Албатта, дунё аҳолиси яшаш ва ишлаш давомида ер, сув, ҳаво, замин қаъридаги турли қазилмалардан фойдаланмай иложи йўқ, бироқ асосий муаммо ундан қандай фойдаланишда. Бугун кўпчилигимиз табиат гўзаллигидан завқланамиз, ҳаётбахш гўшаларда ором оламиз, аммо амалий жиҳатдан унга кўпроқ истеъмолчи сифатида ёндашамиз. Афсуски, ана шу жараёнда кўпинча табиатга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўламиз.

Кейинги пайтларда инсоннинг атроф-муҳитга таъсири глобал ва шиддатли тус олган. Бунда антропоген омиллар — инсон фаолияти билан юзага келаётган салбий ўзгаришлар етакчи сабабчига айланган. Бу атроф-муҳитгагина эмас, иқлим ўзгаришини ҳам кучайтирмоқда.

Экологик таҳдидларга чегаралар бегона

Жумладан, одамлар яшаш, ишлаш, янада қулай шароитда дам олиш учун ҳаддан зиёд кўмир, нефть ва газдан фойдаланади. Уларнинг ёқилишидан ажралиб чиқаётган карбонат ангидрид гази салмоғи ҳам тинимсиз ортиб бораётир. БМТ маълумотларига кўра, юқорида санаб ўтилган уч хил ёнилғи ҳиссаси атмосферага тарқалаётган барча ­иссиқхона газининг 75 фоизини ва карбонат ангидрид газининг 90 фоизини ташкил этади.

Бу мавзуда сўз юритилганда энг кўп қўлланиладиган “иссиқхона гази” нима дегани? У қандай пайдо бўлади ва экологияга қандай зарар етказади?

Илмий манбаларда таъкидланишича, унга сув буғи, карбонат ангидрид, метан, азот оксиди, фторли газлар киради. Улар қуёшдан келаётган нурларни ўзидан эркин ўтказади, бироқ ер юзасидан қайтаётган иссиқлик (инфрақизил) нурлари коинотга чиқиб кетишига йўл қўймай, атмосферада тутиб туради. Бу худди ойнаванд иншоот ичида иссиқлик тўпланишига ўхшайди.

Албатта, улар тегишли меъёрда бўлса, ҳаёт учун қулай ҳароратга зарар етмайди. Афсуски, охирги юз йилликда инсон фаолияти боис, уларнинг миқдори ҳаддан зиёд ошиб кетди. Иқлим ўзгариши, глобал исиш каби салбий оқибатлар келиб чиқишида уларнинг улуши улкан. Қўшимчасига, дунё бўйича бундай газларни ютиб, ўрнига кислород чиқарадиган миллионлаб гектардаги ўрмонлар кесилиб кетаётганига нима дейсиз?

Иссиқхона газлари қуёш иссиқлигини ер юзида узоқ вақт тутиб қолади ва бу табиий мувозанатнинг кескин бузилишига сабаб бўлади. Шу сабабли атмосферанинг пастки қатламларида ҳарорат меъёридан кўтарилиб бормоқда. Буни илмий маълумотларсиз ҳам одамлар йил сайин кучли ҳис этиб бораётир.  

Айни пайтда олимлар коинотдаги, хусусан, қуёш фаоллигидаги турли ўзгаришлар ҳам иқлимга таъсир кўрсатишини ўз тадқиқотларида баён этмоқда. Бунинг устига, кейинги йилларда дунё миқёсида тез-тез юз бераётган қурғоқчилик, кучли жалалар, сув тошқини ва ўрмон ёнғинлари ҳам инсоннинг табиатга кўрсатаётган номувофиқ муносабатидан келиб чиқяпти. Абадий музликлар эриши кучайгани ва дунё океанлари сатҳи кўтарилаётгани шу жараёнлар оқибати.

Жаҳон ОАВда ушбу мавзуга оид кўплаб илмий тадқиқотлар, хулосалар ва келажакда юз бериши мумкин бўлган жараёнлар юзасидан хабарлар бериб борилмоқда. Гап умумий уйимиз — Ер сайёраси ва унинг табиатига тегишли экан, бирор янги маълумотни ўқиганда “Жуда узоқда экан, бизга тегишли эмас” маъносида хулоса чиқариш ўринли бўлмас. Жумладан, “Сибирда “ухлаётган улкан хавф” уйғонмоқда: метан ажралиши икки баробарга ортди” сарлавҳали мақолада иқлим исиши оқибатлари борасида тегишли маълумотлар айтилган. Унда ёзилишича, Арктика иқлимининг кескин исиши Сибирь минтақасида бир-биридан фарқ қилувчи иккита хавфли жараённи юзага келтирди. Live Science нашрининг хабар беришича, ушбу ўзгаришлар тупроқ остида асрлар давомида музлаб ётган органик моддаларни эритиб юбормоқда.

Ғарбий Сибирда ҳаво ҳарорати кўтарилиши ва ёғингарчилик кўпайиши ботқоқларни кенгайтирди. Бу эса у ердаги микроблар ­томонидан кўп миқдорда метан гази ишлаб чиқарилишига сабаб бўлди.

Шарқий Сибирда эса, аксинча, ўта иссиқ ва қуруқ ҳаво кузатилмоқда. Бу вазият йирик ўрмон ёнғинларини келтириб чиқарди ва музлаган ерларнинг янада тезроқ эришига йўл очди.  

Олимларнинг таъкидлашича, Сибирь тупроғи остида сайёрамиздаги жами иссиқхона газларининг ярмига яқини сақланади. Агар глобал исиш шу тарзда давом этса, ушбу “ухлаётган хатар” бутунлай уйғониб, дунё иқлими учун ҳалокатли ва ортга қайтариб бўлмас оқибатларни юзага келтириши мумкин.

Охирги юз йилдан ортиқ вақт мобайнида дунё бўйича қанча кўл ва дарёлар бутунлай қуриб қолди. Шу оралиқда сайёрамизда ички чучук сув ҳавзаларининг 60 фоизи иқлим ­ўзгариши ва улардан аёвсиз, самарасиз фойдаланиш сабаб вақти-вақти билан қуриб қоляпти ёки бутунлай оқишдан тўхтаётир.

Узоққа бормайлик, яқин ўтмишда дунёдаги энг йирик кўлларнинг тўртинчиси деб эътироф этилган Оролни мисол сифатида келтириб ўтайлик. Дунёда қуриб қолаётган бундай сув ҳавзалари оз эмас. Тадқиқотлар хулосаларига кўра, дунёда ўнлаб денгиз ва кўл шундай хавф остида. Шу маънода, табиатни бўйсундириш эмас, унга муносабатни бутунлай, тубдан ўзгартириш шарт.  

Дунё мамлакатлари бу борада якка ҳолда эмас, биргалашиб, ҳамжиҳатликда ва янги технологиялардан унумли фойдаланган ҳолда бундай хатарли муаммонинг олдини олиш учун курашга киришган.

Хусусан, Туркий давлатлар ташкилотининг 2026 йил май ойида Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида бўлиб ўтган норасмий саммитида мазкур масала кўриб чиқилди. Давлатимиз раҳбари томонидан 2027 йилни туркий дунёда “Табиатни асраш йили” деб эълон қилиш ташаббуси илгари сурилди. Бу глобал ва минтақавий иқлим ўзгариши даврида экологик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда катта аҳамият касб этади. Мазкур ташаббус “Табиатни асрайлик” мазмунидаги умумий мақсаднигина англатмайди, бу борада аниқ таклиф ва режалар кўрсатиб ўтилди.

Жумладан, туркий дунё миқёсида иқлим ўзгариши ҳамда экологик муаммоларга қарши мувофиқлаштирилган ҳамкорлик ҳаракатларини амалга ошириш, минтақада атроф-муҳит ва биологик хилма-хилликни асрашга қаратилган лойиҳаларни кучайтириш мазкур ташаббуснинг асосий йўналишлари қаторида таъкидланган. Бунда замонавий технологияларни жорий этиш, хусусан, иқлим ва табиат мониторингида сунъий йўлдош маълумотлари ва рақамли ечимлардан кенг фойдаланиш мўлжалланган.  

Президентимиз саммитдаги нутқида бундай таъкидлаган эди: “Бу каби муаммоларга самарали ечим топиш учун сунъий йўлдош маълумотлари асосида Туркий давлатлар ташкилоти иқлим хатарларини мониторинг қилиш тизимини яратиш муҳим. Бунда қурғоқчиликни барвақт аниқлаш, тупроқнинг емирилиши ва музликларнинг эриши билан боғлиқ ҳолатни доимий кузатиб бориш, трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш соҳасига сунъий интеллектни жорий этишга эътибор қаратиш лозим”.

Дарҳақиқат, инсон ва табиат қатор зиддиятли муносабатлар билан боғланган. Шу боис, техник тараққиёт экологик инқироз ­билан уйғунлашмай иложи йўқ. Яъни техника асрида яратилаётган ҳар қандай энг замонавий технология, аввало, инсониятнинг умумий уйи бўлган сайёрамиз, табиатни асраб-авайлашга хизмат қилиши кераклиги, унга зарар етказмасликка урғу берилмоқда.

Бу бежиз эмас, албатта. Бинобарин, туркий давлатларнинг катта қисми жойлашган Марказий Осиёда ҳаво ҳарорати жаҳон бўйича ўртача кўрсаткичга нисбатан икки баробар тез ошмоқда. Сўнгги олтмиш йил ичида эса музликлар майдони қарийб 30 фоиз қисқарган. Ваҳоланки, музликлар минтақа сув ресурсларининг қарийб 90 фоизи шаклланишида муҳим ўрин тутади. Улар қишлоқ хўжалиги, энергетика ва миллионлаб инсонлар ҳаётига боғлиқ бўлган Амударё ва Сирдарёни сув билан таъминлайди.

Аҳоли сони ва иқтисодиёт ўсиши ресурсларга эҳтиёжни оширмоқда. Башоратларга кўра, 2050 йилга бориб, Марказий Осиё аҳолиси 100 миллион кишига етади. Сув, озиқ-овқат ва энергияга талаб ортиб боради, иқлим ўзгариши эса ушбу ресурслар билан таъминланганлик даражасини олдиндан баҳолашни тобора қийинлаштирмоқда.

Маданий даража, тафаккуримиз мезони

Мазкур муаммоларни ҳал этиш йўллари ҳақида сўз юритилар экан, минтақавий ҳамкорликнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаш ўринли. БМТ иқлим соҳасидаги умумий мақсадларни белгилаб беради, бироқ уларга эришиш ҳар бир минтақанинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олишни талаб этади. Зеро, бир неча давлат ҳудудини қамраб олган дарё ҳавзалари ва музликлар тизимларини мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатларсиз сақлаб қолиш мумкин бўлмайди.  

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Ариповнинг қайд этишича, глобал мулоқот қийинлашган шароитда минтақавий ҳамкорлик форматлари алоҳида аҳамият касб этади. Улар амалий ҳамкорликни давом эттириш ва умумий вазифаларни ҳал қилиш имконини беради. Шунинг учун табиий ресурсларни асраш ва иқлим ўзгаришига мослашишга қаратилган қўшма лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини ривожлантириш зарур. Бундай ёндашув умумий дарё ҳавзасининг ҳолатига боғлиқ бўлган барча мамлакатлар манфаатларини ҳисобга олишга имкон беради.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида янги Ўзбекистонни барпо этиш ва келгуси ўн йилликда инсон қадрини юксалтиришга қаратилган стратегик ислоҳотлар режасини эълон қилди. Унда қайд этилган жами еттита миллий дастурнинг тўртинчиси сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартиришдир.  

Келгуси беш йилда қишлоқ хўжалиги экин майдонларида сув тежайдиган технологиялар қамровини юз фоизга етказиш умуммиллий мақсад қилиб белгиланди. “Яшил макон” ҳаракатини эса янги сифат босқичига олиб чиқиш талаб этилмоқда. Мактаб, боғча, шифохона ва кўп қаватли уйлар атрофидаги яшил ҳудудларни жамиятнинг дахлсиз бойлиги сифатида муҳофаза қилиш дастурнинг асосий йўналишларидан бири. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Табиатга муносабат — халқнинг маданияти, давлатнинг масъулияти ва тараққиётнинг сифат кўрсаткичидир”.  

Ҳа, юртимизда она табиатга муносабат тубдан ўзгармоқда. Зотан, бу фақатгина хўжалик ёки иқтисодий масалагина эмас, балки мамлакат тараққиёти йўлини, халқимиз тафаккурини, табиатга, сувга муносабатимизни акс эттирадиган кўзгу ҳамдир.

Рустам БОЙТЎРА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири