Азалдан тадбиркорлик, савдо-сотиқ ривожлангани туфайли ўша пайтлари ҳам бу ерда маҳсулот танлаш имконияти нисбатан кенг, нархи эса Самарқанд шаҳри дўконларидан анча арзон бўларди. Бу эса 4-5 ойлик стипендиясини бир қилиб оладиган (ўша пайтлари шундай эди) биз каби моддий қийинчилик кўриб тежамкор бўлган ёшларни ўзига чорларди.

Орадан шунча вақт ўтиб Ургут марказига борар эканман, хотиралар айни манзил–улгуржи буюм бозори ҳудудининг 1995-1996 йиллардаги ҳолатини ёдга солди: тунги тартибсиз бозор, тор йўллар, пастқам уй ва бинолар, оқшомда зимистон кўчалар. Бугун бу ерда тамоман янги манзарага кўзингиз тушади: эски бозор ўрнини аҳоли учун катта қулайликлар яратилган истироҳат боғи, ахборот-ресурс кутубхона ва давлат хизматлари марказининг замонавий бинолари эгаллаган. 24/7 режимида ишлайдиган кўча бунёд этилган. Ҳа, ҳаёт давом этар экан, ривожланишлар тўхтамайди. Шунга мос равишда одамларнинг дунёқараши, тутуми ҳам ўзгариб бораверади.

– Авваллари етир-етмаслик туфайлими ёки аҳолимиз маданий дам олиш моҳиятини унчалик яхши ҳис қилмаганиданми, билмадим, нимагадир кечки пайт сайр қилиш учун кўчаларга жуда кам одам чиқарди, – дейди “Нуроний” жамғармасининг Ургут тумани бўлими раиси Қуддусхон Асқаров. – Тўғри, у пайтлари хизмат кўрсатиш ҳам ҳаминқадар бўлган. Қоронғу бўлиши билан савдо нуқталари деярли ишламасди. Бугун эса халқимиз орасида ишдан кейин, оқшом оила аъзолари билан ҳордиқ чиқариш масканларига борадиганлари кўпайди. Куну тун ишлайдиган дўконлар етрлича. Фарзанд-у набираларимиз ҳаётдан завқ олиб яшамоқда, яйрамоқда. Буларнинг барчаси муҳтарам Президентимиз томонидан яратиб берилган кенг имкониятлар, юртимизда ҳукм сураётган тичлик-осойишталик туфайлидир. Бунга шукрона келтиришимиз, уни кўз қорачиғидек асрашимиз зарур.

“Ургутда туғилганимдан фахрланаман”

Бир йилча аввал давлатимиз раҳбари Ургутга янги темир йўл ва вокзалнинг очилишига келганларида аҳоли билан учрашувда масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди. Туман марказини кезар эканмиз, ўтган вақт мобайни ана шу вазифалар ижросини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилгани ва изчил давом этаётганини ўз кўзимиз билан кўрдик. Бунга бир мисол, “Янги Ўзбекистон” массиви. Маҳаллий аҳоли тили билан айтганда мазкур “Ургут сити” Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 9 декабрда имзоланган “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида қад кўтармоқда. Дастлабки режа бўйича бу ерда қурилиш Қуйи Камангарон маҳалласи ҳудудидаги 39,2 гектар ер майдонида умумий қиймати 207,0 млн АҚШ долларлик бунёдкорлик ишлари, жумладан, 58 та кўп қаватли уй (2916 та хонадон) барпо этишни ўз ичига олади. Маълум қилинганидек, айни кунгача шу режанинг муайян қисми халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда хорижлик мутахассислар кўмагида бажарилган. Жумладан, ўттиздан ортиқ қўп қаватли уйлар қурилиб фойдаланишга топширилганини кўрдик. Янги уйларга кўчиб кирганлар орасида Дўшановлар оиласи ҳам бор.

– Биздек ёш оилаларга давлатимиз томонидан яратиб берилган имтиёзлардан фойдаланиб, уч хонали уй харид қилганимиздан жуда мамнунмиз, – дейди “Янги Ўзбекистон” массиви 16 “А” уй 43-хонадонда яшовчи Наргиз Дўшанова. – Икки қиз, бир ўғлимиз бор. Уларнинг боғча ва мактаби шу ерда, пиёда борилса беш минутлик йўл. Энг муҳими, бу ерда фарзандларимизнинг илм олиши, спорт билан шуғулланиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун барча зарур шарт-шароитлар муҳайё этилган. Инсон учун, унинг яхши яшаши учун яна нима керак. Шу юртда, Самарқанднинг Ургутида туғилганимдан фахрланаман.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, ҳозирги кунда тегишли ҳужжатга биноан “Янги Ўзбекистон” массиви, бошқача айтганда, экошаҳар ҳудуди 90,0 гектарга кенгайтирилмоқда. Янги лойиҳа доирасида туман ҳокимлиги маъмурий биноси ҳамда 35 та ташкилот учун маъмурий марказ, 73 та кўп қаватли уй қуриш режалаштирилган. Бундан ташқари, учта мактаб, тўртта боғча, иккита оилавий шифокорлик пункти, битта клиника, маҳалла фуқаролар йиғини идораларининг бинолари, спорт мажмуалари барпо этилади. Ёшлар маркази, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, болалар аттракционлари ва кўнгиолочар майдонлар бунёд этилиши кўзда тутилган. Шунингдек, сув иншоотлари, оқава сув тозалаш пунктлари, электр ва қозонхона станциялари ҳамда 18,0 км ички йўл қурилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармон ва қарорлари билан Ургут туманини “Намунали ва методик” ҳудудга айлантириш, бу ерда тадбиркорликни кенгайтириш, аҳоли учун замон талабига мос турмуш шарт-шароитлари яратиш мақсадида барча дастурлар доирасида 303 та объект лойиҳаси учун маблағ ажратилган. Ҳудудда улкан бунёдкорлик ишларининг амалга оширилаётгани натижасида 4 минг 192 иш ўрни яратилди. Камбағал оилалар камаймоқда.

Таъкидлаш жоиз, мамлакатимиз иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган бундай ҳудудларни ривожлантиришда замонавий логистика ва инфратузилма ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Айни кунда туман ҳудудида кўплаб инфратузилма объектлари, жумладан, тиббиёт муассасалари, бир қанча маҳалла фуқаролар йиғинлари биноларини бунёд этиш каби ишлар авж олган. Ургут марказини бошқа манзиллар билан боғловчи эллик километрдан ошиқ йўллар реконструкция қилинаяпти, учта янги кўприк қурилаяпти, иккитаси таъмирланмоқда. “Тинчлик” маҳалласидаги “Ўғилой-Зоиржон” фермер хўжалигига тегишли 10 гектар ер майдони ўрнига Ўзбекистон-Тожикистон савдо, логистика ва тиббиёт маркази барпо этиш бошланган. Бир сўз билан айтганда, бугун Ургут йирик қурилиш майдонига айланган.

Х. Салимов,

Yuz.uz мухбири