«Ўзсувтаъминот» АЖ раиси биринчи ўринбосари Ислом Абдуллаев 30 октябрь куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида янги тартиб ҳақида маълум қилди.
Унинг айтишича, истеъмолчилар ичимлик суви ва оқова сув хизматлари учун тўловларни кейинги ойнинг 10-санасига қадар тўлиқ амалга ошириши керак. Агар тўлов ўз вақтида қилинмаса, истеъмолчи огоҳлантирилади ва қарзни тўлаш учун беш кун муддат берилади.
Шундан кейин ҳам қарздорлик бартараф этилмаса, амалдаги тартибда хизмат кўрсатиш чекланади ва қарзни ундириш чоралари кўрилади.
Янги тартибга кўра, қарздорлик базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 1 000 бараваригача бўлса, уни нотариус орқали, ушбу миқдордан ошса, суд орқали ундириш чоралари кўрилади.
Шундан сўнг ижро ҳужжати расмийлаштирилиб, Мажбурий ижро бюросига юборилади.
Агар истеъмолчи ижро ҳужжатида белгиланган мажбуриятни ҳам бажармаса, қонунчиликда белгиланган тартибда унинг электр энергияси учун тўловларни амалга ошириш имконияти чекланиши мумкин.
Яъни, сув ва оқова сув хизматлари учун қарздорлик электр энергияси учун тўлов қилишда ҳам муаммо келтириб чиқариши мумкин.
«Ўзсувтаъминот» вакилининг таъкидлашича, сувдан қарздорлик юзага келган заҳоти электр энергияси учун тўлов қабул қилиш чекланмайди.
Истеъмолчига қарзни тўлаш учун вақт берилади. Электр энергияси учун тўлов қилиш имконияти фақат қарздорлик белгиланган тартибда ундирилмай, сақланиб қолган тақдирдагина чекланиши мумкин.
Шунингдек, Ислом Абдуллаевнинг маълум қилишича, қарзни ундиришнинг янги тартиби ижтимоий реестрга киритилган оилаларга нисбатан қўлланилмайди.
Янги тартиб 2027 йил 1 январдан кучга киради.