Агар унга яхши эътибор қаратилса, ғамхўрлик қилинса, кун келиб серҳосил, басавлат дарахтга айланади ва мўл ҳосил беради. Акс ҳолда, нобуд бўлиши ҳеч гап эмас. Ёш авлоднинг илм-маърифатли, касб-ҳунарли, эл корига ярайдиган инсон, соҳасининг етук кадри бўлиб етишиши учун ҳам худди шу навниҳолга кўрсатилганидек эътибор ва ғамхўрлик зарур.

Ёшим саксондан ошди. Лекин умрим­нинг асосий қисми, ишим, фаолиятим ёшлар билан боғлиқ бўлгани учун бугун юртимизда уларга яратилаётган қулай­ликлар ҳақида фикр билдиргим келди. Зеро, бугунги ўзгаришларнинг аввалги­ларидан фарқи ер билан осмонча. Фар­зандларимиз, невараларимиз даври ҳо­зир. Замон уларники. Ҳавас эса бизники.

Гувоҳи бўлиб турибмизки, кейинги ўн йилда Ўзбекистоннинг ёшларга оид сиё­сати тубдан ўзгарди, уларни ижтимоий- иқтисодий қўллаб-қувватлаш борасида асрларга татигулик ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Кўп йиллардан буён олий таълим соҳасида ёшлар билан ишлай­диган мутахассис сифатида Ўзбекистон тарихида ҳозирга қадар ўғил-қизларнинг таълим олиши, манфаатли касб ўргани­ши, қисқа айтганда, ҳаётини йўлга қўйиб олиши учун бу қадар қўллаб-қувватлан­ган бир даврни кўрмадим.

Ўзим фаолият юритадиган соҳа — таълим тизимида Президентимизнинг қатор фармон ва қарорлари, ташаббуси билан туб ислоҳотлар, янгиланишлар кечди, самарадор механизмлар ҳаётга татбиқ этилди. Ислоҳотлар аввалида ўқитувчи ва мураббийларнинг мақоми ва моддий манфаати ошди. “Ўқитувчилар минг доллар ойлик олади”, деган гап­ларга, очиғи, кўпчилик ишонқирамади. Сабаби, ўша даврларда улар бундай ой­ликни ҳатто орзу ҳам қилмас эди. Аммо бугунга келиб, соҳадаги янги ташаббус ва лойиҳалар натижасида ўқитувчилар бундан ҳам кўп маош оляпти.

Бундан ташқари, 15-20 йил олдин ўқув мавсумининг тенг ярми пахта дала­сида ўтиб кетарди. Олий таълим тизими коррупциялашган, тараққиётдан ортда қолган эди. Аммо бугун таълим, илм-фан соҳасига қаратилган эътибор туфайли бу муаммолар ечимини топди. Таълим тизимига рақамли технологиялар татбиқ этилиб, соҳа тараққиётига тўсиқ бўлган иллатларга барҳам берилди. Натижада эса ўзбек ёшлари дунё миқёсида юқори рейтингларга эришмоқда.

Халқимизнинг таълим соҳаси, илм- маърифатга қараши бугун ўн, йигирма йил олдингидан буткул фарқ қилади. Жорий йил 24 февралда Президентимиз­нинг ёшлар билан мулоқоти бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Ёшлар тараққиёти глобал индексида энг тез суръатларда ривожланаётган дав­лат деб эътироф этилганини билдирди. Ёшларнинг бундай эътирофга сазовор бўлиши кейинги йиллардаги таълим соҳаси, айнан Ўзбекистонинг салкам 6,5 миллион ўғил-қизи ўқийдиган, энг узоқ давом этадиган, ҳал қилувчи босқичи — мактаб таълимидаги янгиланишлар ҳоси­ласидир.

Албатта, илм йўлида ёшларнинг олий таълимга эга бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Аммо бунинг учун, биринчи навбатда, университет ва институтларга киришда давлат имтиҳонларидан ижобий натижага эга бўлиш керак. Бунда ёшла­римизга турли ўқув марказлари кўмакчи бўлмоқда. Ёшларни қўллаганни давлат ҳам эътибордан четда қолдирмайди.

Хусусан, бу йил Ўзбекистонда ўқув мар­казлари фаолияти ўзининг олтин даврига қадам қўймоқда дейиш мумкин. Албатта, ўқув марказлари оммалашиб боришида уларга яратилган қулай шарт-шароит, им­тиёз ва рағбатлар йил сайин ортиб бори­ши замин яратди. Хусусан, ўқув маркази ташкил қилган ёш тадбиркорларга 7 йил муддатга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит, чекка ҳудудларда чет тилларга ихтисослашган ўқув марказлари очган малакали ёшларга 120 миллион сўмга­ча фоизсиз ссуда берилади. Шунингдек, хусусий ўқув марказларида хорижий тилларни ўрганадиган ёшларга тўловла­ри “2+6” ой шаклида қоплаб берилиши тармоқнинг янада гуркираб яшнашига замин ҳозирлади. Натижада қўллаб-қув­ватлаш механизми самара бериб, хори­жий тил сертификати олган ёшлар сони 600 мингдан ошгани, хорижий тилларни мукаммал биладиган 72 минг инструктор шакллангани айтилди. Хусусий ўқув мар­казлари сони 3 карра кўпайиб, 38 минг­дан ошди.

Давлатимиз раҳбари очиқ мулоқотда билдирганидек, эндиликда Хусусий ўқув марказлари уюшмаси тузилиб, уюшма аъзоси бўлган марказларга биносини ижарага берган тадбиркорлар ижарадан олинадиган даромад ва фойда солиғини тўлашдан озод этилади. Бундай мар­казлар ўқитувчиларини илғор таълим марказларига стажировкага юбориш амалиёти йўлга қўйилади. Яъни тармоқ ягона катта кучга айланиб, иш самара­дорлиги каррасига ортиши кўзланмоқда. Шунингдек, “Кўмак” дастури доирасида олис ва чекка ҳудудларда хорижий тил ўқув марказлари фаолиятини кенгайти­риш учун 300 миллион сўмгача фоизсиз ссуда берилади. Олис ҳудудлардаги ўқув марказлари ижтимоий солиқни 1 фоиз, ўқитувчилар учун даромад солиғини 7,5 фоиз миқдорида тўлайди.

Албатта, ёшларнинг илм-фанга қа­дам қўйишида олий таълимнинг аҳамия­ти катта. Аммо илгари моддий аҳволи оғирлиги ёки оилавий шароити сабаб университетларни ташлаб кетаётганлар етарлича эди. Аммо кейинги йилларда ёшлар, айниқса, хотин-қизларнинг иж­тимоий қўллаб-қувватланиши натижаси­да аҳолининг турли қатламлари орасида олий маълумотга эга фуқаролар сони кў­пайди. Жумладан, аҳолининг турли иж­тимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қамраб олган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” орқали юртдошларимиз эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда турли имтиёз ва имконият­лар тақдим этилиши уларнинг ҳаётини янги босқичга кўтарди.

Масалан, ўқиш истагидаги йигит- қизлар “Ёшлар дафтари”га кириб, ўқув марказлари тўлови ёки олий таълим муассасаси контракт пулларини тўлаш имконига эга бўлди. Ёлғиз аёллар ёки камбағал оила қизлари “Аёллар дафта­ри” орқали тикувчилик ёки кичик қан­долатчилик марказларини бунёд этиб, давлатнинг қўллови билан рисқу насиба­сини кўпайтирди. “Темир дафтар” одам­ларнинг темир иродасини букаётган, фаровон ҳаётига тўсиқ бўлаётган уй-жой ёки бошқа бирламчи эҳтиёжларини ҳал этишда муҳим воситага айланди.

Бугунги кунда хотин-қизларнинг магистратура босқичида таҳсил олиши учун контракт пуллари давлат томонидан тўлаб берилмоқда. Натижада универси­тет ва институтларда таҳсил олаётган қизлар сони 904 мингдан ошиб, жами та­лабаларнинг 54 фоизини ташкил этмоқ­да. Стажёр-тадқиқотчилар ва докторан­турада таҳсил олаётганларнинг 8,5 минг нафари, яъни 61 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётгани ҳам аҳамиятли.

Президентимизнинг шу йил 3 март­даги “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатла­рининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғриси­да”ги фармони билан оилавий шароити туфайли олий таълим муассасаларидаги ўқишини давом эттиролмаган хотин-қиз­ларга яна ўқиш имкониятини тақдим қи­лиш белгиланди.

Унга кўра, ҳомиладор талаба-қизларга ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси би­лан шуғулланувчи талабаларга 2026/2027 ўқув йилидан олий таълим олиши учун “иккинчи имконият” берилади. Яъни курсдан курсга қолган ёхуд талабалар сафидан чиқарилган шахсларга, истисно тариқасида, фанлар фарқини қайта ўз­лаштириш шарти билан таълимни давом эттириш имкони яратилади. Талабалар фанлар фарқини мустақил ўзлаштириши учун қўшимча муддат берилади ва бошқа зарур шарт-шароитлар ташкил этилади. Бу эса талабалар орасида хотин-қизлар сони янада кўпайишига замин яратади.

Гапнинг индаллосини айтганда, Ўз­бекистонда ёшларнинг олий маълумот олиши учун барча шарт-шароит мавжуд. Жумладан, уларнинг бир пайтнинг ўзида бир неча олийгоҳ ва таълим йўналишига имтиҳон топшириш имкони бор. Шу­нингдек, давлат таълим муассасаларига кира олмаган ёшлар ўзи қизиққан йўна­лиш бўйича хусусий университетларда ҳам таҳсил олиши мумкин.

Илгари олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларидан ўтолмаган ёш­лар учун иккита йўл бор эди. Бири — яна қайта тайёргарлик кўриш, иккинчиси — ишлаш учун хорижга кетиш. Бугун ёш­ларга ҳаётини тўғри йўлга қўйиб олиши учун барча имкониятлар эшиги очилган. 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб яна бир янги тизим йўлга қўйилади. Бундан асосий мақсад ҳам ёшларнинг таълим олиш имкониятини янада кенгайтириш. Унга кўра, кейинги ўқув йилидан бошлаб ўқувчиларни қобилиятига қараб касб ёки олий таълимга йўналтириш мақсадида 9- ва 11-синф ўқувчилари учун ягона дав­лат имтиҳонлари жорий қилинади. Бунда битирувчилар тўплаган балларига кўра ўқишни олий таълим муассасаси ёки техникумда давом эттиради. Яъни устоз бўлмаса, уста бўлади. Ўғил-қизларимиз ё билим, ё яхши бир касб-ҳунар эгасига айланади.

Агар ёшлар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни маъқул кўрса, ўз бизнесини йўлга қўйиши учун ҳам Ўз­бекистонда керакли барча шарт-шароит­лар яратиб берилмоқда. Уларни моддий қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли кредит, бизнесини ташкил этиш учун жой ва бошқа имкониятлар кўпайтирилмоқда. Хусусан, ўтган йили ёшлар бандлигини таъминлаш учун банклар ва Ёшлар иш­лари агентлигига 400 миллион доллар йўналтирилган, натижада “Ёшлар бизне­си” ва “Келажакка қадам” дастурлари ҳи­собидан 15 минг ёш ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиб, 50 минг кишини иш билан таъминлаган. Бу ишларнинг давоми си­фатида 2026 йилда ёшлар тадбиркорли­гини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 200 миллион доллар ажратилган.

Бугун Ўзбекистон ёшлари орзу-уми­ди, олдига қўйган мақсадларига эриши­ши учун барча имконият ва шарт-ша­роитлар мужассам. Улардан фақатгина ўқиш-изланиш, ўз устида ишлаш талаб этилади. Шижоатли, ақл-заковати баланд янги Ўзбекистон бунёдкорлари бўлмиш олтин авлодни кўрганимда уларга ҳава­сим келади. Беихтиёр Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ҳамид Ғуломнинг “Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди…”, деган жумлаларини такрорлайман.

Бегдавлат АЛИЕВ,

фалсафа фанлари доктори, профессор