Унга кўра, мулкдорларга «Тошкент Инвест компанияси» АЖ уй-жой лойиҳаларини амалга ошираётган Янги Тошкент ҳудудидан хонадонлар ажратиш назарда тутилган.
Мазкур механизм Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 ноябрдаги ПФ–243-сон Фармонида белгиланган.
Таклифнинг ўзига хос жиҳати шундаки, Янги Тошкент ҳудудида мулкдорларга мавжуд хонадони майдонининг 150 фоизигача бўлган ҳажмда янги уй-жой таклиф этилиши мумкин.
Масалан, оиланинг амалдаги хонадони 50 квадрат метр бўлса, унга 75 квадрат метргача бўлган янги уй таклиф қилиниши мумкин.
Бошқа вариантлар ҳам кўзда тутилган. Жумладан, 70 квадрат метрли битта хонадон ўрнига 105 квадрат метргача бўлган кенгроқ уй ёки умумий майдони шу миқдорни ташкил этувчи иккита алоҳида хонадон, масалан, 45 ва 60 квадрат метрли уйлар таклиф қилиниши мумкин.
Бунда келтирилган рақамлар қатъий кафолатланган шартлар эмас, балки эҳтимолий вариантлар ҳисобланади. Ҳар бир ҳолат кўчмас мулкнинг хусусиятлари ва мулкдорларнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, индивидуал тартибда кўриб чиқилади.
Таклифларни ишлаб чиқишга мустақил ташкилотлар жалб этилади. Хонадонларнинг майдони, сони ва бошқа шартлар эса мулкдорлар билан келишилади.
Айрим оилалар учун ўзлари яшаб келган туманда қолиш муҳим бўлса, бошқалар кенгроқ уй-жойга эга бўлиш ёки Янги Тошкент ҳудудига кўчиб ўтишни маъқул кўриши мумкин.
Шу билан бирга, реновация жараёнида мулкдорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жараёнларнинг шаффофлигини таъминлаш ва компенсация шартларини ўзаро келишиш асосий тамойиллар бўлиб қолади.