасига 1 миллиард 525 миллион, Деновдаги “Денов Плаза” меҳмонхонасига 525 миллион, “Сумбула” меҳмонхонасига 225 миллион, Сариосиёдаги “Оқшом” меҳмонхонасига 150 миллион сўм миқдорида субсидия ажратилган.
Президентимизнинг 2024 йил 16 декабрдаги “Сурхондарё вилоятининг тоғли-рекреацион ҳудудларида туризм инфратузилмасини яхшилаш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш ва туризм объектларини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, вилоятнинг 3 та ҳудудида туристик марказлар ташкил этилди. Жумладан, Сариосиё туманида қиймати 11,7 миллион долларлик дор йўли қурилиб, фойдаланишга топширилди. Узунлиги 1558 метр бўлган мазкур дор йўли йилига 800 минггача сайёҳни қабул қилиш имкониятига эга. Шеробод туманидаги туз кони ҳудудида эса қиймати 12,2 миллион долларлик “Саломатлик туризм шаҳарчаси” ташкил этилмоқда. Мазкур мажмуа нафас йўллари, аллергик ва бошқа касалликларни туз ғорлари орқали даволаш усулига ихтисослашган йирик марказлардан бири бўлади.
— Жорий йил давомида вилоятда туризм йўналишида умумий қиймати 38,4 миллион долларлик 18 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 361 та янги иш ўрни очиш режа қилинган, — дейди Сурхондарё вилояти ҳокимлиги котибияти мудири Ботир Сафарбоев. — Шунингдек, Сариосиё ва Шеробод туманларида жами 23,9 миллион долларлик 2 та йирик туризм лойиҳаси бошланди.
Воҳа қўшни учта давлат билан чегарадош. Шу сабаб, вилоятга келувчи сайёҳлар учун транспорт ва авиация қатновини яхшилаш, янги йўналишларни очишга алоҳида эътибор қаратилган.
— Шу йил май ойидан бошлаб “Термиз — Истанбул — Термиз” йўналишида “Flykhiva” авиакомпанияси томонидан мунтазам парвозлар йўлга қўйилди, — дейди Сурхондарё вилояти транспорт бошқармаси бош мутахассиси Козим Бойбўриев. — Шу билан бирга, “Тошкент — Сариосиё — Тошкент” йўналишида “Silk Avia” томонидан мунтазам авиақатновлар бошланди. Чорак аср давомида фойдаланилмай келган Сариосиё аэропорти фаолияти тикланиб, мунтазам парвозлар амалга ошириляпти.
Мутахассислар фикрича, Сурхон воҳасининг сайёҳлик салоҳияти ҳали тўла очилмаган. Унда юқори даражадаги иқтисодий ва туристик имкониятлар яширин. Бу борадаги янги ташаббус ва лойиҳалар ана шу имкониятлардан самарали фойдаланишга хизмат қилади. Бугун сайёҳларни вилоятга чорлаётган куч эса бошланган ислоҳотларнинг дастлабки натижаларидир.
Сарвар ТЎРАЕВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири