Фармонга кўра, 2027/2028 ўқув йилидан бакалавриат таълим йўналишлари бўйича тиббиёт таълими соҳасига ажратилган давлат буюртмаси параметрлари таълим йўналишлари кесимида Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Вазирлик) томонидан тасдиқланади. Бунда:
Аҳоли саломатлигини таҳлил қилиш илмий-тадқиқот маркази тиббиёт ва фармацевтика кадрларига бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжни ўрганиш бўйича асосий ишчи орган ҳисобланади;
қабул кўрсаткичлари тиббиёт ва фармацевтика кадрларига бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёждан келиб чиқиб, ҳудудлар эҳтиёжи, тиббиёт ташкилотларининг эҳтиёжи ҳамда тегишли мутахассисликлар бўйича кадрлар етишмовчилигини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилади.
2027/2028 ўқув йилидан тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрловчи олий таълим ташкилотларида:
даволаш иши бакалавриат таълим йўналиши негизида “5+1” шаклидаги (битирувчи курс талабалари бир йил тўлиқ амалиёт ўташи шаклида) 6 йиллик умумий тиббиёт бакалавриат таълим йўналиши жорий этилади;
амалда даволаш иши бакалавриат таълим йўналишининг тегишли босқичларида таҳсил олаётган талабаларнинг ўқув жараёнлари янги мослаштирилган ўқув режа ва дастурлар асосида ташкил этилади;
умумий тиббиёт бакалавриат таълим йўналиши битирувчилари умумий амалиёт шифокори квалификациясига эга бўлади ва улар белгиланган тартибда оилавий шифокор лавозимида фаолият юритиши мумкин бўлади;
тиббиёт соҳасининг барча бакалавриат таълим йўналишларида битирувчи курс талабалари учун тўлиқ ўқув йили давомида амалиёт ўташ тизими жорий этилади;
стоматология йўналишида талабаларнинг амалий машғулотларини ташкил этиш мақсадида тиббиёт олий таълим муассасаларига стоматология поликлиникалари бириктириб берилади.