Тайинлов халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида маълум қилинди. Унга кўра, Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи асосида Ички ишлар вазирлиги Академияси магистратураси битирувчиси Бахтиёр Рахимжонович Иноқов вилоят ИИБ бошлиғи лавозимига тайинланган.
Сессияда вилоятдаги криминоген вазият ва жиноятчиликни жиловлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг ҳисобот даврида вилоятдаги 723 та маҳалланинг 73 фоизида, яъни 528 тасида биронта ҳам жиноят содир этилмаган. Ходимларнинг ташаббуси билан аниқланган жиноятлар сони ҳам 40 фоизга яхшиланган.
Шу билан бирга, 28 та маҳалланинг «қизил» тоифада қолаётгани танқид қилинди.
Янги тайинланган раҳбарга жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш, ҳар бир маҳаллада хавфсизликни таъминлаш, аҳоли билан яқин мулоқот ўрнатиш ва фуқароларнинг ички ишлар органларига ишончини мустаҳкамлаш бўйича вазифалар юклатилди.
Туман ва шаҳар ички ишлар бўлимлари раҳбарларидан эса жиноят содир этилишига замин яратаётган омилларни манзилли бартараф этиш ва маҳаллалар кесимида натижадорликни ошириш талаб қилинди.