Солиқлар нимага сарфланишини тўлақонли билганимизда эди, барчамиз ўз ташаббусимиз билан тўлаган бўлардик. Тўламайман, менга енгиллик, имтиёз беринглар демасдик. Аксинча, нима учун солиқ тўламаяпман, бошқалардан кам жойим борми, майиб-мажруҳманми дея жар солардик. Солиқ тўлай олиш лаёқатини бергани учун Яратганга шукр айтиб, ич-ичимиздан қувонардик, ғурурланардик.

Солиқни соғлом одамлар тўлайди. Ватан, сени севаман, сенга жоним фидо деб айтиш учун маънавий ҳаққи бор одамлар тўлайди солиқни. Уни тўлаш қаҳрамонлик ёки олижаноблик эмас, балки бурч.

Хўш, солиқ нима ўзи? Солиқ давлат фаолиятини таъминлаш, мактаблар, шифохоналар, йўллар ва бошқа ижтимоий инфратузилмаларни молиялаштириш ва иқтисодиётни бошқариш учун жисмоний ҳамда юридик шахслардан мажбурий, қайтарилмайдиган тартибда ундириладиган пул маблағи. У бюджетни шакллантиради ва мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий барқарорлигини таъминлайди.

Ватан қудрати, аввало, илмли, маърифатли фуқароларга боғлиқ. Худди коинотни қуёшсиз тасаввур қилиб бўлмаганидек, жамиятни мактабсиз, ўқитувчисиз, билимсиз тасаввур қилиш қийин. Илму маърифат, маънавият эса мактабгача таълим ташкилотларида, мактабларда, олий ўқув юртларида берилади. Инсон орзу қилиши, олдига марралар қўйиши, мақсадлар сари интилиши учун, аввало, соғлом бўлиши керак. Бунинг учун мамлакатда туғуруқхоналар, шифохоналар, поликлиникалар қурилиши, бу қутлуғ даргоҳларда инсон саломатлиги учун масъул малакали, тажрибали тиббиёт ходимлари ишлаши лозим.

Мамлакатда соғлом ва комил инсонга эҳтиёж катта. Солиқларимиз таълим, маърифат, маънавият учун сарфланаётганини наҳотки тушунмаймиз?!

Олий ўқув юртлари, мактаблар, боғчалар қурилиши, уларнинг дарсликлар, ўқув жиҳозлари, лабораториялар, кутубхоналар, компьютерлар, турли замонавий технологиялар билан таъминланиши солиқ тушумларига боғлиқлигини биламизми?

Яқин ўтмишда пахта терими пайтида ҳашарчиларнинг ётоғига айлантирилиб, терим тугагач, қандай абгор аҳволда бўлса, худди шундай ҳолда машғулотлар давом эттирилган, спорт майдончаларигача текисланиб пахта экилган, томидан чакка томадиган мактаблар ўрнига дунё ҳавас қилаётган илм кошоналари қурилишига ҳисса қўшиш наҳотки кимларгадир малол келаётган бўлса...

Жаҳон аҳли бошига мусибат олиб келган пандемиядан халқимизни эсон-омон олиб чиқиш учун давлатимиз раҳбари барча тизимга солиқ имтиёзларини бериш ҳақида қарорлар қабул қилгани одамларнинг ёдидан кўтарилгани йўқ ҳали.

Ўшанда махсус комиссия тузилди. Тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилди. Қисқа муддатда махсус шифохона ва карантин ҳудудлари қурилди. Сиҳатгоҳ ва оромгоҳлар карантин муассасаларига мослаштирилди. Тиббиёт масканлари дори-дармон, ҳимоя ва диагностика воситалари билан етарли даражада таъминланди. Бунинг учун зарур маблағ ажратилди. Бу маблағ йиғилган солиқ тушуми эканидан наҳотки хабарингиз бўлмаса?

Пандемия вақтида мамлакат бўйлаб жойлардаги муаммолар очиқ муҳокама қилинди. Коронавирусга қарши курашиш учун қайси ҳудудга қандай техника ва воситалар кераклиги белгиланди. Президентимиз мутасаддиларга ҳақиқий ҳолатни реал вақт режимида назорат қилиб, юзага келаётган муаммоларни тезкор ҳал этиб бориш бўйича қатъий топшириқ берганини барчамиз яхши биламиз. Хуллас, мамлакатимиз етакчисининг саъй-ҳаракати туфайли ҳар бир ҳудуд эҳтиёждан келиб чиқиб, етарлича дори-дармон, тиббий буюмлар ва тест тизимлари билан таъминлангани, тиббиёт ходимлари моддий рағбатлантирилгани бугун тарих саҳифаларидан ўрин олди.

Биз тўлаётган солиқларнинг бир қисми тиббиётга йўналтирилганини миннатдорлик билан қабул қилишимиз керак эмасми?

Текис ва равон йўллар — ободлик белгиси, мамлакатнинг қиёфасини белгиловчи омил. Уйимизга, ишга, барча муқаддас жойга, тарихий осори атиқаларга йўллар олиб боради.

Ўзбекистонга сармоя киритаётган инвесторлар, аввало, йўлларимизга қарайди. Йилдан йилга каррасига кўпаяётган туризм ривожида йўлларнинг ўрнини бошқа бирор нарса билан тўлдириб бўлмайди. Бошқача айтганда, даромад йўллардан юриб, кириб келади. Йўлларга қанча кўп пул сарфласак, шунча кўп фалокатнинг олди олинади.

Биз тўлаётган солиқнинг бир қисми йўл қурилишига кетишини наҳотки тушунишни истамаймиз?

Жорий йил 6 апрель куни Президентимиз солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва солиқ органлари фаолиятини ислоҳ қилишга доир тақдимот билан танишди. Унда давлатимиз раҳбари солиқ тизимини такомиллаштириш, назоратни кучайтириш ва хуфиёна иқтисодиёт ҳақида тўхталиб ўтди.

Солиқ тизимидаги шаффофлик ва адолат давлатимиз раҳбари назоратида турганининг ўзиёқ ҳар биримизнинг виждонимизни уйғотмоғи шарт ва зарур.

Энг ривожланган мамлакатларда солиқ тўламагани ёки солиқдан қочгани учун “эркатой юлдузлар”, юрти тараққиётида ўрни бор тадбиркорларга жарима ва жазо белгиланган.

Бунга мисоллар кўп. Масалан, аксарият футбол юлдузлари, шоу-бизнес вакиллари солиқ тўламаслик билан боғлиқ воқеалар сабаб жавобгарликка тортилган.

Иқтисодиёти ривожланган давлатларда солиқ “ихтиёрий бурч” эмас, балки қатъий ижтимоий шартнома.

Машҳурлик, бойлик ёки таъсир жазодан ҳимоя қилмайди. Энг муҳими, жазо муқаррарлигида.

Хўш, бизда-чи? Бирор марта солиқ тўламагани ёки солиқдан қочгани учун ишбилармон, шоу-бизнес вакили ёки машҳур спортчи жаримага тортилгани ҳақида эшитганмисиз? Эшитмагансиз! Чунки бизда улар доимо эъзозда.

Тадбиркорлик, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, санъат, адабиёт, маданият ривожига ҳисса қўшганлар, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаб, ногиронлиги бор юртдошларимизни иш билан таъминлаганлар учун босқичма-босқич солиқ имтиёзлари жорий этиб келинмоқда.

Ўзбекистон бугун жаҳонга эшикларини очди. Дунё ўзбек билан дўст бўлишни истамоқда. Беклигимизни, энг аввало, юрагимизда, виждонимизда тиклайлик. Олдимизда турган улкан масъулиятни шараф дея қабул қилайлик. Энг асосийси, топ­ган даромадимиздан қонунда белгиланган миқдорда солиқ тўлашни виждон иши деб билайлик.

Зулфия МЎМИНОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,

“Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси