Улардан бири — “Мирза-Пай” ирригация тизими бошқармаси каналлари катта муҳандис-гидротехниги Облоқул Абдулазизов. У ўтган йили Президентимиз фармонига мувофиқ, “Дўстлик” ордени билан мукофотланди. Фидойи ирригатор билан яқиндан танишиш ниятида Жомбой туманидаги сув иншоотлари томон йўл олдик. Каналлар бўйлаб юриб, мўъжазгина сувчилар биноси ёнига етиб борганимизда одмигина кийинган бир киши ҳафсала билан дарахт бутаётгани устидан чиқдик. Салом-аликдан сўнг у самимий табассум билан:
— Келингизлар, Облоқул менман, — деди.
Ростини айтсам, бир оз ҳайрон қолдик. Чунки уни жуда сипо,
жиддий қиёфада тасаввур қилган эдик. Аммо рўпарамизда турган кишининг
камтаринлиги ва меҳнаткашлиги шундоқ кўриниб турарди. Облоқул ака билан бирга
сув йўллари, каналлар, ариқлар, турли сув иншоотларини кўздан кечирар эканмиз,
у ҳар бир сув йўли ҳақида катта иштиёқ билан сўзларди. Қайси ариқ қачон
қазилгани, қаерида сувнинг йўли ўзгаргани, қаерида таъмир кераклиги — барчасини
батафсил тушунтириб берарди. Суҳбат давомида қаҳрамонимизнинг сув хўжалигидаги
45 йиллик тажрибаси, чуқур мулоҳазалари ва меҳнатга муҳаббати яққол намоён
бўлиб борарди.
Энг муҳими, Облоқул аканинг самимияти ва инсонпарварлиги
қалбимизда илиқ таассурот қолдирарди. У жонкуярлик билан айтаётган ҳар бир
сўзида сувнинг аҳамиятини юрт тақдири, деҳқон ризқи, одамлар ҳаёти билан
боғларди. “Сув бор жойда ҳаёт бор”, дерди ҳар икки гапнинг бирида ва
обиҳаётнинг қадрига етиш кераклигини қайта-қайта таъкидларди.
Илк кўрганимдаёқ бу инсон негадир менга японларни эслатиб
юборди. Чунки Облоқул ака биз кўниккан “мукофот олган” атоқли инсон образига
унчалик мос келмасди. Унда кўтаринки дабдаба ёки расмий салобатдан кўра
камтарлик ва меҳнатга садоқат кўпроқ намоён эди. Шу жиҳатлари билан у
кинолардаги меҳнаткаш, хокисор япон қаҳрамонларини эслатарди: ишига берилган,
ортиқча сўздан қочадиган, аммо қилган иши билан катта ҳурмат қозонадиган инсон.
Қизиғи, Облоқул аканинг ёши 60 дан ошган бўлса-да, йигитлардек эпчил, чаққон.
Канал бўйлаб юрарканмиз, баъзан ортда қолиб кетардим. У эса илдам одимларди.
— Кунига 15-20 километр масофани пиёда босиб ўтаман. Канал ва
ариқларга замонавий сув ўлчаш мосламаларини ўрнатганмиз. Шуларни мунтазам
кўздан кечириб тураман. Улар сувни тўғри тақсимлаш, тежашда жуда қўл келади, —
дейди қаҳрамонимиз.
Қишлоқ хўжалиги барқарорлиги, юрт дастурхони файзу баракаси
ва умуман, ҳаётимиз фаровонлиги сувга бевосита боғлиқ. Уни тежаш эса бугуннинг
долзарб вазифаси. Ана шу мақсадда қилинаётган муҳим ишлардан бири — ариқ ва каналларни бетонлаштириш. Бу ҳақда
Облоқул ака қимматли фикрларини билдиради: “Ариқ
ва каналларни бетонлаштириш Ўзбекистонда
сув ресурсларини тежашнинг энг муҳим ва стратегик йўналишларидан.
Ҳисоб-китобларга кўра, бетонланмаган ариқ ва каналларда сувнинг тахминан
36 фоизи ҳеч қандай иқтисодий самара бермай, ер остига сингиб ёки буғланиб
кетади. Бу эса катта ресурс йўқотилиши демакдир.
Натижада сувга муҳтож далалар,
экинзорлар ва боғ-роғлар етарлича ҳосил бермайди”.
Суҳбат давомида Облоқул Абдулазизовнинг фикрлари, чуқур
мулоҳазасида ҳар томчи сув учун масъулият туйғуси сезилиб турарди.
— Биласизми, тупроқ ўзанли ариқларда сувнинг катта қисми ер
остига сингиб кетади. Бетон қоплама эса бу йўқотишни 95-98 фоизгача
камайтиради, — дейди ҳамроҳим.
Унинг айтишича, ариқларни бетонлаш нафақат
сувни тежаш, балки унинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Бетон юзаси
силлиқ бўлгани сабабли сув оқимининг гидравлик тезлиги ортади. Шу боис, сув
манзилга тезроқ етиб боради. Сувнинг йўлда кам вақт сарфлаши эса яна бир муҳим
омилга — буғланишнинг камайишида жуда муҳим. Натижада бир томчи сув ҳам қадрли
бўлган бугунги шароитда ҳар қатрадан унумли фойдаланиш имконияти юзага келади.
Яна бир жиҳати шуки, бетонланган ариқларда лойқаланиш ва ўт босиши анча
камаяди. Тупроқ ўзанли ариқларда эса сув оқими билан келган майда чўкиндилар
тез тўпланиб, ариқнинг ўтказувчанлигини пасайтиради. Бундан ташқари, ўт-ўланлар
тез кўпайиб, сув йўлини тўсиб қўяди. Бетон қопламали ариқларда эса бундай
муаммо деярли кузатилмайди. Шу сабабли уларни тозалашга ҳам анча кам куч ва
маблағ сарфланади. Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, бетонланган ариқларда таъмирлаш
ва тозалаш харажати оддий тупроқ ариқларникига нисбатан 3-4 бараваргача
камаяди. Қисқаси, ариқларни бетонлаш фақат қурилиш жараёни эмас, балки сувни
асраш, уни адолатли ва самарали тақсимлаш йўлидаги муҳим қадам экан.
Канал ва сув йўлларини айланиб чиққанимиздан сўнг сувчилар
уйига қайтдик. Бинога кирганимизда деворга суяб қўйилган эски чолғу асбоби
кўринди. Табиийки, бу жойда, бундай чолғуни кўриш бир оз кутилмаган ҳол.
Қизиқсиниб қараб турганимизни пайқаган Облоқул ака жилмайиб:
— Зериккан пайтларим чалиб тураман, — деди.
Ундан бирор қўшиқ ижро этиб беришини сўраган эдик, Облоқул
ака аввал бир оз кулди. Сўнг чолғу асбобини қўлига олди. Бармоқлари тор устида
енгил юра бошлади ва қувноқ қўшиқдан хиргойи қила кетди.
Табиат қўйнида: сал нарида шовуллаб оқаётган канал, баҳорнинг илиқ шабадаси ва майин мусиқа садоси ўзаро уйғунлашиб, атрофга ажиб ва дилбар кайфият бағишлар эди. Гўё бу қўшиқларда қаҳрамонимизнинг бутун умри — меҳнати, самимияти ва ҳаётга муҳаббати акс этаётгандек эди. У билан хайрлашиб, канал бўйлаб ортга қайтар эканмиз, сувнинг сокин шовуллаши ва сал аввал бизни мафтун этган оҳанг гўё ҳали ҳам янграб тургандек эди.
Шуҳрат НОРМУРОДОВ,
журналист