Президентимизнинг қатъий сиёсий иродаси, саъй-ҳаракати билан нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё минтақасида тинчлик, дўстлик, ҳамкорлик ҳукм сурмоқда. “Янги Ўзбекистон — янги қўшничилик” тамойили изчил ҳаётга татбиқ этиляпти. Бу Марказий Осиёда реал сиёсий жараёнга айланганини бугун дунё тан олмоқда. Жаҳоннинг нуфузли ташкилотлари, давлатлар раҳбарлари, сиёсий таҳлилчилар мамлакатимиз етакчисини минтақавий барқарорлик меъмори сифатида эътироф этяпти.  

Бундан 10-15 йил илгари Марказий Осиё давлатлари тарқоқ, иқтисодиёти заиф, турли хавф-хатарлар рўпарасида бир-бири билан келишолмайдиган, йирик давлатлар геосиёсати ва манфаатлари тўқнашуви объектига деярли айланиб бўлганди.

Бугун эса дунё аҳлининг ҳаваси келаётган, иқтисодиётида интеграциялашув жараёнлари фаол давом этаётган, адабиёт, санъат, маданият, туризм, логистика барқарор ривожланаётган минтақани кўряпмиз. Бирдамлик, яхши қўшничилик, замонавий тараққиёт сари интилаётган Марказий Осиё дунё аҳли эътиборини турли жиҳатлари билан жалб этмоқда.

Бугун Тошкент шаҳрига “Марказий Осиё юраги” деб нисбат берадилар. Сиёсатшуносликда кўп қўлланаётган, одамлар онгига сингиб бораётган “Янги Ўзбекистон”, “Марказий Осиё руҳи”, “Яхши қўшничилик” сингари атамалар ҳам айнан Президентимизнинг шижоати, дадил қадамлари ва эзгу мақсадлари натижасида реал ҳодисага айланди.

Бу улкан ўзгаришларни бир тарихчи-журналист сифатида катта иштиёқ ва изчиллик билан кузатиб бораман, бу ҳақдаги кўплаб мақола ва шарҳларим матбуотда эълон қилинган.

Яқинда давлатимиз раҳбарининг теран таҳлил ва далилларга бой “Марказий Осиё янги давр остонасида” мақоласини қайтадан ўқиб чиқдим. Унда минтақа ўз тараққиёти тарихида янги босқич, буюк эврилишлар даврини бошидан кечираётгани ва бу ўзгаришлар, энг аввало, шу маконда яшаётган ҳар бир инсоннинг хавфсизлиги ва фаровон ҳаётини таъминлаш каби эзгу мақсадларга хизмат қилаётгани қайд этилган. Бу ўзгаришлар давлатлар раҳбарларининг ўзаро ҳурмат ва ишонч ила юритаётган сиёсати туфайли юз бераётгани айтилган.

Яратувчанлик, жипслашув жараёни узоқ муддатларга мўлжаллангани, ҳозирги босқичда эса ҳал қилиниши зарур бўлган ўта муҳим вазифаларни бажариш лозимлиги аниқ мисоллар билан баён этилган. Ушбу мақола минтақамиз аҳолиси ҳамда бошқа мамлакатлар учун турли тилларга таржима қилинса, нур устига нур бўларди.

Ҳа, мазкур тарихий мақола дебочасида қайд этилганидек: “Марказий Осиё ўз тараққиётининг янги, тарихий аҳамиятга молик босқичига қадам қўймоқда. Бугун биз чинакам бирдамлик босқичига ўтяпмиз. Бизнинг минтақамизда узоқ йиллар давомида илк бор биргаликда олдинга қараб боришимиз учун пойдевор бўлиб хизмат қилаётган ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва ҳурмат муҳити шаклланмоқда”.

Мамлакатимиз етакчиси мақола давомида яна ёзади: “Амалий ҳаракатларимиз, келажак учун масъулиятимиз, яхши қўшничилик, дўстлик ва ўзаро манфаат тамойилларига содиқлигимиз шуни исботлади: Янги Марказий Осиё тинчлик, барқарор тараққиёт ва яратувчан шериклик йўлини танламоқда. Рамзий маънода айтганда, биз девор эмас, кўприк барпо этмоқдамиз”.

Бугунги ёш авлод яқин ўтмишда минтақамиз давлатлари ўртасидаги алоқалар музлаб қолганини,  тарихи муштарак бўлган қардош, қондош халқлар бир-биридан бегоналашиб, узоқлашиб кетганини, даҳшатли темир деворга айланган чегараларда одамлар азоб-уқубатлар чекканини, таҳқирланганини, хайриятки, билмайди. Аммо бугунги ­дориламон кунлар қадрига етишимиз, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлашимиз учун, аламли бўлса-да, ўша машъум йилларни гоҳида эсга олиб туришимиз лозим. Зеро, тарих ҳар биримизни сергак бўлишга, ишонч билан қадам ташлашга, турмушимизни янада фаровон қилишга сабоқ бўлади. Бошқача айтганда, тарих буюк мураббийдир!

Мен Тожикистонда туғилиб, вояга етганман. 1981 йилдан буён эса Ўзбекистонда яшайман, шу буюк давлат фуқаросиман. 1980 йили Душанбе университетини имтиёзли диплом билан тугатдим. Афғонистондаги фожиавий воқеалар сабаб Тошкентга ҳарбий хизматга чақирилдим. Икки йил маъносиз “байналмилал бурч”ни адо этиб, Шарқ дарвозаси ва тинчлик шаҳри номи билан машҳур бўлган бу азим шаҳарда оилам билан яшаб қолдим. Уйли-жойли бўлдим. Уч фарзандим Ўзбекистоннинг нуфузли олий ўқув юртларида давлат бюджети ҳисобидан таҳсил олиб, турли касбларни эгаллади.

Яқин ўтмишни эсга оладиган бўлсак, оиламизнинг моддий аҳволи унчалик ёмон эмасди, фақат йиллар давомида яқинларимиз дийдорига илҳақ бўлиб яшадик, ота-она қабрини зиёрат қилиш эса фақат тушимизга кирарди. Дўстлар, яқинлар дийдорига муштоқ бўлиб яшаш нақадар азоб-уқубат, аянчли эканини тушунтириш қийин.

Катта акам оғир касаллик туфайли икки йил тўшакда ётиб қолди. Телефонда гаплашиб ҳол-аҳвол сўрайман, лекин ҳеч бўлмаса тўшакдан бир бора туришига ёрдам бера олмайман. Икки томонда иккимиз йиғлаймиз. Аммо додимизни эшитадиган, кўнглимизни кўтарадиган, таскин берадиган одам йўқ. Темир эшиклар — чегаралар тақа-тақ ёпилган. Акам вафот этганда, тобутини кўтариш, қабрига бир сиқим тупроқ ташлаш насиб этмади. Дийдор қиёматга қолди...

2018 йил баҳорини мен каби минг-минглаб фуқаролар ҳеч қачон  унутмайди. Мамлакатимиз етакчисининг Тожикистонга илк тарихий ташрифи арафасида фуқаролар учун икки мамлакат ўртасидаги тўсиқлар олиб ташланди, виза бекор қилинди. Тарихчи журналист сифатида айтишим керакки, бу воқеа минтақа халқлари тарихида чинакам инсонпарварлик амали сифатида тарихда қолди. Икки давлат чегарасида минглаб инсонлар қўл очиб давлатимиз раҳбари ҳақига дуо қилганини кўрганимда, раҳбарнинг сиёсий иродаси, узоқни кўзлаб қарорлар қабул қилиши эллар, давлатлар тақдири учун ҳал қилувчи омил эканига яна бир бор амин бўлдим.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Душанбе шаҳридаги Борбад саройида бўлиб ўтган “Дўстлик кечаси”да Тожикистон етакчиси Эмомали Раҳмонга рамзий очиқ дарвоза макетини топшираётиб, “Бу дарвоза халқларимиз учун ҳеч қачон ёпилмасин”, деб ният қилган эди.

Мазкур ташриф чоғида нафақат виза масаласи, балки ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган 30 га яқин ҳужжат имзоланди ва бу ҳужжатлар, мана, қарийб 8 йилдирки, амалга татбиқ этилиб, мевасини бермоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Тожикистонда иқтисодиёт, маданият, илм-фан, хуллас, ҳаётнинг қайси соҳасини олманг, икки давлат ҳамкорлиги кенгайиб бораётганига гувоҳ бўламиз.

Мамлакатимиз етакчисининг қуйидаги сўзлари ёдимда муҳрланиб қолган: “Биз ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги дўстлик кўпригини мустаҳкамлаш бўйича астойдил ҳаракат бошладик. Ниятимиз ёр бўлиб, эзгу мақсадларимизга эришамиз, иншааллоҳ. Биз  дўстлик ва инсонийлик нуқтаи назаридан қўшниларимиз, аввало, Тожикистон билан ҳамиша дўст ва биродар, ҳамкор ва ҳамжиҳат бўламиз”. Бу эзгу ният изчиллик билан амалга татбиқ этилаётгани халқларимизнинг ҳаётидан мамнун, тақдиридан рози бўлиб, келажакка ишонч билан қараётганида тасдиғини топмоқда.

Ўша йилнинг 17-18 август кунлари Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон давлат ташрифи билан Тошкентга келди. Қисқа вақтда икки томонлама муносабатлар аввал стратегик шериклик, кейин иттифоқчилик даражасига кўтарилди.

2025 йил кўкламида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон  раҳбарлари иштирокида Хўжанд шаҳрида уч давлатнинг чегаралари туташган нуқтада “Дўстлик” стеласи  очилди, “Абадий дўстлик тўғрисида”ги Хўжанд декларацияси имзоланди. Яъни чегара масалалари узил-кесил ҳал этилди.  Тожикистон — Қирғизистон чегарасида узоқ йиллар давом этиб келган можаро, қуролли тўқнашувларга бутунлай барҳам берилди. Бу тарихий воқеа арафасида, аниқроғи, 13 март куни Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари мамлакатлар ўртасидаги давлат чегараси тўғрисидаги шартномани имзолади. Бу воқеани нафақат тожиклар ва қирғизлар, балки бутун минтақа халқлари кўп йиллардан буён кутган эди.

Шунингдек, кейинчалик Фарғона тинчлик форуми ташкил этилди. Бу форум водийда жойлашган уч қўшни мамлакатнинг ҳар томонлама ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш учун ўзига хос платформага, яхши қўшничиликнинг ёрқин намунасига айланди. Яқинда бўлиб ўтган иккинчи тинчлик форумига Хўжанд шаҳри мезбонлик қилди.

Ишончимиз комилки, транспорт ва логистика соҳасидаги истиқболли ҳамкорлик, хусусан, “Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон” темир йўли бунёд этилиши, шак-шубҳасиз, бутун минтақа мамлакатлари тараққиётига хизмат қилади.

Президентимизнинг юқоридаги мақоласида таъкидлаб ўтилганидек: “Энг муҳими, қардош халқларимиз бўлаётган барча ижобий ўзгаришларни ўз кундалик ҳаётида ҳис этмоқда. Янги ўтказиш пунктлари очилгани, авиақатновлар, темир йўл ва автобуслар йўналишлари йўлга қўйилгани ўзаро берди-келдиларни бир неча бор ошириш, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш имконини берди. Минтақа мамлакатларининг умумий сайёҳлик оқимида ички минтақавий туризмнинг улуши 80 фоиздан ошди.

Яқин-яқингача орзу бўлиб туюлган эркин ҳаракатланиш, ўзаро ҳурмат, яқинлик ва ишонч туйғуси бугун амалдаги ҳақиқатга айланмоқда”.

Иқтисодий алоқалар ривожи бугун барча қардош ва биродар халқлар турмуш тарзига, фаровонлигига ижобий таъсирини кўрсатмоқда. Жумладан, Ўзбекистон — Тожикистон ўртасидаги илиқ ва дўстона муносабатлар туфайли икки мамлакат тадбиркорлари эркин нафас олмоқда.

Қўшни вилоятлар ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратиляпти. Фарғона водийсидаги вилоятлар, шунингдек, Тошкент вилояти Тожикистоннинг Сўғд вилояти билан кўп томонлама ҳамкорлик бўйича меморандумлар имзолаган. Айни пайтда Хатлон ва Сурхондарё вилоятлари ўртасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилиб, маҳаллий тадбиркорлар улкан лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Бугунги кунда Тожикистонда Ўзбекистон тадбиркорлари сармояси асосида кўплаб саноат корхоналари, энергетика иншоотлари бунёд этилмоқда. Буларнинг самараси ўлароқ, икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 2016 йилдагидан қарийб 4 баробар ўсиб, 2025 йил якунида 900 миллион долларни ташкил этди. Бу кўрсаткични жорий йилда 1 миллиард долларга етказиш имконияти мавжуд.

Туризм имкониятлари тўлиқ ишга солинмоқда. Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2026 йилнинг январь-сентябрь ойлари мобайнида мамлакатимизга 10 миллион 306 минг 786 чет эллик сайёҳ ташриф буюрган. Уларнинг 2 миллион 844 минг 201 нафари Қирғизистон, 2 миллион 274 минг 288 таси Тожикистон ва 2 миллион 404 минг 638 нафари Қозоғистон фуқаролари. Ўтган йили 1 миллион 200 мингдан зиёд ўзбекистонлик Тожикистонга сафар қилган.

Самарқандда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилаётганимизда Панжакент шаҳридан ташриф буюрган бир гуруҳ меҳмонлар билан суҳбатда бўлдик. Улар бу мажмуани кўриб ҳайратга тушишганини яширмади, мажмуа ҳақиқатан ҳам жуда ажойиб диний-маърифий  масканга айланганини таъкидлашди. Энди Тошкентга бориб, Ислом цивилизацияси марказини ҳам кўриш истагида эканини баён этишди.

Тошкент халқаро аэропорти бугунги кунда минтақадаги асосий ҳаво хабига айланган. Ҳафтасида минглаб тожикистонлик йўловчилар бу ердаги мавжуд имкониятлар, юқори даражадаги хизматлардан фойдаланиб, ­дунёнинг турли гўшаларига парвозни амалга оширяпти.

Ривожланган тиббиётимиз ходимлари ҳам қўшни мамлакатлардан келган минглаб беморларга замон ва жаҳон талабларига мос барча тиббий муолажалар, хусусан, жарроҳлик хизматларини кўрсатиб келмоқда. Олти йил бурун синглим Малоҳат Тошкент давлат тиббиёт академияси ҳузуридаги нейрохирургия марказида умуртқа соҳасида мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказган эди. Бугун аҳволи яхши, ўзбекистонлик шифокорлардан чексиз миннатдор.

Гуманитар соҳадаги алоқаларимиз мисли кўрилмаган ҳолда кенгаймоқда. Икки мамлакатнинг ижодий уюшмалари, спортчилари, олий ўқув юртлари ўртасидаги яқин ҳамкорлик анъанавий тус олган. Бугунги кунда тожикистонлик 10 га яқин адиб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзоликка қабул қилинган, юртимизда тожик тилида ижод қилаётганлар эса Тожикистон Ёзувчилар иттифоқига аъзо.

Ўзбек санъаткорларидан тўрт нафари Тожикистон халқ ҳофизи, бир нафари Тожикистон халқ артисти, Тожикистоннинг олти санъаткори Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлган. Тошкентда Мавлоно Абдураҳмон Жомий, Мирзо Турсунзоданинг,  Душанбеда эса Ҳазрат Алишер Навоий, Эркин Воҳидовнинг туғилган кунлари катта шукуҳлар билан нишонлангани икки биродар халқларнинг адабий дўстлиги абадий дўстликка айланганидан далолатдир.  

Санъатимизда ўхшаш жиҳатлар жуда кўп. Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Матлуба Дадабоева Душанбе шаҳрига бориб, Т.Сатторов номидаги Миллий консерваторияда халқларимизнинг ноёб мусиқа санъати — “Шашмақом” сирларини ушбу даргоҳ талабаларига ўргатиб келди.  

— Аждодларимиз бу минтақани ягона ватан деб елкама-елка туриб, шаҳарлар, мадрасаю масжидлар, карвонсаройлар бунёд этганлар, бирга босқинчиларга қарши курашганлар, — дейди атоқли ҳофиз, 60 йилдан буён халқимиз учун ҳам севимли санъаткор бўлиб келаётган Тожикистон халқ артисти Жўрабек Муродов. — Орада алоқаларимиз узилгани, энг аввало, биз санъаткорларнинг таъбини хира қилди. Шу йилларда ўзбек мухлисларимизни соғиниб яшадик. Ҳозир мен Тошкент, Фарғона ёки Сурхондарёга меҳмон эмас, ўзимнинг уйимдек келаман. Санъаткор учун, энг аввало, нима керак? Саҳна, обод манзилу макон ва мухлислар! Бу шодиёна кунларимизга, бирлигимизга кўз тегмасин!   

Дарвоқе, бир йил аввал севимли ҳофизимиз раҳбарлик қилаётган “Нури Хўжанд” шашмақом давлат ансамбли концерти Тошкентда, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида тантанали ташкил этилди.

Минтақамизнинг файзли, фараҳбахш манзараларини, халқларнинг  тинчлик-осуда ҳаётини кузатиб туриб буюк Алишер Навоийнинг:

Олам аҳли, билингизким, иш эмас душманлиғ,

 Ёр ўлунг бир-бирингизгаки, эрур ёрлиғ иш,

деган ҳикматли байти беихтиёр ёдимизга келади. Ёки Абу Абдуллоҳ Рўдакий ёзганидек:

Ҳеч шоди нест андар ин жаҳон,

Бартар аз дийдори рўйи дўстон.

Яъни: Жаҳоннинг шодлиги йиғилса  бутун,

Дўстлар дийдоридан бўлолмас устун.

Тарихдан биламизки, кўприклар, мақбаралар, йўллар бунёд этган Амир Темур, Алишер Навоий, Хожа Аҳрор Валийдек буюк сиймоларнинг номлари  халқ хотирасида абадий қолган, уларнинг исмлари эзгулик тимсоли сифатида тилга олинади.

Албатта, кўприк моддий нарса, соҳилларни бирлаштирувчи восита. Бугун Президентимиз томонидан эзгу мақсадлар ила бунёд этилган рамзий маънодаги дўстлик кўприклари нафақат ўзбек-тожик, балки бутун минтақа халқларининг қардошлик ришталарини мустаҳкамламоқда, ҳаётларига мазмун, файз бағишламоқда. Бу хайрли амаллар эса тарих зарварақларида энг буюк савобли амаллар сифатида ёзилади.

Минтақамиз ҳамиша тинч бўлсин, ривожлансин, қардошларимиз ўртасида дўстлик кўприклари мустаҳкамланиб бораверсин!

Шоқаҳҳор САЛИМ,

Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси,

“Дўстлик” ордени соҳиби