Фарзанд туғилганидан сўнг оилаларга 10 минг Сингапур долларидан икки марта тўлов амалга оширилади. Уларнинг бири боланинг келажакдаги таълими учун сарфланади. Мамлакат Бош вазири Лоуренс Вонг туғилиш даражасининг узлуксиз пасайиб бораётгани шароитида болалар нафақаси тизими қайта кўриб чиқилишини маълум қилди, деб ёзди Financial Times.

“Оилаларни қўллаб-қувватлаш учун қилаётган барча ишларимизга қарамай, реалист бўлишимиз керак — эҳтимол, туғилишнинг умумий коэффициенти аҳолини кўпайтириш зарур бўлган даражадан анча паст бўлиб қолади”, — деди Вонг.

Ижтимоий тўловлар тизими қайта кўриб чиқилиши билан бир қаторда, Сингапур ҳукумати ота-оналарга биринчи уй-жойни соддалаштирилган тартибда олиш имконини берувчи дастурни ҳам жорий этади. Шунингдек, кўп фарзандли оилаларга — уч ва ундан ортиқ фарзанди бор оилаларга — бола парвариши учун қўшимча таътил кунлари берилади. Бунда ишлаётган ҳар бир ота-онага 12 кунгача таътил ажратилади, аввал эса бу муддат 8 кун эди, деб хабар берди kommersant.ru.

Аввал Сингапурда бошқа имтиёзлар тизими амал қилган: фарзанд туғилганда ота-оналарга бир марталик 10 минг Сингапур долларигача тўлов берилган. Энди эса болалар учун нафақалар боланинг ҳаётининг бир неча йили давомида босқичма-босқич тўланадиган бўлди. Ҳукуматнинг фикрича, бу чора туғилиш даражасини оширишга ёрдам бериши керак.

Сингапур бир неча ўн йиллардан буён мамлакатдаги демографик вазиятни яхшилашга ҳаракат қилмоқда. 2025 йилда мамлакатда рекорд даражада паст туғилиш кўрсаткичи қайд этилди — бир аёлга ўртача атиги 0,87 нафар фарзанд тўғри келган. Аҳолини табиий равишда қайта тиклаш учун эса бу кўрсаткич 2,1 нафар бўлиши керак. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 2030 йилга бориб ҳар тўрт сингапурликдан бири 65 ёшдан ошганлардан иборат бўлиши мумкин.