Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ва “Айритом” чегара божхона пости томонидан вилоят ДХХ, ички ишлар ва Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбирларда гиёҳвандлик воситаларини ўзининг ички аъзоларига яширганча олиб киришга уринган “жонли контейнер”ларни тўхтатиб қолишди.
“Термиз халқаро савдо маркази”га келаётган 18 ёшли қўшни давлат фуқароси шубҳа остига олиниб, инсон тана аъзоларини сканерловчи қурилма орқали кўздан кечирилганида, ушбу шахс танасининг йўғон ичак қисмига шубҳали ўрамни жойлагани аниқланди.
Мазкур ўрам очиб кўрилганида эса, унинг ичига 100 гр. оғирликдаги “гашиш” гиёҳвандлик воситаси яширилгани фош бўлди.
Навбатдаги ҳолатда эса 49 ёшли қўшни давлат фуқароси ҳам худди шу усулдан фойдаланиб, олиб кирилган салкам 50 гр. “опий”ни 3600 АҚШ доллари ва 1 дона замонавий смартфон эвазига пуллаётган вақтида тўхтатиб қолинди.
Ҳар иккала ҳолат юзасидан ҳам божхона органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилди.