Ушбу ислоҳотнинг асосий мақсади таълим, тарбия ва илм-фаннинг яхлит тизимини замон талаблари асосида ташкил этиш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш ҳамда инсон капиталини ривожлантириш бўйича ишларни янги даражага олиб чиқишдан иборат. Бунда таълимнинг барча турлари ўртасидаги узвийлик ва бардавомликни таъминлаш, мактабгача таълимдан олий таълимгача бўлган барча босқичлар ҳамда илмий фаолиятни қамраб олган ягона самарали бошқарув тизимини жорий этиш, бу тизимнинг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини ошириш кўзда тутилган.
Табиийки, бундай кенг кўламли ўзгариш жамиятда “Таълим соҳасидаги бугунги янгиланишларнинг асосий мазмун-моҳияти нимада?” деган саволни уйғотади. Бу саволга асосли жавоб топиш учун эса мустақиллик йилларида босиб ўтилган йўлга қисқача назар ташлаш, бугунги ислоҳотнинг тарихий мантиғини англаш ва унинг келажак учун очаётган имкониятларини холис баҳолаш лозим бўлади.
Мустақилликнинг илк йилларидаёқ ёш давлат таълимни миллий тикланишнинг таянч устуни сифатида белгилаб олган эди, 1992 йилда қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги қонун собиқ иттифоқдан мерос мафкуравий тизимдан воз кечиб, миллий таълим тизимини шакллантиришнинг ҳуқуқий асосини яратди. 1997 йилги янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қабул қилиниши билан тўққиз йиллик умумий ўрта таълим ҳамда уч йиллик ўрта махсус, касб-ҳунар таълимидан иборат ўн икки йиллик мажбурий таълим модели жорий этилди. Академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларидан иборат кенг тармоқ барпо қилинди. Бу босқич ўз даври учун муҳим тарихий вазифани адо этиб, таълимнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Аммо вақт ўтиши билан тизимда миқдорий кўрсаткичларга ортиқча урғу берилгани, олий таълимга кириш имконияти кескин чекланиб қолгани, ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг мавсумий пахта йиғим-теримига жалб этилиши каби жиддий муаммолар тўпланиб борди. Натижада 2016 йилга келиб мактаб битирувчиларининг олий таълим билан қамраб олиниши тахминан 9 фоиз даражасида қолган эди.
2016 йилдан бошланган янги давр таълим тизимига холис ва танқидий нигоҳ билан қараш, мавжуд муаммоларни очиқ тан олиш ва уларни тизимли ҳал этиш босқичи бўлди. Давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси билан болалар ва ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этиш амалиётига барҳам берилди. Президентимиз жорий йил 30 сентябрда “Янги Ўзбекистон” университетида устоз ва мураббийлар билан ўтказилган учрашувда бу тарихий ўзгаришни ихчам ва таъсирли тарзда ифодалаб, “Биз болаларимизни пахта даласидан мактаб партасига, ўқитувчиларни таълим жараёнига қайтардик”, деди.
2020 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонун узлуксиз таълим тамойилини, таълим муассасаларининг академик эркинлигини ва нодавлат таълим хизматлари учун тенг шароитларни қонуний жиҳатдан мустаҳкамлади. Амалга оширилган маъмурий ислоҳотлар натижасида 2022 йилда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ташкил этилди.
Ўтган ўн йил давомида амалга оширилган ишларнинг кўлами рақамларда яққол намоён бўлади. Президентимиз таъкидлаганидек, бу даврда 1 миллион 800 минг ўринли боғчалар ва 1,5 миллион ўринли мактаблар барпо этилиб, 10 мингдан зиёд таълим муассасаси замонавий кўринишга келтирилди. Олий таълим муассасалари сони 77 тадан 205 тага етиб, улардаги қамров 45 фоизга кўтарилди. Бугун мамлакатимиз олийгоҳларида таҳсил олаётган талабалар сони 1 миллион 600 минг нафарни ташкил этмоқда, еттита олийгоҳ эса 17 та фан йўналиши бўйича нуфузли халқаро рейтинглардан ўрин олди.
Президент, ихтисослаштирилган ва ижод мактаблари каби мутлақо янги турдаги таълим даргоҳлари вужудга келди. PISA халқаро тадқиқотида 15 ёшли ўқувчиларимиз табиий фанлар бўйича 32 поғона юқорилаб, 48-ўринни эгаллагани, биргина жорий йилнинг ўзида ёшларимиз нуфузли олимпиадаларда 228 та медални қўлга киритгани, мактаб давридаёқ хорижий тил ва фанлардан сертификат олган ўқувчилар сони 100 мингга етгани ушбу ислоҳотлар сифат жиҳатидан ҳам самара бераётганини кўрсатади.
Ислоҳотларнинг энг муҳим ютуқларидан бири ўқитувчи шахсига, меҳнати ва ижтимоий мақомига муносабатнинг тубдан ўзгаргани бўлди. Халқаро ва миллий сертификатга эга ўқитувчилар сони беш йилда 29 мингдан 143 мингга ошгани, мактаблардаги ўқитувчи етишмовчилиги уч баробар камайгани бу йўналишдаги изчил сиёсатнинг натижасидир.
Шу ўринда табиий бир савол туғилади: эришилган ютуқлар шунчалик салмоқли экан, нима учун бошқарув тизимини қайта қуришга эҳтиёж пайдо бўлди? Бу саволнинг жавоби тизимли бошқарув назариясининг асосий қоидаларидан бирида мужассам бўлиб, унга кўра, мураккаб тизимнинг самарадорлиги, энг аввало, унинг бўғинлари ўртасидаги алоқаларнинг узвийлиги ва уйғунлиги билан белгиланади.
Таълимнинг турли босқичлари турли идоралар тасарруфида бўлган шароитда ҳар бир босқич ўз стандартлари, ўз ҳисобот кўрсаткичлари ва ўз устуворликлари асосида фаолият юритар эди. Оқибатда мактабгача ёшда эгалланган кўникмалар бошланғич синфда изчил давом эттирилмаслиги, мактаб битирувчисининг тайёргарлиги олий таълим талабларига тўлиқ мос келмаслиги, олийгоҳлардаги илмий изланишлар эса мактаб дарсликлари ва ўқитиш методикаси билан етарлича боғланмаслиги каби номутаносибликлар сақланиб қолаётган эди.
Президентимиз учрашувда ёшларни мактабданоқ касбга тайёрлаш ва таълим босқичлари ўртасидаги узвийликни таъминлаш бўйича комиссия тузилиб, уч ой ичида янги ечимлар эълон қилинишини айтган эди. Орадан атиги уч кун ўтиб, ягона вазирлик ташкил этилгани эса давлатимиз раҳбари учун сўз ва амал ўртасидаги уйғунлик, ислоҳотларни кечиктирмасдан ҳаётга татбиқ этиш бошқарувнинг асосий услуби эканини яна бир бор намоён этди.
Изоҳланганидек, янги бошқарув модели вазифаларнинг аниқ тақсимотига асосланади. Унга кўра, Таълим ва илм-фан вазирлиги барча боғча, мактаб, профессионал ва олий таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш ва уларнинг операцион жараёнлари учун масъул бўлади. Таълим фаолиятига қўйиладиган талабларни белгилайди, аккредитациялаш ва лицензиялаш билан шуғулланади.
Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ўқув дастурлари, қўлланмалар ва методик материалларни ишлаб чиқадиган ўзига хос лаборатория вазифасини бажариб, уларни амалиётга жорий этади. Натижаларини кузатиб боради, аниқланган камчиликлар асосида такомиллаштиради. Бу ишларнинг барчаси Президентимиз белгилаб берган “ўзбек мактаби битирувчисининг портрети”га таянган ҳолда олиб борилади.
Президент Администрацияси ва унинг ҳузурида тузиладиган махсус ишчи гуруҳ янги вазирликнинг тузилмасини ишлаб чиқиб, иш жараёнларини қайта кўриб чиқади, уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди ҳамда ислоҳотнинг умумий стратегиясини белгилайди. Олий таълимда эса давлат аралашувини кескин қисқартириш, олийгоҳлар мустақиллигини кенгайтириш ва нодавлат сектор учун имкониятлар яратиш кўзда тутилган бўлиб, қайси олийгоҳ сифатли таълим бераётганини эркин рақобат ва бозор талаби кўрсатиб бериши лозим.
Ушбу моделнинг илмий жиҳатдан энг муҳим хусусияти бошқарувнинг операцион ва мазмуний функцияларини оқилона ажратишда намоён бўлади. Замонавий давлат бошқаруви назариясида ижро ва баҳолаш функцияларини турли институтларга юклаш манфаатлар тўқнашувининг олдини оладиган асосий тамойил ҳисобланади. Чунки ўзи ташкил этган жараённи ўзи баҳолайдиган идора натижаларни холис кўрсатишда қийналади. Миллий агентликнинг “лаборатория” сифатида таърифланиши эса таълимшуносликда кенг қўлланадиган далилларга асосланган сиёсат тамойилига мос келади. Унда ҳар бир янгилик аввал синовдан ўтказилади, натижалари ўлчанади, шундан кейингина оммавий амалиётга жорий этилади.
Ислоҳотнинг стратегик йўналишини Президент Администрацияси даражасида белгилаш таълимни давлат сиёсатининг энг олий устувор йўналиши сифатида кўриш демакдир. Зеро, давлатимиз раҳбари мактабгача таълим, мактаб таълими, олий таълим ва илмий-маърифий муассасаларни Учинчи Ренессанс пойдеворининг узвий ҳалқалари сифатида таърифлаб келади. Ягона вазирлик эса айнан шу ҳалқаларни бир занжирга бирлаштирувчи институционал механизмга айланади.
Ривожланган давлатлар тажрибаси таълим ва илм-фанни ягона бошқарув тизимида бирлаштириш ғоясининг ҳаётийлигини яққол тасдиқлайди. Японияда 2001 йил январда Таълим вазирлиги билан Фан ва технологиялар агентлиги бирлаштирилиб, Таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазирлиги ташкил этилди. Бу қарор мактабдан университетгача бўлган таълим жараёнини ва фундаментал тадқиқотларни ягона стратегия асосида бошқариш имконини берди. XXI аср бошидан буён япон олимларининг табиий фанлар ва тиббиёт бўйича йигирмадан ортиқ Нобель мукофотига сазовор бўлгани эса шу тизимли ёндашувнинг самарасидан далолат беради.
Эстонияда Таълим ва тадқиқотлар вазирлиги боғчадан докторантурагача бўлган барча босқичларни ҳамда илмий сиёсатни бирдек мувофиқлаштиради. Аҳолиси бир ярим миллионга етмайдиган бу мамлакат рақамли таълим инфратузилмасини эрта жорий этгани ва бошқарувнинг яхлитлигини таъминлагани туфайли PISA-2022 тадқиқотида Европа давлатлари орасида етакчи натижаларни қайд этди.
Финляндия тажрибаси бугун Ўзбекистонда жорий этилаётган моделга, айниқса, яқин бўлиб, у ерда Таълим ва маданият вазирлиги таълимнинг барча босқичлари ва илмий сиёсат учун масъулдир. Финляндия миллий таълим агентлиги эса миллий асосий ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, ижросини таҳлил қилиш ва такомиллаштириш вазифасини бажаради. Бу эса бизда ташкил этилаётган Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлигининг “лаборатория” мақоми билан мазмунан уйғун.
Финляндияда ўқитувчилик касбига магистр даражасига эга мутахассислар қабул қилинади. 2009 йилда қабул қилиниб, 2010 йилдан кучга кирган “Университетлар тўғрисида”ги қонун эса олийгоҳларни мустақил юридик шахсга айлантириб, уларга молиявий ва ташкилий эркинлик берди.
Сингапурда Таълим вазирлиги таълимнинг барча бўғинларини ягона стратегия асосида бошқаради. Мамлакатдаги ягона педагогик кадрлар тайёрлаш маркази бўлган Миллий таълим институти бўлажак ўқитувчиларни энг иқтидорли битирувчилар орасидан саралаб олади. Бу изчил тизим натижасида Сингапур ўқувчилари PISA-2022 тадқиқотида математика, ўқиш саводхонлиги ва табиий фанларнинг учала йўналиши бўйича биринчи ўринни эгаллади.
Жанубий Кореяда 25-34 ёшли аҳолининг қарийб 70 фоизи олий маълумотга эга. Бу кўрсаткич Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига аъзо давлатлар орасида энг юқори натижа. Мамлакатнинг XX аср ўрталаридаги қашшоқликдан бугунги технологик етакчиликка эришган тарихий йўли эса инсон капиталига қилинган изчил сармоя иқтисодий ўсишнинг энг ишончли манбаи эканини исботлайди.
Ушбу тажрибаларнинг барчасини бирлаштирувчи умумий хулоса шуки, муваффақиятли таълим тизимлари таълимнинг барча босқичларини ягона мантиқ асосида бошқаради. Мазмун ва сифатни баҳолашни алоҳида малакали институтга юклайди, олийгоҳларга кенг мустақиллик бериб, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратади, ўқитувчини эса тизимнинг марказий бўғини сифатида қадрлайди.
Мамлакатимизда жорий этилаётган янги модель айнан шу тўрт тамойилни ўзида мужассам этгани Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар жаҳон тажрибасини чуқур ўрганган ҳолда, илмий асосда ишлаб чиқилаётганини кўрсатади.
Ягона вазирлик ташкил этилиши Президентимизнинг устоз ва мураббийлар билан ўтказган учрашувида илгари сурилган ташаббуслар билан узвий боғлиқдир.
Мактаб таълими бўйича ташаббуслар орасида математика, физика, кимё ва биологияни чуқур ўқитишга алоҳида эътибор қаратилгани диққатга сазовор. Ўқувчилар сони 25 нафардан ошган синфларда ушбу фанлар икки гуруҳга бўлиб ўқитилади, миллий сертификатга эга ўқитувчиларга 50 фоиз устама тўланади, ҳар йили 208 та туман ва шаҳардаги етакчи муаллимлар мукофотланиб, минг нафар педагог хорижда стажировка ўтайди. Янги ўқув йилидан 100 та мактабда математика, информатика ва табиий фанлар айрим синфларда тўлиқ инглиз тилида ўқитилади, бу лойиҳа ўқитувчилари ва мактабга тайёрлов гуруҳи педагогларига 100 фоиз устама белгиланади. Мактаблар фаолиятини баҳолаш учун эса “сифат индекси” жорий этилиб, таълим натижалари ва педагоглар салоҳиятига қараб муассасалар тоифаларга ажратилади, ўз тажрибаси билан бошқа мактабларнинг юқори тоифага ўтишига кўмаклашган илғор мактабларнинг педагогик жамоаси 30 фоиз устама олади. Ўқитувчилар малакасини оширишда мажбурий бир ойлик курслар ўрнига касбий ривожланиш ваучерлари берилиб, педагоглар ўз натижасига қараб
18 соатдан 72 соатгача бўлган ўқув дастурини мустақил танлаши, олимпиада ғолибларини тайёрлаган устозларнинг тўғридан тўғри олий тоифага эга бўлиши, таълимнинг барча бўғинларидаги илғор педагоглар учун Абдулла Авлоний номидаги алоҳида давлат мукофотини таъсис этиш таклифи ўқитувчи меҳнатини эъзозлашнинг янги босқичини бошлаб беради.
Мактабгача таълимда боғчани боланинг қобилияти кашф этиладиган масканга айлантириш вазифаси қўйилди. Илғор хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган ва ўйин орқали таълим беришга йўналтирилган дастур бўйича 180 минг тарбиячи ва педагог ўқитилмоқда, йил якунига қадар бу дастур 38 мингдан ортиқ боғчанинг барчасига жорий этилади. Келаси йилдан 2-3 ёшли фарзандини оилавий боғчага берган ишли оналарнинг бадал пули бюджетдан қопланиши эса оила институтини мустаҳкамлашга қаратилган ижтимоий сиёсатнинг ёрқин ифодасидир.
Алоҳида таълим эҳтиёжига эга болаларнинг тенгдошлари билан бир муҳитда ўқишини таъминлаш мақсадида инклюзив шароит яратилган мактаблар сони икки йилда 729 тадан 3 минг 591 тага, яъни қарийб беш баробар оширилди. Ўқувчи ўринларига талаб юқори 52 та туманда хусусий мактаблар ташкил этиш учун имтиёзли кредит ва субсидия ажратилиши, бўш турган давлат биноларининг хусусий мактабларга ўн йилга бепул ижарага берилиши, фарзанди хусусий мактабда ўқийдиган ота-оналар учун солиқ олинмайдиган даромад чегарасининг 3 миллиондан 6 миллион сўмга оширилиши эса давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигининг янги имкониятларини очади.
Профессионал таълимда сўнгги икки йилда 104 та техникумга халқаро дастурлар жорий этилди. Техникумларнинг 25 минг корхона билан ҳамкорлиги 100 мингдан зиёд ёшга ўқиш билан бир вақтда даромад топиш имконини берди. Дуал таълимда касб ўрганаётганларга 1 миллион 300 минг сўмгача стипендия тўланмоқда. Илк бор ўтказилган “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касб танловида 170 минг ўқувчи иштирок этгани ёшлар орасида ишчи касбларга қизиқиш қайта уйғонаётганини кўрсатади.
Президентимиз мактаб битирувчиси катта ҳаётга касб ва хорижий тилни эгаллаган ҳолда кириб бориши зарурлигини таъкидлаб, мактаб директорларига бу борада қўшимча ваколатлар берилиши, ҳамкорликка тайёр тадбиркорлар учун шароит яратилишини белгилади, бу вазифаларни ҳал этиш эса айнан мактаб, техникум ва олийгоҳни ягона бошқарув остида бирлаштирган тизимда энг самарали амалга оширилиши мумкин.
Олий таълим бўйича учрашувда билдирилган фикрлар ислоҳотнинг энг дадил йўналишларини акс эттиради. Президентимиз университетлардаги дарсликлар мазмуни ва мутахассислар тайёрлаш сифати бугунги талабларга тўлиқ жавоб бермаётганини очиқ танқид қилиб, муҳандислик ва тиббиёт олийгоҳлари замонавий йўналишлар бўйича янги ўқув адабиётларини яратиши, илғор хорижий китобларни таржима қилиш ва мослаштириш ишларини кучайтириши зарурлигини таъкидлади.
“Корхона — олийгоҳ — мақсадли кадр” тамойили асосидаги дуал таълим тизими келаси йилдан 75 та, 2028 йилдан эса барча олийгоҳларда йўлга қўйилади. Бунда корхоналар ўз эҳтиёжига мос номзодларни ўқитиш учун буюртма беради, ишга олинган талабага тўланадиган маошнинг ярмини давлат қоплайди, иш ва ўқишда яхши натижа кўрсатган ёшлар иккинчи курсдан давлат гранти асосида таҳсил олади.
Давлатимиз раҳбари дунёнинг энг кучли 300 университети филиалларини мамлакатимизга жалб этиш вазифасини белгилаб, нуфузли университетлар франшизасини олиб келган хусусий олийгоҳларнинг лаборатория, жиҳоз, бренд ва кампус билан боғлиқ харажатларининг бир қисмини қоплаш, муҳандислик, қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика, сунъий интеллект ҳамда тиббиёт йўналишларига устуворлик бериш кераклигини таъкидлади. Бу ташаббуслар жорий йил баҳорида эълон қилинган
“U10 — Ўзбекистоннинг глобал даражадаги илғор университетлари” дастури билан уйғунлашиб, танлов асосида 10 та олий таълим ташкилотига миллий тадқиқот университети мақоми берилиши ва уларда илмий кластерлар ташкил этилиши мамлакатимиз илм-фанини жаҳон майдонига олиб чиқишнинг стратегик йўлини белгилайди. Олий таълимда давлат аралашувини қисқартириш ва олийгоҳларга академик, ташкилий ва молиявий мустақиллик бериш сиёсати ушбу ташаббусларнинг мантиқий давоми бўлиб, қайси университет сифатли таълим бераётганини эркин рақобат ва бозор талаби кўрсатиб бериши лозимлиги тамойили олийгоҳларни ўз нуфузини, илмий салоҳиятини ва битирувчиларининг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини доимий равишда ошириб боришга ундайди.
Мазкур ислоҳот натижасида эришиладиган натижаларни таҳлил қилар эканмиз, аввало, ягона вазирлик боланинг боғчадан докторантурагача бўлган таълим йўлини яхлит ва узлуксиз траектория сифатида лойиҳалаш имконини беришини алоҳида қайд этиш лозим. Бунда ҳар бир босқичнинг таълим натижалари кейинги босқичнинг бошланғич талаблари билан мувофиқлаштирилади, “ўзбек мактаби битирувчисининг портрети” эса бутун тизим учун ягона мўлжал вазифасини бажаради.
Иккинчидан, икки вазирликнинг такрорланувчи функциялари, параллел ҳисобот тизимлари ва идоралараро мувофиқлаштиришга сарфланадиган вақт ва ресурслар қисқаради. Тежалган маблағлар эса бевосита ўқитиш сифати, ўқитувчилар меҳнатини рағбатлантириш ва илмий инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилади.
Учинчидан, илм-фан ва таълимнинг ягона бошқарувда бўлиши илмий тадқиқотлар натижаларини ўқув дастурларига тезкор жорий этиш, олийгоҳ лабораторияларини иқтидорли мактаб ўқувчилари учун очиш, ёш тадқиқотчиларни мактаб давридаёқ аниқлаб, уларни илмий фаолиятга босқичма-босқич олиб киришга кенг йўл очади.
Тўртинчидан, бошқарувнинг ягона маркази пайдо бўлиши масъулиятнинг аниқ манзилини белгилайди, бу эса фармонда алоҳида таъкидланган жамоатчилик олдидаги ҳисобдорликни амалда таъминлашнинг энг муҳим шартидир. Зеро, жамият таълим сифати учун ким жавобгар эканини аниқ билгандагина ислоҳотлар натижасини холис баҳолаш ва уларга фаол таъсир кўрсатиш имкониятига эга бўлади.
Бешинчидан, ислоҳотнинг энг узоқ муддатли самараси инсон капитали ва иқтисодий ўсиш билан боғлиқ бўлиб, Жаҳон банкининг 2020 йилги Инсон капитали индексида 62 фоиз натижани қайд этган Ўзбекистон учун бу кўрсаткични изчил ошириш миллий тараққиётнинг ҳал қилувчи омилига айланади. Халқаро тадқиқотларда таълимнинг ҳар бир қўшимча йили инсон даромадини ўртача 9 фоиз атрофида ошириши қайд этилади. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган олий таълим қамровини 50 фоизга етказиш мақсадига эришиш ва таълим сифатини халқаро даражага кўтариш мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини таъминлайдиган асосий ресурс бўлиб хизмат қилади.
Ислоҳотнинг бу салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш жамиятнинг барча қатламлари, айниқса, илмий жамоатчиликнинг фаол иштирокини тақозо этади. Шу боис, ижтимоий-маънавий тадқиқотлар соҳасидаги кузатишларимиз асосида бир неча таклифни илгари суриш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Биринчи таклиф боланинг боғчадан докторантурагача бўлган таълим йўлини қамраб оладиган ягона рақамли “таълим траекторияси” платформасини яратиш билан боғлиқ. Бу платформада ҳар бир таълим олувчининг ютуқлари, сертификатлари, олимпиада натижалари ва касбий қизиқишлари шахсий маълумотлар махфийлигини тўлиқ кафолатлаган ҳолда жамланиб борса, Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги таълим натижаларини босқичлараро таҳлил қилиш, ўқув дастурларидаги бўшлиқларни аниқлаш ва иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш учун ишончли далиллар базасига эга бўлади. Эстония ва Сингапур тажрибаси кўрсатганидек, таълимни бошқаришда ягона маълумотлар тизими мавжудлиги қарорларни тахминлар асосида қабул қилиш амалиётидан илмий асосланган сиёсатга ўтишнинг энг муҳим шарти ҳисобланади.
Иккинчи таклиф “ўзбек мактаби битирувчисининг портрети”ни миллий-маънавий мерос билан уйғун ҳолда бойитишга қаратилган. Бунда Абу Наср Форобийнинг фозил одамлар шаҳри ҳақидаги қарашлари, Алишер Навоийнинг комил инсон концепцияси, Абдулла Авлонийнинг тарбия ҳақидаги таълимоти каби бой маънавий меросимиз замонавий компетенциялар тизимига илмий асосда сингдирилса, рақамли ва танқидий фикрлаш кўникмалари миллий ўзликни англаш ва юксак ахлоқий фазилатлар билан уйғунлашади. Бу ишга Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти, Фанлар академиясининг гуманитар йўналишдаги институтлари ва педагогика олийгоҳлари олимларини жалб этиб, тарбия мазмунини боғчадан олий таълимгача бўлган барча босқичлар учун изчил ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир.
Учинчи таклиф фармонда белгиланган жамоатчилик олдидаги ҳисобдорликни тизимли шаклга келтириш хусусида. Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳар йили “Ўзбекистонда таълим ва илм-фаннинг ҳолати тўғрисида”ги миллий маърузани тайёрлаб, уни мустақил экспертлар хулосаси билан бирга очиқ эълон қилиши, маърузада ҳар бир ҳудуд ва ҳар бир таълим босқичи бўйича сифат индекси, PISA, PIRLS ва TIMSS каби халқаро тадқиқотлар натижалари, илмий нашрлар ва патентлар динамикаси акс эттирилиши мақсадга мувофиқдир. Бундай амалиёт Финляндия, Япония ва Жанубий Корея каби мамлакатларда таълим сиёсатини жамият билан доимий мулоқотда ривожлантиришнинг самарали воситаси бўлиб келмоқда. Бизда эса у ота-оналар, ўқитувчилар ва иш берувчиларнинг ислоҳотларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тўртинчи таклиф илм-фан ва олий таълим интеграциясини чуқурлаштиришга дахлдор. Фанлар академияси институтлари ва университетлар ҳамкорлигида қўшма докторантура мактабларини ташкил этиш, илмий грантларни очиқ танлов асосида, халқаро экспертиза иштирокида тақсимлаш, ҳар бир йирик илмий лойиҳа доирасида талабалар ва иқтидорли мактаб ўқувчилари учун тадқиқот амалиётини таркибий қисм сифатида белгилаш мақсадга мувофиқдир. Бу ёндашув илмий салоҳиятнинг ёшаришига, тадқиқот натижалари иқтисодиёт тармоқларига тезкор жорий этилишига ва Президентимиз белгилаб берган “тармоқ — корхона — олий таълим ташкилоти — илмий ташкилот” занжири тўлақонли ишлашига хизмат қилади.
Таълим ва илм-фан вазирлиги ташкил этилиши мустақиллик йилларида босиб ўтилган йўлнинг мантиқий натижаси ва янги Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичига ўтишнинг институционал асоси, давлатимиз раҳбарининг таълимни миллий тараққиётнинг ҳал қилувчи омили сифатида кўрадиган узоқни кўзловчи сиёсатининг ёрқин ифодаси бўлди. Бундан бир асрдан зиёд вақт олдин маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний “Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир”, деб ёзган эди. Бугун бу ҳикмат янги мазмун касб этиб, давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айлангани ҳар бир зиёлини, ҳар бир устоз ва мураббийни қувонтиради. Боғча, мактаб, техникум, олийгоҳ ва илмий муассасаларни ягона мақсад сари бирлаштирган янги тизим Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкамлаб, юртимизда Форобий, Беруний, Ибн Сино ва Улуғбек каби алломалар анъанасини давом эттирадиган янги авлодни вояга етказишга хизмат қилади. Шу маънода, бугун таълим ва илм-фанда бошланган янги давр мамлакатимизнинг эртанги куни учун қўйилган энг ишончли сармоя эканига шубҳа йўқ.
Акром МАЛИК,
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти
катта илмий ходими,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори