Бир неча ой давомида Нукус, Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва Қўқон шаҳарлари йирик халқаро мусобақаларга мезбонлик қилиб, оммавий спорт ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш марказига айланди.
Лойиҳа бугунги кунда оддий оммавий югуриш мусобақаларидан анча кенгайиб, мамлакатдаги энг йирик спорт ҳаракатларидан бирига айланган. У жисмоний фаолликни оммалаштириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва соғлом жамиятни шакллантиришга қаратилган давлат сиёсатида муҳим ўрин тутмоқда.
Баҳорги мавсумнинг муҳим воқеаларидан бири 17 май куни пойтахтда ўтказилган Silk Road Tashkent ва Talaba Yugur оммавий спорт фестиваллари бўлди. Уларда 5 мингдан зиёд иштирокчи қатнашди.
Шунингдек, енгил атлетика бўйича 18 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги III Марказий Осиё чемпионати Тошкентдаги янги Олимпия шаҳарчасида жойлашган Olympic стадионида илк бор ташкил этилди. Мусобақалар халқаро стандартларга жавоб берадиган MONDO енгил атлетика йўлакчасида ўтказилди.
Мавсумнинг финал босқичи 24 май куни Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган Silk Road Kokand халқаро ярим марафони бўлди. Унда 4 мингдан ортиқ иштирокчи стартга чиқди. Маршрут шаҳарнинг тарихий ҳудудлари ва марказий кўчалари орқали ўтиб, қатнашчиларга Қўқоннинг бой маданий мероси билан яқиндан танишиш имконини берди.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, Silk Road Uzbekistan’нинг асосий ютуқларидан бири спорт ва туризмни самарали уйғунлаштирганидир. Иштирокчилар мусобақалар орқали нафақат спорт натижалари учун, балки Ўзбекистон шаҳарларининг тарихи, маданияти ва замонавий ҳаёти билан танишиш имкониятига ҳам эга бўлмоқда.
Баҳорги туркумнинг умумий соврин жамғармаси 429 миллион сўмни ташкил қилди. Ғолиб ва совриндорлар пул мукофотлари билан тақдирланди, болалар учун ташкил этилган Kids Run стартлари иштирокчиларига эса эсдалик совғалари топширилди.
Лойиҳа доирасида мамлакатнинг барча ҳудудларида амалга оширилаётган Talaba Yugur ташаббуси ҳам муҳим ўрин эгаллади. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар, профессионал ва ҳаваскор спортчиларни бирлаштирган “Инсон учун” инклюзив стартлари ҳам ўтказилди.
Silk Road Uzbekistan’нинг навбатдаги босқичи 13 сентябрь куни Хива шаҳрида бўлиб ўтади. Ташкилотчилар кузги мавсум янада кўпроқ иштирокчиларни жалб қилиши ва мамлакатда оммавий спорт ҳаракатининг ривожланишига хизмат қилишини таъкидламоқда.
Реклама