Абдусаид Кўчимов 1951 йил 15 май куни Самарқанд вилоятининг Ургут туманида туғилган. У 1972 йил Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини “Ўқитувчи” нашриётида бошлаган ижодкор кейинчалик “Ленин учқуни” газетаси, Шарқ юлдузи журнали, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, шунингдек, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида фаолият юритган. 2017 йилдан буён эса Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори лавозимида ишлаб келмоқда.

Унинг қаламига мансуб “Халқа”, “Қиёфа”, “Менинг юлдузим”, “Умид дарахтлари”, “Баланд тоғлар”, “Чаноқ”, “Икки баҳор” каби кўплаб шеърий ва насрий асарлар китобхонлар меҳрини қозонган.

Абдусаид Кўчимов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” ва “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвонлари, шунингдек, “Меҳнат шуҳрати” ордени ҳамда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

“Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари жамоаси устоз журналист ва адибни қутлуғ ёши билан самимий муборакбод этиб, унга узоқ умр, мустаҳкам саломатлик, оилавий бахт-саодат ва янги ижодий ютуқлар тилади.