Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, 1997 йилда Қува туманида туғилган Муҳаммад Юсуф Муҳаммаджонов 10 дан ортиқ фуқаронинг номига онлайн кредитлар расмийлаштириб, уларнинг 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағини ўзлаштирган.

Тергов маълумотларига кўра, у фуқароларга «кредит олиб бериш» ваъдасини бериб, уларнинг шахсий маълумотларидан фойдаланган. Натижада жабрланувчилар номига қўшимча кредитлар расмийлаштирилиб, маблағлар гумонланувчи томонидан ўз эҳтиёжлари учун ишлатилган.

Жабрланувчилардан бири 130 миллион сўм кредит олганидан сўнг, унинг номига яна қўшимча кредит расмийлаштирилганини айтган. Яна бир фуқаро эса ўз номига 73 миллион сўмдан ортиқ маблағ ноқонуний равишда олинганини билдирган. Шунингдек, бир аёлнинг айтишича, Face ID орқали амалга оширилган жараёндан кейин унинг номига тахминан 80 миллион сўм кредит расмийлаштирилган.

Бошқа ҳолатда эса фуқаро номига 105 миллион 780 минг сўмлик ипотека кредити расмийлаштириб олингани маълум бўлган.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-модда (фирибгарлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Тезкор тадбирлар натижасида гумонланувчи қўлга олинган.

У ўз кўрсатмасида банк ходими эмаслигини, фақат фуқароларга кредит олиб беришни ваъда қилиб, ортиқча маблағларни яширган ҳолда ўз манфаати йўлида ишлатганини тан олган ва қилмишидан пушаймон эканини билдирган.

Фарғона вилояти ИИБ фуқароларни бундай ҳолатлардан огоҳ бўлишга чақириб, кредит расмийлаштиришда бегона шахслар ёрдамига ишонмасликни тавсия қилди. Шунингдек, ушбу шахсдан жабрланганлар ички ишлар органларига ёки 102 рақами орқали мурожаат қилишлари сўралди.