Ижтимоий тармоқларда «Мен тирик инсонман, лекин туғруқхона мени ўлган деб қайд этган» сарлавҳали хабар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишлари олиб борилди.
Аниқланишича, Булунғур туманида яшовчи, 2001 йилда туғилган М.М. 2022 йил 18 август куни оғир ҳолатда, бачадондан қон кетиши шикояти билан Булунғур тумани соғлиқни сақлаш бўлимига қарашли туғруқ бўлимига мурожаат қилган.
Шошилинч тиббий текширувлар натижасида ҳомиланинг она қорнида нобуд бўлгани аниқланган. Беморга зарур тиббий ёрдам кўрсатилиб, нобуд бўлган ҳомила туғдириб олинган ва антенатал ўлим ҳолати белгиланган тартибда қайд этилган.
Маълумотларни электрон базага киритиш жараёнида даволовчи шифокор Раъно Ғофурова томонидан йўл қўйилган техник хато оқибатида фуқаронинг паспортидаги ЖШШИР рақами нобуд бўлган фарзандининг маълумотларига бириктириб қўйилган.
2023 йилда М.М. иккинчи фарзанди учун туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш жараёнида электрон маълумотлар базасидаги ушбу хатолик сабабли муаммога дуч келган.
Шундан сўнг туман тиббиёт масъуллари ҳамда ФҲДЁ органлари ходимлари томонидан маълумотлар базасидаги хатолик бартараф этилган. Камчиликлар тузатилгач, 2023 йил охирида М.М.га шахсини тасдиқловчи янги ҳужжат — ID-карта расмийлаштириш жараёнида ҳеч қандай муаммо ёки тўсиқ юзага келмаган.
Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, ҳолат атрофлича ўрганилиб, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда электрон маълумотлар базасида Face ID тизими билан боғлиқ камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилган.