Жорий йил январь апрель ойларида дастур доирасида давлат идоралари фаолияти, бошқарув сифати ва раҳбар кадрларнинг етакчилик қобилияти халқаро экспертлар ҳамда маҳаллий мутахассислар томонидан баҳоланди.

Танловда 40 та республика идораси ва уларнинг ходимлари иштирок этди.

Танлов натижаларига кўра, Адлия вазирлиги «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича энг намунали вазирлик номинациясида ғолиб деб топилди.

Вазирлик қисқа вақт ичида замонавий, очиқ ва рақамли адлия институтига айланди. Бугунги кунда вазирлик 30 та платформа орқали 380 та тўлиқ рақамлаштирилган хизматларни кўрсатмоқда. 780 дан ортиқ хизматдан онлайн фойдаланиш мумкин. 208 та давлат хизматлари марказидан иборат тармоқ бутун мамлакат бўйлаб ягона стандартни таъминламоқда.

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ресурсларни бошқариш бўйича энг намунали вазирлик сифатида эътироф этилди.

Мазкур идора масъулиятли, шаффоф ва тежамкор хўжалик юритишнинг ёрқин намунасига айланди. Ажратилган ҳар бир сўм янги конларни қидириб топиш ва соҳани ривожлантиришга сарфланди. Геология-қидирув ишларида сув сарфи 20 фоизга қисқартирилди. Буджет режалари 2028 йилга қадар олдиндан тузиб чиқилган. Асосий кончилик ускуналарини маҳаллийлаштириш даражаси 84 фоизга етказилди.

Давлат хизматларини кўрсатишдаги ижобий натижалари учун Ички ишлар вазирлиги энг намунали деб тан олинди.

Бугунги кунда вазирлик 60 га яқин хизмат турини кўрсатаётган бўлса, уларнинг 95 фоизи тўлиқ рақамли шаклда тақдим этилаётгани диққатга сазовор. Илгари тарқоқ бўлган 72 та маълумотлар базаси ягона «Хавфсиз шаҳар» тизимига бирлаштирилиб, унга 14 та бошқарув маркази ва 20 дан зиёд вазирлик уланган. Ўтган йили 148 мингдан ортиқ маъмурий иш масофавий тарзда кўриб чиқилди ва одамларнинг идорама-идора сарсон бўлишига йўл қўйилмади. Вазирлик замонавий давлат хизматларини инсон учун яратилган қулайлик билан ўлчанишини амалда кўрсатмоқда.