Бу ҳақда Сергели туман ҳокимлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳридаги Сергели автомобиль бозори ҳудудида кенг кўламли модернизация ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Ҳокимлик маълумотига кўра, амалга оширилаётган ишлардан кўзланган асосий мақсад бозор инфратузилмасини янгилаш, хавфсиз ва тартибли савдо муҳитини шакллантириш, шунингдек, тадбиркорлар ва харидорлар учун қулай шароитлар яратишдан иборат.
Модернизация ишлари доирасида бозор маъмурий биносига кириш қисми янгиланиб, гранит қопламалар ётқизилмоқда. Шунингдек, ҳудуддаги 26,5 минг квадрат метр майдонга янги асфальт ётқизилган бўлиб, қўшимча равишда яна 16,2 минг квадрат метр майдонни асфальтлаш режалаштирилган.
Бозордаги эҳтиёт қисмлар савдоси амалга ошириладиган дўконларнинг том қисми таъмирланмоқда. Тартибсиз ўрнатилган реклама конструкциялари демонтаж қилиниб, витриналар янгиланяпти. Шунингдек, ишлатилган эҳтиёт қисмлар савдоси учун мўлжалланган контейнерлар замонавий ва ягона архитектура кўринишига келтирилмоқда.
Ташриф буюрувчилар учун янада қулайлик яратиш мақсадида рақамли технологиялар ҳам жорий этилмоқда. Хусусан, бозор ҳудудига автотранспорт воситалари кириши учун инсон омилисисиз ишлайдиган автоматлаштирилган тўлов тизимлари ўрнатилмоқда. Бу кириш жараёнини тезлаштириш, шаффофликни таъминлаш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш имконини беради.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги мазкур ишлар бозорни бузиш билан эмас, балки уни замонавий талаблар асосида ривожлантириш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилганини таъкидлади.
Маълумот учун, бозорнинг расмий номи — «Истеъмолда бўлган транспорт воситалари ва эҳтиёт қисмлари Сергели бозори» МЧЖ бўлиб, бу ерда фойдаланилган транспорт воситалари ва эҳтиёт қисмлари савдоси амалга оширилади.